Обид Асомовнинг чиқишлари қайси амалдорга ёқмаганди?

300

Қизиқчилик санъати санъатлар ичида энг мураккаб ва машаққатли соҳа ҳисобланади. Обид Асомов ўзбек қизиқчилик санъатида ўз мактабини ярата олган қизиқчи эди. Ҳамкасбларидан фарқли у ўз услуби билан ёниб кириб келди. Бошиданоқ ҳеч кимга тақлид қилмади. Халқнинг кўнглидан жой олиш бахтига муяссар бўлди. У қизиқчилик санъатига миллат учун оғир бўлган даврда келди. Жамиятнинг ижтимоий ва иқтисодий камчиликларини кулгу йўли билан баралла айта олди ва халқнинг ҳаётига ёруғлик олиб кирди. “Обид А” театр томошалари халқнинг севимли томошаларига айланди. Умрининг охирги йилларида ҳаётининг мазмуни мультфильм яратишга бағишланди.

Инсон азиз, хотира муқаддас. Халқимизнинг истеъдодли қизиқчиси Обид Асомовнинг аёли ва яқин инсонларининг бугунги дил сўзларига қулоқ солдик.

Санъаткор билан ҳам бахтли бўлиш мумкин экан

Дилфуза Асомова, турмуш ўртоғи:

— Бағрикенг, кўнгли каби қўли очиқ инсон билан ҳаёт йўлимни боғлаганимдан мамнунман. Кўпчилик бизни севишиб-синашиб оила қурган деб ўйлайди, аслида эса оила қуришимиз совчилик билан кечган. Раҳматли Обид ака мени илк бор қўшнимизнинг тўйида кўриб ёқтирган экан ва совчи жўнатган.

1987 йил 29 сентябрь куни никоҳ тўйимиз бўлиб ўтган. Яширмайман, тўйдан кейин санъаткорнинг аёли бўлиш осон эмаслигини тушундим. Оилапарвар, болажон инсон бўлишларига қарамасдан касб тақозоси билан уйда кам бўларди. Кетма-кет уч нафар қиз фарзандли бўлдик. Аммо ҳамиша фарзандимиз 4 нафар деймиз, сабаби турмуш ўртоғимнинг иккинчи аёлидан ўғил фарзанди бор. Одилбек опа-сингилларига меҳрибон, қизларим ҳам ҳурмат қилиб яхши кўради. Кўпчилик санъаткор билан бахтли бўлолмайсан, дейишади. Йўқ мумкин экан. Мен Обид акам билан бахтли эдим.

Обид Асомовнинг бир пиёла чойи…

Сахийлик, мардлик умр йўлдошимнинг фазилатларидан эди. Ҳар йили 8 май куни қўшнимиз билан бирга ҳалим пишириб, маҳалладаги муҳтожларга тарқатар, санъаткорларни чақириб маҳаллада катта байрам уюштирарди.

21 август — кенжа қизим Наргизанинг туғилган кунини ҳам Меҳрибонлик ва ногиронлик уйларидаги болажонлар билан биргаликда ўтказиш оиламиз анъанасига айланиб қолган эди. Обид ака шу куни болаларга совға-саломлар билан бирга меҳр ҳам улашарди.

Умр йўлдошим ҳеч қачон бойлик тўплашга қизиқмаган. Тўй хизматидан топган маблағни ўша куниёқ олиб келиб, фарзандларга, невараларга, пулга муҳтож яқинларига тарқатарди.

Раҳматли Собит аканинг учта фарзандини ҳам болаларимиздан кам қилмай вояга етказди. Ҳаммасини уйлантириб, уйли-жойли қилиб, ҳатто бешик тўйларигача ўтказди. Эсимда, бир куни: “Онаси, акамнинг фарзандлари менга омонат. Улар ўқимишли бўлиб, яхши жойларда ишлаб, бахтли яшашса, мен тинчман”, — дегандилар.

Обид аканинг яна қайси фазилатларини айтай? Уйимизга ким келса ҳам бир пиёла чой билан кузатмагунча қўймас, “Бу эшикдан бой ҳам камбағал ҳам келади, кимдир остона хатлаб уйингга кирдими, ҳеч қачон қуруқ қўл билан жўнатма”, — деб қизларига ҳам тинмай тайинлардилар. Шунча йил бирга яшаб бир инсоннинг дилини оғритганини ёки бурнини қонатганини билмайман. Маҳаллада ким тўй бошлаганининг дарагини эшитса, биринчилардан бўлиб, ҳол сўраб кирадиган ҳам Обид ака эди. Бирорта тўй-ҳашам, маърака уларнинг аралашувисиз битмас эди.

