Тошкент шаҳрида аср билан юзлашган, турли услубда қурилган кўп қаватли талай тураржой бинолари бор. Уларнинг аксарияти ҳозирга қадар қайта-қайта таъмирланган. Баъзиларининг лифтлари ҳам бот-бот созланавериб, шалоғи чиқиб кетган. Шунданми, улардан фойдаланадиган кишиларнинг юраги безиллайди, хаёлини «Ишқилиб, бузилиб қолмасмикан? Ичида қолиб кетмасмиканмиз?» деган хавотир эгаллайди.
Шайхонтоҳур туманининг Хадра маҳалласидаги баланд-баланд биноларнинг кўпчилигида ҳам шунақа эски лифтлар зўр-базўр ишлаб турибди.
– Бу ерга 1977 йили кўчиб келганмиз, – дейди 7-уйда яшовчи Оксана Ястерева. – Орадан 46 йил ўтган бўлса-да, лифтлар ўша-ўша. Улар неча бор бузилиб, неча бор тузатилмади, дейсиз…
Эски лифтлар ҳозир ҳам ҳар йили 5-6 марталаб ишдан чиқади. Уларни таъмирлашга каттагина маблағ ва кўп вақт сарфланади. Лифтлар ишламаган дамларда эса кўпчилик қийналади. Айниқса, ёғин-сочинли куз-қиш фаслларида ва жазирама кунларида бу росмана азобга айланади. Жумладан, Тошкент шаҳрида аср билан юзлашган, турли услубда қурилган кўп қаватли талай тураржой бинолари бор. Уларнинг аксарияти ҳозирга қадар қайта-қайта таъмирланган. Баъзиларининг лифтлари ҳам бот-бот созланавериб, шалоғи чиқиб кетган. Шунданми, улардан фойдаланадиган кишиларнинг юраги безиллайди, хаёлини «Ишқилиб, бузилиб қолмасмикан? Ичида қолиб кетмасмиканмиз?» деган хавотир эгаллайди.
Еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи қаватларга чиқишда қариялар, ногиронлар, қўлида юки борлар, ёш болали аёллар ва кичкинтойлар жуда қийналишади.
Бузилган лифтда соатлаб қолиб кетганлар билан суҳбатлашсангиз, улар бу қўрқинчли воқеадан сўнг лифт хизматидан умуман фойдаланишмаётганини айтишади. Шунингдек, бундай нохушликлар болалар руҳиятига жуда катта салбий таъсир кўрсатишини эслатишади.
– Лифт олти ойгача ишламаган пайтлар ҳам бўлган, – дея эслайди юқори қаватдаги хонадон соҳибаси Умида Ҳамидова. – Бу ҳолат эски мотор куйиб қолиб, янгисини олишга маблағ йўқлиги туфайли рўй берган. Ўша кезлар мен ҳомиладор эдим. Туғуруқхонага йўл олаётганимда зинапоялар орқали еттинчи қаватдан пастга минг бир азоб билан тушганман.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 июндаги «2021-2027 йилларда республикадаги кўп квартирали уйларнинг лифт ускуналарини таъмирлаш ва янгилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 376-сонли қарори қабул қилинган. Унга мувофиқ, 6 йил ичида мамлакатда мавжуд лифтлардан 3562 таси алмаштирилиши, 84 таси қайта таъмирланиши керак. Пойтахтда эса шу муддатда 3162 та лифт янгиланиши, хусусан, жорий йилда 452 та янги лифт ўрнатилиши режалаштирилган. Амалда-чи?..
7-уйнинг собиқ хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Лилия Елезарованинг гапига қараганда, бу йил нафақат улар яшаётган бинонинг, балки Хадра мавзесидаги бошқа бирорта ҳам уйнинг лифти алмаштирилмаган. Биз бунинг сабаблари билан қизиқдик. Маълум бўлишича, узоқ йиллар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбарлари банкдан олинган кредитларни ёпиш билан банд бўлган. Ертўла йиғилиб қолган сувлардан тозалангани ва у ердаги қувурлар алмаштирилгани ҳам шу каби хайрли ишлардан саналади.
Яқинда Хадра маҳалласидаги хонадонлар кўпқаватли тураржойларга хизмат кўрсатувчи янги бошқарув ташкилотига бириктирилди. Айни дамларда ушбу компаниянинг 7-уйда бажарадиган ишлари ҳам талайгина. Жумладан, ички эски қувурларни алмаштириш, лифтларни янгилаш, томларни ёпиш ва ҳоказолар.
Компания раиси Маҳмуд Рўзметовнинг айтишича, лифт хусусида ҳокимиятга ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига таклифлар киритилган, шунга биноан, вақти-соати етганда янги лифтлар босқичма-босқич ўрнатилар экан.
Демак, аҳвол ўз-ўзидан тушунарли: Хадра маҳалласи аҳолиси янги лифтларга эга бўлгунча орадан яна бир неча ўн йиллар ўтиши ҳеч гап эмас. Пойтахтнинг қоқ марказида – «Tashkent Сity»нинг осмонўпар бинолари кўриниб турадиган маҳаллада алмисоқдан қолган лифтларнинг тарақа-туруқ овоз чиқариб ва юракларга ваҳима солиб ишлашини ҳеч бир важ-карсон билан оқлаб бўлмайди.
Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА
«Ishonch»



