Ўзбек жамияти оммавий депрессияни бошдан ўтказяптими?

136

Мутахассис бу борада нима дейди?

Бугун ўзбек жамияти онгига фобия ва хавотир ўрнашиб олгандек.

Одамлар билан суҳбатлашар экансиз,аксарият инсонлар жамиятда  жиноят, суицит ва автоҳалокатлар кўпайиб кетаётгани ҳақида гапиради. Муаммолар  ҳам талайгина. Ахборот асри одамларнинг руҳий-эмоционал ҳолатига салбий таъсир ўтказмай қолмаяпти. Доимий равишда салбий ахборотларни қабул қилиш  инсонлар руҳиятига зарба бермоқда. Мутахассислар бу ҳолатни  “оммавий депрессия”, деб атамоқда.  Оммавий депрессия  ўзи қачон кузатилади? Уни даволаш мумкинми? Шу каби саволлар билан бугун амалий психолог Камола Юлдашева билан сухбатлашдик.

— Аввало, депрессия атамасига изоҳ бериб ўтсангиз…

– Депрессия – тушкун ҳолатда бўлиш, фикрлар  чалкашлиги, қизиқишларнинг йўқолиши, ўзига нисбатан ишончнинг пасайиши  ва  ухлашга бўлган хохишнинг кучайиши билан  кечадиган  руҳий касаллик. Депрессиядаги инсонларни  ҳолсизлик, бош оғриғи, домий чарчоқ, диққатнинг камайиши, хотирадаги муаммолар, фикрлаш жараёнининг секинлашуви, бефарқлик каби ҳолатлар қийнайди.  Қолаверса, йиғлаш,   хафагарчилик, умидсизлик, ўз-ўзига ачиниш ҳисси, иштаҳанинг пасайиши кузатилади.
– Оммавий депрессия ҳақида тез-тез эшитиб қоламиз, турли давлатлар тарихида бу ҳолат қайд этилгани айтилади. Хўш, ушбу депрессия қандай шаклланади?

– Бу бутун дунёда пандемия даврида кузатилди. Инсонларда  “Хавфли, оғир  асоратлар билан ўтар экан”деган фикр онгига  ўрнашиб қолди. Касалликнинг ўзидан кўра, у ҳақидаги миш-мишлар инсонларда кўпроқ ваҳимани уйғотди. Шунинг учун инсонлар салбий ҳис-туйғуларга эътиборни камроқ қаратиб, асосан ижобий фикрларни ўзига сингдириш керак. Ҳар бир нарсанинг ечимни осон топса бўлади, лекин  биз  вазиятни мураккаб тарафидан борамиз. Кўп  ҳолларда бу асабийликни туғдиради. Мисол учун, дўконларда акциялар бошланса, ҳамма бирдан ёпирилиб боради. Борганда натижа у кутганидек бўлмаса асабийлашиш бошланади, бу ўз — ўзидан инсонни кайфиятга таъсир қилади. Аслида “Бу маҳсулот менга керакмиди, бошқа дўконлардан топилмайдими?” –деган саволни  ҳечким ўзига бермайди. Ер қимирлаши, аномал совуқ ёки иссиқ бўлиши ҳам кўп ҳолларда қўрқувни уйғотиб, инсонларни тушкун кайфиятга тушириб  қўяди. Натижада доимий ҳавотир, ёмон воқеаларни кутиб яшаш, айбдорлик ҳисси ёки ўзини ҳадеб айблайвериш, қайсарлик, ўжарлик, ўз билганидан қолмаслик, ўз ҳаётидан қониқмаслик каби ҳолатлар юзага келиши мумкин. Энг қийини бу жараён инсонни руҳан толиқтиради. Ҳаётга бўлган қизиқишини сўндириб боради.

– Давоси борми?

– Ҳар бир инсон индивидуал. Психологлар шунинг учун  мижознинг ҳолатидан келиб чиқиб даволайди. Кучли депрессияни бошидан ўтказаётганлар ҳам  психологга бормайди. Чунки менталитетимизда  андиша кучли. Бундай пайтларда  бемор “Шу аҳволга тушганимнинг сабаби аниқ-ку, психолог нима ҳам қилиб берарди, вақт ўтиб тузаларман”, дея даволанишдан воз кечади. Бу – нотўғри. Албатта, мутахассис кўригига бориш керак. Тўғри, танлов ҳар бир одамнинг ўзида. Психолог қабулидаги дастлабки суҳбатда  муммоларнинг эчими  топилади. Дунёқараш ўзгаради. Энг муҳими салбий ҳислардан қутилади. Ҳаётга, атрофида кечаётган ҳисларга ижобий томонлама фикр билдиради. Албатта, яхши мутахассис психолог билан ишлаш  депрессия ҳолатидан чиқиб кетишига ёрдам беради, инсоннинг ўзида ўзини ўзгартиришага истак кучли бўлса кифоя.

Мадина Пўлат қизи
Ishonch.uz