Обид акани тўйга чақириш ниятида бўлган, лекин қўли калта инсонлар бўларди. Уйимизга келиб, вазиятни тўғри тушунтирган тўй эгаларига: “Сиз ҳечам хавотир қилмасдан, тўйни бошланг. Мен албатта, тўйингизда сиз билан бирга бўламан”, деб кўнгилларини кўтариб жўнатарди.

Данагидан мағзи ширин…

Вақти-соати етиб, бирин-кетин набирали бўлдик. Шунда Обид акани ўзим учун қайтадан кашф қилдим. Қандай кайфиятда ёки вазиятда бўлмасин, кўчадан киришлари билан невараларини қидириб қоларди. Боғчада бўлса, эринмай ўзлари чиқиб болаларни олиб айлантириб келарди. Уйда эса болалар билан ҳали бассейнда сакраган, ҳали “от” бўлган, ҳали уларнинг инжиқликларини кўтарган бағри кенг инсон эдилар.

Ҳар йили болаларнинг қишки таътилини мўлжаллаб, чет элга олиб кетарди. Вафотларидан олдин 2 январь куни болаларни Анталияга олиб бораман деб ҳаммамизга чипта олиб қўйганди. Аммо… бу насиб қилмаган экан…

Сўзлаётган расмлар

Уларнинг истеъдодли рассом бўлганлигини ҳам эътироф этишим зарур. Обид ака Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтининг рассомчилик факультетини тугатган бўлишига қарамасдан, санъатни танлаган. Чизган суратларини чет эллик ҳамкасблари кўрса, ишонишмасди. Қаерга дам олишга борсак, ўша ернинг манзараларини шунақа ўхшатиб чизар эдики, ҳайратдан лол қолардик. Доим “Рассом гапирмайди, рассомнинг суратлари сўзлайди”, дерди. Расмларига қараб бу ҳақиқат эканлигини англардик.

Санъаткорлардан Мирзабек Холмедов, Тоживой Шукуров, Ғуломжон Ёқубов, Ўткир Муҳаммаджонов, Мат­ёқуб Матчоновлар билан қиёматлик дўст бўлган.

Таъқиқ ва чекловлар

Хабарингиз бор, ўзбек қизиқчиларидан биринчи бўлиб Обид ака чет давлатларда ўз репертуарлари билан концерт бериб келганлар. Ҳар сафар Ўзбекистон байроғини бошқа давлатларда ҳилпираганини кўрса, беҳад севинарди. Обид ака ўз ватанини юракдан севган ижодкор эди. Юрагида қанчалик тоза ният бўлмасин, айрим чиқишлари ўша пайтдаги айрим амалдорларга маъқул келмаган. Обид ака Москвада юрган вақтлари ўша амалдорлардан бири Ўзбекистондаги маданий тадбирга чақиради. Узоқ манзил сабаб хизматга вақтида етиб келолмаган. Обид акани лицензиясини олиб қўйиб, барча телеканаллардаги чиқишларини тақиқлаб қўйишди.

Бу қандай таъсир қилар экан деб қайғурдим, аммо Обид аканинг иродаси мустаҳкам экан. Қолаверса, айб­сиз бўлганлиги учун виждони қийналмади. Бу ҳолат уларни тушкунликка туширмади. Ижод қилишда давом этди. Балки ҳамма дардни ичига ютгандирлар? Бунисини билмадим…

Орада турли совуқ миш-мишлар тарқади. Ҳатто “Ўзбекистонга учиб келганидаёқ аэропортда дўппослашибди” деган гап-сўзлар билан бирга ҳолатга мос расмлар ҳам тарқади. Буларнинг бари ёлғон гаплар эди. Аслида бу суратлар “Ада эмас, дада” фильми съёмка жараёнларидан олинган кадрлар эди. Мана шу гап-сўзлар оғир ботгани рост.

Юртимизда Шавкат Мирзиёев Президент бўлганларидан кейин жуда кўп ёруғ ўзгаришлар бўй кўрсата бошлади. Адолат, ҳақиқат тамо­йили бизнинг оиламизга ҳам кириб келди. Биргина мисолни айтаман, шундан хулоса қилинса, кифоя деб ўйлайман. 2018 йилнинг январь ойи эди. Биз оилавий Малайзияда ҳордиқ чиқараётган эдик. Ўзбекистондан қўнғироқ бўлди. “Суюнчи беринг, Обид ака, сизни “Ўзбекфильм” қошидаги «Мультипликацион фильм­лар студияси»га директор этиб тайинлашмоқчи. Қачон келасиз?” дейишди. Обид ака ҳаяжонланиб, “24 январь куни қайтаман”, деб жавоб қилдилар.

