Самарқандда участка нозири нега кўзи ожизларни алдади?

82

Ногиронлар нимадан норози?

Сарвиноз Ҳамдамова ва унинг турмуш ўртоғи Нодир Хушимов – 1-гуруҳ ногиронлари. Оилада икки нафар фарзанд бор. Улар кам таъминланган ва ногиронлар учун ажратилган 2 сотихли коттежда яшайди. Ушбу оилага қўшни бўлган Дилноза Ибрагимова ўртадаги деворни уларнинг  розилигисиз бузиб юборган. Бу ҳақда Сарвиноз бир неча бор масъулларга мурожаат қилган.

Афсуски, муаммо шу пайтгача ҳал бўлмаган.

Маҳалла  раиси А.Нодирова ва участка нозири З.Зиёдовга қилинган мурожаатлар ҳам бесамар кетган.

Д.Ибрагимова қасддан ўртадаги деворни баланд қилиб қурдирган. С.Ҳамдамова яна МФЙ раиси  ва участка нозирини чақиртирганда Д.Ибрагимова уни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлайди. Участка нозири “Қўшнисизлар, бир-бирларингизни кечиринглар” деб қўя қолган холос.

Участка нозири Д.Ибрагимовага тилхат ёздириб, бу тилҳатни кўзи ожиз аёлга нотўғри талқин қилиб ўқиб беради.

Нозир тилҳатни “Девор нейтрал қолади ва кладовкага зиён етказилса, зарарни қоплайман” тарзда ўқиб берган.

Аммо тилхат бутунлай бошқача ёзилган. Яъни “…қўшним Ҳамдамова Сарвиноз билан ўртамизда қурилган девор зарарсиз. Ибрагимова кладовкага зиён етказмайман” деб ёзилган. Қўшнисининг имзоси, ёзилган санаси ҳам йўқ. Участка нозири нега ногиронларни ҳимоя қилиш ўрнига, унга тилхатни нотўғри ўқиб берган? Ногиронларнинг устидан кулганими бу?

Бир ойдан буён С. Ҳамдамова фарзандлари хавфсизлигини ўйлаб, Самарқанд вилояти ҳокимлигининг мурожаатларни қабул қилиш бўлими бошлиғига, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот котибига, Самарқанд вилоят ва шаҳар Ички ишлар бўлимларига, Президент порталига, Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилган. Аммо ҳанузгача отангга бор, онангга бор, дея кўзи ожизларни сарсон қилишмоқда.

 Хонбиби ҲИММАТ қизи (Махамова),
журналист