Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 5-1- боби сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликни белгилашни назарда тутади.
Масалан, кодекснинг 51-2-моддасига асосан сайлов ва референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашганлик учун мансабдор шахслар БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жаримага тортилади.
Шунингдек, сайлов комиссияси қарорларини ижро этмаган, мурожаатини кўриб чиқмаган ёки кўриб чиқиш муддатини узрсиз бузганлар БҲМнинг 7 бараваригача миқдорда жарима билан жазоланади.
Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 146-моддасида сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партиялар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, ташаббускор гуруҳлар ёки сайлов ёхуд референдум комиссиялари аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ёки референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Жумладан, бундай қилмиш БҲМнинг 25 бараваригача жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу кодекснинг 147-моддасига кўра эса фуқароларнинг депутат ёки Президентини сайлаш ёхуд сайланиш, сайловолди тарғиботи олиб бориш ҳуқуқларини бузганлик, депутатликка ёки Президентликка номзод шахснинг ишончли вакиллари ўз ваколатларини эркин амалга оширишларига, шунингдек, фуқароларнинг референдумда эркин иштирок этишларига зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғдириб олиш йўли билан тўсқинлик қилганлик учун тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ё уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.