Раҳбар бўлган кунларидан бошлаб чин маънода ўз ижодини унутиб, фақат мультфильмларни ривожлантиришни ўйладилар. Москвадан энг кучли мутахассисларни олиб келиб, ўзбек ёшларига соҳа сирларини ўргатишни йўлга қўйди. Раҳбарликлари остида бир нечта мультфильмлар ишланди, айрим қаҳрамонларга ўзи овоз берди. Хуллас, жон-жаҳди билан соҳага киришиб кетди. Ўзи яратган мультфильмлардан болалар завқ олса, Обид аканинг барча заҳматлари чиқиб кетарди. Қолаверса, болалардан мультфильмлардан қайси кадр ёқ­мади деб сўрашни ҳам унутмасдилар.

Ҳукумат мультфильм санъати учун раҳбар этиб тайинлаганига, бу ишончдан қувониб, соҳани ҳали гуллатаман деган ниятда эди. Шу сабаб соҳа учун дўстлари билан кўплаб сармоя киритаётган эди.

Армонлари…

Турли давлатларнинг ҳужжатли фильмларини кўришни яхши кўрарди. Айниқса, Африкадаги қийналган, очликда қолаётган болалар ҳақидаги фильмларни кўрса йиғидан тўхтолмасди. Вафотларидан олдин ҳам “Кейинги йилда концертлар қўяман, улардан тушган маблағни Африкадаги болаларга ўзим бориб бериб келаман. Қисқа муддатга бўлса-да, болаларни очликдан қут­қарсам бу менга бахт” деган эди.

Жудолик сабаб тўтиқушлар сайрамай қўйди…

Обид ака хаёлида ўлимни эслаганларми, йўқми билмадим-у, аммо бу ҳақда ҳечам гапирмаган. Ҳаётни севиб яшарди. Бўш қолган пайтларини билмайман. Қўлидан китоб тушмасди. Ошхонамиз турли хил адабиётларга эга кутубхонага ўхшарди. Чунки, овқат маҳали ҳам қўлида бир китоб бўларди. Тўйиб ухлаганини эслолмайман. Тонг саҳардан дафтарга саҳнада гапирмоқчи бўлган гапларини ёзарди. Ёзганларини ижро қиларди. Саҳнада қанчалик қувноқ бўлса, ҳаётда шунчалик жиддий эди. Соғлигидан ҳеч қачон шикоят қилмаган. Ҳар сафар Москвага, Германияга борган чоғи шифокорга кўринарди.

2018 йил 10 декабрь куни тўсатдан юрак хуружи билан шифохонага тушганини эшитиб, қўрқиб кетдик. Соппа-соғ ишлаб юрган одамнинг бирдан йиқилиши ёмон таъсир қиларкан. 14 декабрь кунгача аҳволлари бир яхши, бир ёмонга ўзгариб турди. “Соғлигим жойида, тузалдим” деганди… Аммо ўша куни 55 ёшларида бериб қўйдик. Жудолик менга ва фарзандларимга қанчалик оғир бўлгани ўзимизга маълум. Биласизми, ишонсангиз ҳатто Обид ака меҳр бериб парвариш қиладиган тўтиқуш жониворлар икки ой сайрамай қўйди. Буни уйимизга келган инсонлар ҳам тасдиқлаши мумкин. Обид ака парваришлайдиган 8 та балиқ эса ўша куниёқ ўлиб қолди…

Ўйлаб қарасам, умр йўлдошим уйи­миздаги “сув ва ҳаво” бўлган экан. Вафотларидан кейин дунёларга сиғмай кетгандек бўлдим. Рўзғор учун бозор-ўчардан тортиб, коммунал тўловларгача бўлган ҳаракатларни бекам-у кўст бажарган экан. Шунча нарсага қандай улгурар экан деб кўп ўйлайман.

Обид ака, қисқа умр кўрган бўлса ҳам орқаларидан кўп яхшилик қолди. Кўп етимларнинг бошини силади. Опамнинг қизини боқиб олгандик. Жиянимни ҳам ўз қизидан кам яхши кўрмади. Ўз ўрнида жияним ҳам “дада” деб чақирарди. Ҳақиқий ота каби турмушга узатди. Мана шундай ажойиб инсон билан бахтли яшадим, яйраб яшадим…

Турмуш ўртоғимни улуғ инсон дегим келади

Уй бекасиман, аммо шундай бўлса-да фарзандларим илм олиши учун дадаси билан тенг ҳаракат қилдим. Катта қизим Шарқшунослик институтининг араб тили мутахассислиги бўйича таҳсил олган. Ўртанчаси фармацевтика соҳасида фаолият юритса, кичиги дадасининг соҳаси бўлган рассомчиликни эгаллади.

