Мутахассис билан таҳлилий суҳбат:
1-қисм
Халқ таълимида инглиз тилини ўқитишни яхшилаш анча йиллардан бери муҳим йўналиш бўлиб келмоқда. Педагогларга қўшимча устамалар, рағбатлантиришлар белгиланган. Аммо негадир бу эътибор ўқувчиларнинг билимида сезиларли натижа кўрсатмаяпти. Аксарият ўқувчилар ўқишга киришда ас қотадиган турли халқаро сертификатларни репититорга ва ўқув марказларига қатнаб, шундан сўнггина қўлга киритмоқда.
«11 йиллик мактабдаги инглиз тили таълими қаёққа кетмоқда?» деган саволга эса афсуски жавоб йўқ.
Шуларни инобатга олиб, бугунги лойиҳамизда давлат мактабларининг инглиз тилини ўқитиш тажрибаси, юртимизда бу борадаги мавжуд шароитларни таҳлил қилишга жазм қилдик. Суҳбатдошимиз 18 йиллик инглиз тили ўқитувчиси, тажрибали педагог ва пойтахтимиздаги Profi school хусусий мактаби директори Хуршид Тўхтаназаровнинг мулоҳаза ҳамда таклифлари мутахассисларнинг эътиборидан четда қолмайди деган умиддамиз.
– Хуршид ака, бугунги суҳбатимизга хуш келибсиз. Келинг аввало, мулоқотимизни юртимизда инглиз тилини ўрганиш учун шароит ва имконият қандай деган саволга жавоб топишдан бошласак….
– Юртимизда инглиз тилини ўрганиш учун керагидан ортиқ шароит бор. Яъни, биз таълим борасида, айниқса чет тилларини ўқитиш борасида бозор иқтисодиёти шароитидамиз. Талаб ва унга яраша таклиф ҳам мавжуд. Яхши таклиф бор, ёмон таклиф бор. Яхши ўқитувчилар бор, ёмон ўқитувчилар бор. Тил ўргатадиган марказлар, хусусий ва якка тартибда ўргатадиган устозлар бор. Ҳамма ўзига яраша мавқега эга. Кимдир сифатли ўқитаяпти, кимдир сифатсиз. Аммо умуман олганда ўрганиш ва яхши ўрганиш учун шароит жудаям яхши.

Иккинчи жиҳати хорижий тилларни ўрганишга нотўғри ёндошиб, нотўғри ўрганаётганлар бор, малакали устозларга тушиб, тўғри ва жуда яхши ўрганаётганлар кўп. Бундан ташқари, давлат томонидан тил ўрганишга туртки, қизиқиш ва стимул берадиган омиллар бор. Масалан, сиз инглиз тилидан имтиҳон топширомоқчи бўлсангиз ва хорижий тилни яхши билишингиз ҳақидаги халқаро сертификатга эга бўлсангиз имтиҳонда максимал бал берилади. Бунинг ўзи ҳам ёшларнинг, изланиб, ҳаракат қилиб, тилни ўрганишига яхши туртки бермоқда. Натижада ёшлар ҳам ўқишга кираяпти, ҳам тилни чуқур ўрганиб олаяпти. Ёки бўлмасам, магистратура ёки докторантурага кирмоқчи бўлган ёшларга ҳам давлат томонидан шундай имтиёзлар берилаяпти. Педагогларни ҳам айтишимиз мумкин. Улар ҳам тилни билиш даражаси бўйича халқаро сертификатни қўлга киритсалалар маошларига устамалар қўшиб берилмоқда. Буларнинг барчасини умумий қилиб айтадиган бўлсак, тил билиш бўйича энг зўр ҳолатда бўлмаслигимиз мумкин, аммо тил ўрганиш учун жуда яхши шароит яратилган.

– Давлат мактабларида 11 йил давомида хорижий тиллар ўқитилаётганига қарамасдан ўқувчилар чет тилларини яхши ўрганиб чиқолмаяпти. Мутахассис сифатида буни қандай изоҳлайсиз?
