36 миллионлик халқ учун 331 та сузиш ҳавзаси: масъулларни қизиқтирмаётган ишга болалар фалокати билан товон тўлаяпмизми?

74

Юртимизда ёз ҳукмронлик қилмоқда. Халқона тилда айтганда, жазирама чилла. Шундай кунларда катталарку иш билан андармон бўлади, ёши улуғларимиз эса соя-салқин жойда дам олишга ҳаракат қилади. Аммо 9 ой давомида таълим олиб, ёзги таътилда мазза қилиб дам олишни мўлжаллаган, дўсту ўртоқлари билан мириқиб ўйнашни – яйрашни кутган болажонлар-чи? Улар бу иссиқда қаерга бориши мумкин?

Дам олиш масканлари сони бундан йигирма йил олдингига нисбатан икки баробарга камайиб кетганини ҳисобга олсак, болажонларимизнинг катта қисми дам олиш оромгоҳларига бора олмайди. Бунга имконият йўқ. Шундай пайтда болалар ҳеч бўлмаса, чўмилиш ҳавзаларига бориши керак-да…

Бугун статистика агентлиги худди шу мавзуга доир маълумотни эълон қилди. Унда келтирилишича, 36 миллион аҳолига эга ва уларнинг 6 миллиондан ортиғини мактаб ўқувчилари, ўқувчилар сони билан биргаликда эса 18 миллиондан ошиғини ёшлар ташкил этаётган республикамизда 2023 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 331 та сузиш ҳавзаси мавжуд экан.

Ана шу сузиш ҳавзаларининг 299 таси шаҳар жойларда, атиги 32 сигина қишлоқ жойларда экан. Тўғриси, бу мавзуга анчадан бери эътибор қаратиб келаётгандиму, аммо рақамларнинг бунчалик паст эканини кутмагандим. Қишлоқда ўсаётган ука-сингилларимга ачиндим. Минглаб меҳмон чақириб тўй қиладиган, «Ипподром», «Ўрикзор» бозоридан жой сотиб олиш учун борини тикишга тайёр, бизнеси учун бир куннинг ўзида дунёнинг нариги чеккасига ҳам бориб келишга шай юртдошларимиз оз эмас. Аммо улар орасида миллат болаларини ўйлайдиганлар, улар учун шароат яратишга ғамхўрлик қиладиганлар, масъуллар, раҳбарлар қанча экан? Сузиш ҳавзаларини ташкил этиш, юритиш катта даромад келтирмаса керак. Бўлмаса, бу борадаги аҳволимиз бунчалик ачинарли бўлмас эди.

Қишлоқ жойлардаги ҳавзалар сони битта туманга биттадан ҳам тўғри келмайди. Маълумотларга кўра, республикамизда тахминан 10865 та қишлоқ, 170 та туман бор. Шаҳардаги аксарият сузиш ҳавзаларида болалар ва катталар аралаш чўмилишаётганини кўрганман. Азбаройи чўмилиш ҳавзалари камлиги, талаб юқорилигидан баъзида жойлардаги «бассейн»ларнинг эгалари катталарга ҳам болалар билан биргаликда чўмилишга рухсат беришади. Аслида, бу нотўғри.

2023 йилнинг биринчи беш ойида, ҳали чўмилиш мавсуми бошланмасиданоқ 57 нафар одам сувда чўкиб вафот этган ва уларнинг 26 нафари болалар. Тўғри, бу рақамлар ортидаги фалокатларда катталар ва болаларнинг барчаси ҳам чўмилиш пайтида ҳалок бўлмаган, кимдир эҳтиётсизликдан сувга йиқилиб тушган, кимнингдир сув қувуридан ўтаётганида оёғи тойиб кетган. Аммо болаларнинг аксарияти чўмилиш илинжида бориб, сузиш қоидаларидан бехабарлигидан, совуқ сувда ўзини тутишни, қачон, қандай ҳолатда сувга тушиш мумкину, қайси ҳолатда тушиш мумкин эмаслигини билмаганидан ҳалок бўлган. Аммо улар чўмилиш завқ-шавқини ҳис этиш, болаларча яйраш мақсадида, қишлоғи ёки туманида махсус чўмилиш ҳавзалари бўлмаганидан, мумкин бўлмаган ва тақиқланган жойларга бориб бўлса-да, чўмилишган.

Бу орқали тақиқланган жойларга бориб чўмилишни оқламоқчи эмасман. Аммо қачонгача болаларга зарур шароитни яратиш устида бош қотириш ўрнига, уларнинг истакларига қарши чиқаверамиз? Қачон миллатимиз болаларига муносиб, хавфсиз чўмилиш масканлари, бассейнлар қуришни ўйлаймиз? Хорижда бола туғилганиданоқ сувда чўмилишга ўргатилар экан. Мақсад – ҳаётдаги турли хил кўнгилсизликларга болаларни ёшликданоқ тайёрлаш, болаларга сувда эркин суза олишни ўргатиш. Бизда катта-катта дарёлар, океанлар йўқ. Аммо бу болаларимиз учун бассейнлар қуриш масаласи охирги ўринда туриши керак дегани эмас-ку?

Ёзда сувдек инсон танасига ёқимли нарсанинг ўзи йўқ. Сув нафақат болаларнинг, балки катталарнинг ҳам асабларини тинчлантиради, руҳий зўриқишларини йўқотади. Суяк ва бўғим касалликларида кони фойда. Аммо бугун республикамизда бор-йўғи 331 та сузиш ҳавзаси мавжудлиги «болажонмиз, бағрикенгмиз» деб кўкрак керган халқимиз, тадбиркорларимиз учун уят эмасми? Шу соҳага масъул бўлган Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигидан ушбу муҳим мавзуга эътибор қаратишларини ва болалар чўмилиш ҳавзаларини кўпайтириш бўйича чоралар кўришларини сўраб қоламиз!

Зебо НАМОЗОВА,
Ishonch.uz