Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиевга матбуот керакмасми?

478

Байрам совғаси: 60 йиллик таҳририятнинг вакиллари кўчада қолмоқда

Матбуотга беписандлик, газетачиликка кўз  қирида қараш, айнан газета журналистини оёқ ости қилиш — бу бугунги ўзбек мансабдорига хос «фазилат».  Бир вақтлар қалам аҳлини кўкка кўтариш орқали замонавий ўзбек дунёқаришни яратган амал эгаларини ҳозир кундузи чироқ ёқиб топиш мушкул.

Журналистларга, матбуотга эътибор қаҳат бўлган даврларга ҳам етиб келганимиз билан ҳаммани «табриклайман»!

Хуллас, вилоят ҳокимлиги муассислигидаги 60 йиллик газета Сирдарё вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев кўз ўнгида ўлмоқда.

«Янги Сирдарё» газетаси мухбири Муҳаммадали Аҳмаднинг ёзишича,
15-июндан “Янги Сирдарё” — “Новая Сырдарья” газеталари ижодий ходимлари тўлиқ меҳнат таътилига чиқарилган. Газетанинг эндиги фаолияти шубҳа остида. Юқорида эса бежиз вилоят ҳокими номини тилга олмадик. Таълим тизими ҳаминқадар бўлган, қолаверса,
27 йил давомида матбуотдан бездирилган ўзбек жамиятига бугун газета ўқитиш, уларнинг онгини уйғотиш осон эмас. Бугунги матбуотнинг ёнида ана шундай улкан, залворли вазифа турибди. Шундай   пайтда ўзбек чиновниклари босма матбуотни қўллаш, уни замонвий босқичга олиб чиқишдан кўра, ҳар тарафдан газеталарни чўқишга, уларни тезроқ тугатишга тушиб кетди.
Сирдарёлик мутасаддилар ҳам шу йўлни танлаган кўринади.

Энди эса уста кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар дегандай, газетадан, умуман босма нашрдан юз ўгираётган минг-минглаб онглар шохлаб, ҳар ёққа тарвақайлаб ётибди. Йўқса, ўзини сувга, ўтга отаётган ва боласини пичоқлаётганлар қаердан пайдо бўляпти?
Газетдан, илмдан юз ўгирган миллатнинг эртасидан яна нима кутиш мумкин?  Шуни ҳам таъкидлаш керакки, «Янги Сирдарё» газетаси ўз ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам Сирдарёнинг имиджини яратаётган ОАВ ҳисобланади.
Қуйида газета мухбирининг куйинишларини тўлиқ келтирамиз:

«Куни кеча бош муҳарриримиз Муҳаммад Исмоилов йиғилиш чақириб, “Янги Сирдарё” – “Новая Сырдарья” газеталарининг барча ижодий ходимларига 15 июндан ялпи меҳнат таътилига чиқишимизни эълон қилдилар. Газеталарнинг 60 йиллик тарихида бундай фавқулодда ҳодиса биринчи марта кузатилишидир. Бунинг сабаби газеталарнинг молиявий аҳволи ночорлиги, иккинчи ярим йилликда тиражининг камайиб кетишига бориб тақалади. Чунки йил бошида эълон қилинган обуна мавсумида аксари ташкилот ва корхоналар ҳар икки газетага асосан уч ой ва ярим йилга ёзилганлар.

6 ой мобайнида “Новая Сырдарья” газетасининг бирорта сони чиқмади. Ушбу газетага обуна бўлган истеъмолчилар вилоят нашрини мутолаа қилиш завқидан бирор марта баҳраманд бўлишмади. Газета ёпилиб қолмаслиги учун — амалдаги қонунларимизда вақтли нашрлар 6 ой чиқмаса, ўз-ўзидан тугатилган ҳисобланади — мажбурий тарзда битта сони 9 июнь куни pdf кўринишида, яъни электрон вариантда газетхонларга тақдим этилди. Ваҳоланки, обуначилар қўлига газетанинг қоғоз кўринишдаги нусхалари етиб боришини таъминлашимиз керак эди.

Яқинда газеталаримизнинг 60 йиллик юбилейи муносабати билан вилоятимиз ҳокими Акмалжон Азимжонович Маҳмудалиев таҳририятимизга ташриф буюриб, ижодий жамоани табрикладилар, вилоят газеталарининг ривожланишига ёрдам қўлини чўзажакларини маълум қилдилар. Бу ташриф жамоада нашрларнинг келажагига умид уйғотди. Агар иккинчи ярим йиллик учун обуна мавсуми рисоладагидек ташкил этилса, “Янги Сирдарё” — “Новая Сырдарья” газеталари ўз муштарийлари билан мулоқот қилишни давом эттиради».