– Энг аввало, Ўзбекистонда стандарт сифатида қабул қилинган ўқитиш тизими, дастурлар қандай деган саволга жавоб беришимиз керак. Бу дастурлар ислоҳотга муҳтож. Охирги йилларда секин-секин ислоҳ бўлаяпти. Янги дарсликларни таклиф қилишаяпти ва бу дарсликлар ҳамда фан дастурларига ҳақиқий мутахассислар жалб қилинаётганлиги сезилиб турибди. Олти-етти йил олдинги мактаб дарсликлари билан ҳозиргиларини солиштирсак, ҳозиргилари яхшироқ. Аммо камчиликлар бор. Буни тўғирлаш керак бўлади, яъни кенгроқ қамровли дастурлар бўлиши керак. Бу ерда бажарилиши керак бўлган бир масала бор, тил – фан эмас, тилшунослик – фан. Масалан, инглиз тили филологияси бу фан. Тилнинг ўзи эса – кўникма. Агар биз мактабда биринчи синфдан ўн биринчи синфгача таълим беришда тилга фан деб қарайдиган бўлсак, хато қиламиз. Бунинг учун эга ва кесимни топинг деб, грамматиканинг ўзини, гап тузилишини ўтаверсак, болаларнинг нутқи ривожланмай қолади. Болаларимизнинг сертификати бўлса ҳам гапира олмайди. Нутқ – инсонга хос бир хусусият. Шу боис аввало, тил ва тилшуносликнинг фарқига бориб олишимиз, болаларимизга тилшуносликни ўргатмаслигимиз керак.
– Малака ошириш, ўз устида ишлаш ва педагог….
Кадрлар масаласи ҳам жуда муҳим. Яқинда ишга кириш учун мактабимизга Бухорода инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаган аёл келди. У оддий инглизча саволлларимга тушунмади ва мен у билан инглизча савол-жавоб қилиш бефойда эканини кўриб, ўзбекча гаплашдим. Ўқитувчи турмуш ўртоғининг ишини Тошкентга кўчиргани муносабати билан оиласи билан Тошкентга кўчиб келганини, шу боис мактабимизга ишга кирмоқчилигини айтди. Мен унга йигирма беш йил давлат мактабида инглиз тилидан дарс берган педагогнинг билим даражаси саёзлигини назарда тутиб, нима учун ҳеч бўлмаганда икки йилни ўз устида ишлашга сарфламаганини, қўшимча билим олиш ва малака оширишларга бормаганини сўрадим. У шароитини рўкач қилди. Афсуски, бу унинг ўзининг иши, аммо биз бундай педагогларни ишга олмаймиз. Сиз ҳам фарзандингизни инглиз тилини билмайдиган одамга ўқитишга берасизми, йўқ, албатта. Текинга ҳам, ҳатто сизга пул тўласа ҳам бермайсиз. Чунки болангизниниг вақти бекор ўтади. Давлатимиз эса бундай педагогларга ҳам ҳақ тўлаган. Уларнинг бунга ҳаққи бормиди, менимча йўқ. 25 йил. Бу жуда катта фурсат. Одатда ёш кадрлар университетни битириб келгач, уч, тўрт йилда жуда яхши ўқитувчилик мақоми, тажриба ва методикага эришади. Аммо нега айрим инглиз тили ўқитувчилари бундай мақомга эришмаяпти? Бу ҳам саволингизнинг бир оғриқли жиҳати. Мен аниқ рақамларни айтолмайман. Масалан, бутун республикамизда 10 мингдан ошиқ мактаблар бўлса, бу каби ўқитувчилар жуда кўп деб ўйлайман. Ва бу рақамалар камаймоқда деб ҳам ўйлайман. Чунки юқорида айтганимдек, давлат томонидан керакли стимуллар берилаётгани учун.
Материалнинг видео вариантини юқорида кўришингиз мумкин. Ҳадемай унинг иккинчи қисмини намойиш этамиз. Унда суҳбатдошимиз боланинг ёши ва даражаси тил кўникмаларини ўзлаштиришга таъсир қилиши, натижадорлик йўллари ҳамда якка ҳолда ва гуруҳ тарзида ўрганишнинг ўзига ҳосликларини тушунтириб беради.
Ishonch.uz мухбири
Зебо Намозова суҳбатлашди.
Оператор: Қувончбек Тўраев.