Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 26 июндаги 263-сонли “Педагог ходимлар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили давомийлиги меъёрларини белгилаш чора-тадбирларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида педагог ходимларга таътил бериш масаласи кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳужжатга асосан 48 иш кунидан иборат меҳнат таътили 56 календарь кунига узайтирилди. Хўш, бу билан нималар ўзгарди? 56 календарь ёки 48 иш кунидан иборат меҳнат таътилининг асосий фарқи нимада?
Саволга Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши масъул ходими Лазокатхон Турикова жавоб беради:
– Шу йилнинг 26 июнида Вазирлар Маҳкамасининг «Педагог ходимлар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили давомийлиги меъёрларини белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарордан англашиладики, педагог ходимлар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили давомийлиги меъёрларига кўра, йиллик узайтирилган меҳнат таътили учун ҳақ тўлашда якшанба ва байрам кунлари инобатга олинмайди.
Содда қилиб айтганда, бу – педагогларга 56 календарь кун таътил берилгани билан 48 иш кунига ҳақ тўланади, дегани.
Мантиқий хулоса қиладиган бўлсак, нафақат педагоглар, балки барча тоифаги ходимларга ҳам таътил пули иш кунлари учун тўланади, деган хулосага келиш мумкин. Дейлик, ходим 21 календарь кун таътилга чиқса, 18 иш кунига ҳақ тўланади.
Лекин Меҳнат кодексининг 216-моддаси 1-қисмига кўра, ҳар йилги меҳнат таътили дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ходим ишдан озод этиладиган, ходимга ҳар йили иш йили давомида бериладиган вақт даври ҳисобланади.
Ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун дейилганда, таътилнинг бутун даври (якшанба кунлари ҳам) назарда тутилмоқда. Аммо Вазирлар Маҳкамасининг қарорида педагог ходимларининг меҳнат таътили учун ҳақ тўлашда якшанба ва байрам кунлари ҳисобланмаслиги белгилаб қўйилди.
Натижада, меҳнат таътили учун бериладиган маблағлар ўзгаришсиз қоляпти. Табиийки, бу педагог ходимлар ўртасида тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда.
Ҳужжат тайёрланишида тегишли вазирликка бу борада мурожаат қилинган ва таътилнинг барча кунлари учун ҳақ тўланиши тавсия этилган. Тўғри, янги Меҳнат кодексида 56 календарь кун таътил берилгани билан якшанба учун ҳақ тўлансин, деган маъно келиб чиқмайди. Лекин бу тартиб барча таътил кунлари учун амал қилиниши керак бўлади.
Меҳнат таътили учун тўланадиган ҳақ ўзгаришсиз қолгани билан таътил кунларининг кўпайтирилиши кўплаб ходимлар учун қулайлик туғдирди, дейиш мумкин. Илгари 18 кун дам оладиган ходимлар энди 21 кунлик меҳнат таътили оладиган бўлди.
Тез орада кўплаб тушунмовчиликларга сабаб бўлган камчиликлар бирин-кетин баратараф этилади, илгариги тартибга мувофиқ 41 кун таътил олган педагогларнинг масаласи қайта ҳисоб-китоб қилиб берилади.
Бу борада Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши педагог ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўз зиммасига олган. Масъулларнинг саъй-ҳаракати билан педагогларга кам тўланган «отпуска» пулларини қайта ҳисоблаб, ўртадаги фарқни тўлаб бериш бўйича ҳаракатлар бошланган. Бу борадаги мурожаатлар алоҳида эътиборда бўлиб, уларга ечим топишга ҳаракат қилинмоқда.
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан жадал ишлар олиб борилмоқда. Педагогларга ўртадаги фарқни тўлаб бериш масаласи билан шуғилланиш жараёнида мактаб директорлари томонидан имзоланган буйруқлар таҳлил қилиниб, камчиликларни бартараф этиш бўйича зарурий чоралар кўрилиб, ўқитувчиларнинг ўз вақтида дам олиш ҳуқуқларини таъминлаш, уларга етарли иш ҳақи тўланиши ва таътил кунларини ўз вақтида олишлари борасида мониторинг олиб борилди.
Айни пайтда касаба уюшмалари томонидан педагог ходимлардан ташқари бўлган бошқа ходимлар учун таътил бериш жараёнлари назоратга олинган.
