Тавсиянома ўқишга кириш имконини бермайди

383

Маълумки, эҳтиёжманд хотин-қизларга олий таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун тавсиянома берилади. Хўш, бу имтиёз қандай имкониятлар беради?

Xushnudbek.uz блоги саволга жавоб берди.

Жуда кўп хотин-қизлар «тавсиянома олдим, энди аниқ ўқишга кираман» деб ўйлаяпти. Аммо бу хато. Тавсияномадан ташқари улар йуқори балл ҳам тўплаши керак, яъни билим ҳам муҳим.

Тавсиянома берилган хотин-қизларга республика бўйлаб кундузги таълимга давлат гранти асосида жами 2000 та ҚЎШИМЧА квота ажратилган. Сиртқи ва кечки таълимда имтиёз берилмайди.

Кўпчилик тавсиянома олганлар “менга балл қўшиб беради”, деб ўйлайди. Бу ҳам хато. Мазкур тавсиянома ҳеч қанақа балл қўшиб бермайди.

‼️БУ МУҲИМ: 2000 та ўрин учун тавсиянома олган хотин-қизлар учун имтиёзли квота фақат БИРИНЧИ йўналишга ўтади. Шу сабабли биринчи йўналишга кундузги таълимни танлаш керак. Агар биринчи ё‘налишга сиртқи, кечки ёки масофавий танланса, унда имтиёзли квотага даъвогарлик қила олишмайди. Биринчига кундузгини танлаб, 2, 3, 4 ёки 5-йўналишга сиртқи, кечки, масофавийни танлаш мумкин.

Квоталар ҳудудлар кесимида бўлиб чиқилади. 2023-йил 30-июн ҳолатида ҳали имтиёзли квоталар эълон қилинмади, маълум эмас.

Ҳисоблаш тартиби:

Келинг, Самарқанд мисолида кўриб чиқамиз. Вилоят учун ажратиладиган квоталар Самарқандда доимий рўйхатда (прописка) турадиган хотин-қизлар учун мўлжалланган бўлади, Самарқанддаги ОТМларга ҳужжат топширганлар учун эмас.

Самарқандлик тавсиянома олган хотин-қизлар фақат Самарқандга ҳужжат топшириши шарт эмас, улар исталган ҳудудни (масалан, Тошкент) танлаши мумкин.

Хўш, бу нимани англатади? Имтиёз қандай қўлланади?

Мутахассиснинг таъкидлашича, биргина Самарқанд вилоятига 5 та квота берилган деб, тасаввур қилсак, вилоятда жами 40 нафар хотин-қизларга берилган тавсиянома  ҳаммасига ўқишга қабул қилиниш имкони бор, дегани эмас.

Тавсиянома олган 40 нафар хотин-қиз республиканинг исталган ОТМларига ҳужжат топширган.

➖ абитуриентлар турлича балл тўплашди;

➖ Самарқанддан тавсиянома олган барча хотин-қизлар орасида энг юқори балл олган 5 нафар абитуриентлар грант асосида қўшимча квотага қабул қилинади.

➖ қолган хотин-қизлар ўзининг бали билан умумий, эл қатори танловда иштирок этади, яъни имтиёз доирасида ўқишга кира олмаса ҳам умумий тартибда танловда қатнашаверади.

Фақат яна бир жиҳати бор:
дастлабки йилда квоталар ҳудуд кесимида умумий берилар еди. Ўтган йилдан бошлаб 3 та соҳага алоҳида квота ажратилди:

1) аниқ ва табиий фанлар;
2) техника фанлари;
3) тиббиёт фанлари;

Мана шу учта соҳадан ортиб қолган квоталар эса, умумий бошқа барча соҳалар учун ажратилди.

Ҳар бир соҳа учун алоҳида танлов бўлган. Шу сабабли ўтган йили тавсиянома олган хотин-қизлар битта соҳада 140 балл билан ҳам киролмаган, бошқа соҳада 80 балл билан ҳам кирган. Квоталарни соҳаларга бўлиш орқали мана шундай номутаносиблик ва ижтимоий адолатсизлик юзага келганди.

Кўрамиз, бу йил қанақа бўлар екан. Соҳаларга квота бериладими ёки умумий бўладими, ҳозирча номаълум.