Бош прокуратура “Муштум” журнали телеграм саҳифасида эълон қилинган 2 та материал ва таҳририят мурожаатидан сўнг ҳақоратли суҳбатлар аудиоси Сурхондарё вилояти Бандихон тумани прокурори Соатмурод Маҳмановга доир расмий муносабатини эълон қилди.
Унга кўра, аудиоёзувларнинг ҳақиқатда Бандихон тумани прокурорига тегишли экани тасдиқланган ва унга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланган.
“Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан Бандихон туман прокурори С. Махмановнинг ҳатти-ҳаракатлари юзасидан текшириш ўтказилди. Текшириш натижасига кўра, Бандихон тумани прокурорига нисбатан интизомий жазо қўлланилди”, – дейилади Бош прокуратура Матбуот хизмати хабарида.
“Муштум” журнали аввалги материалларида прокурор Соатмурод Махмановнинг маҳалла раисларига қўпол ва ҳақорат билан муомалада бўлгани, камситгани ва фаолиятларига тааллуқли бўлмаган ишга – аҳолидан солиқ тўловларини ундириш вазифасини бажаришга мажбурлагани ҳақида ҳикоя қилган.
Шунингдек, журнал 12 июл куни бандихонлик фермернинг жорий йил 7 июл куни бўлиб ўтган йиғилишда 50-60 киши кўз ўнгида аввал ҳақоратланиб, сўнгра калтаклангани иддао қилинган видеони ҳам тарқатган эди.