Обид ака меҳрибон ота бўлиш билан бирга, талабчан ҳам эди. Бир марта хизматга кийиб келган ки­йимни қайтиб киймасди. Тозаликни севарди. Уй-жойга ҳам шунақа эътиборли эди. Қизларимизга доим “Кия­диган кийиминг, тутадиган уйинг, пиширадиган овқатинг доим тоза бўлсин” деб тайинларди. Талаби “Қозонда доим иссиқ, тансиқ овқатинг бўлсин, ошна-оғайниларим билан келиб қолсам овқатни кутиб қолмасин” дердилар. Тўй хизмати учун хабарга келган инсонларни ҳам уйга олиб кириб, қорнини тўйғазиб жўнатарди. Фар­занд­ларига энг кўп гапирадиган гапи: “Бойга ҳам, гадога ҳам бир хил муомалада бўлинглар” — эди. Мана шу фазилатлари билан фарзандларимга ўрнак бўла олди. Чиройли тарбия берди.

Уйимизда 20 га яқин тўтиқушларнинг тури бор. Сафарга борганда тўтиқушларнинг ўзига бир чемодан дори ва витаминлар билан қайтардилар. Неваралари билан қушларни парвариш қилиш, ўз тилимизда гапиртириш энг яхши кўрган машғулоти эди.

Обид акадек ота-онага ҳурмат-эҳтиром кўрсатадиган фарзандлар илоҳим кўпайсин. Оилада икки ўғил икки қиз фарзанд бўлишган. Обид ака опа-сингилларига ҳам жон-жигаржон эдилар. Оналарини умра зиё­ратига олиб борди. Оналарини ёш боладек парвариш қилиб, дуоларини олди. Фарзандларимизга ҳам доим ота-онам берган тарбиядан келиб чиқиб, таълим беряпман. Сизлар ҳам ҳеч қачон юзимни ерга қаратманглар дердилар.

Турмуш ўртоғимни улуғ инсон дегим келади.

Наргиза АСОМОВА, қизи:

— Дадам бизга ҳам жуда кўп гўзал асарлардан парчалар ўқиб берарди. Дам олгани борсак, табиат қўйнида яйраётганимиздан қувониб, дарҳол расм чизишга тушиб кетарди. Агар дадам қизиқчи бўлмаганларида буюк рассом бўларди. Бунга мен ишонаман.

Муҳаббат ҲАМРОЕВА,журналист:

— Обид Асомов бир қараганда қизиқчилардан бири сифатида кўриниши мумкин, аммо бу инсоннинг ички дунёси, билими, фалсафаси жуда кучли эди. Тарих ҳамда астрономия бўйича юксак билимга эга шахс сифатида билганман. Кўрсатув съёмкаларида ёки тўй-ҳашамларда кўришиб қолсак, мен билан адабиёт ҳақида суҳбатлашишни ёқтирардилар.

“Муҳаббат, фалон китобни ўқидингми? Мана бунақа жойида бунақа деган-да” деб, китобнинг ичига кириб кетарди. Китобни шунчалик синчковлик билан ўқишларига қойил қолганман. “Анна Каренина балга қанақа кўйлакда кириб келган?” деб сўраганларида гарчи бу асарни ўқиган бўлсам ҳам жавоб тополмаганман. Ҳа, Лев Толстой асарларини севарди.

Обид ака билан илк бор “Эрта сўнган юлдузлар” кўрсатувининг янги сонини тайёрлаётганда гаплашганман. Қўнғироқ қилиб, “Эртага Собит Асомов ҳақида кўрсатув тайёрлаяпман. Интервью беришингиз керак” деганимда “Ие, Муҳаббатхон, бир кун олдин айтишингиз нимаси? Эртанги ҳамма режаларимдан мосуво қилмоқчимисиз?” деганди. Ўша пайтда Обид ака вилоятда хизмат сафарида бўлган экан. Аммо кўрсатувга қатнашиш учун ҳамма ишларини ташлаб, Тошкентга етиб келган. Қалам аҳлини жуда ҳурмат қиларди. Исталган шоир ёки журналист “Обид ака, тўйим бўлаяпти” деб қўлига таклифнома берса, албатта тўйига бориб хизмат қиларди.

Ҳа, ҳаммамиз билган юртимизнинг ўша кичик бўйли севимли қизиқчиси, киноактёри бўлган катта санъаткори Обид Асомов бугун ҳаётда йўқ. Аммо ўзидан ёруғ ва ўчмас ном қолдириб кетди. Ижод, санъат йўлида ўчмас ном қолдириш эса, ҳамма ижодкорларга ҳам насиб этавермайди.

Феруза РАҲИМОВА,

ishonch.uz