КОРРУПЦИЯНИНГ ҲИДИ КЕЛАЁТГАН СУВ ОМБОРИ ҚУРИЛИШИ Сардоба фожиаси Булунғурда такрорланмайдими?

761

Бундан тўрт йил муқаддам Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги Пахтабоши қишлоғида “Булунғур” сув омбори қурилиши бошланган эди. Қурилишнинг 4 йилдан буён чўзилиб келаётгани алоҳида бир мавзу. Аммо бугун биз ўтган давр ичида қурилишга масъул «Зарафшонмахсуссувқурилиш» МЧЖда тўрт бор раҳбар ўзгаргани ҳақида сўз юритамиз.

2019 йили сув омбори қурилишини бошлаган биринчи раҳбар Сирожиддин Ўринов ҳудудда цемент, арматура каби қурилиш маҳсулотларининг сотилишига йўл қўйгани боис лавозимидан озод этилган эди. Кейинчалик қурилишга Абдували Шарипов, сўнгра Зоҳид Усмонов раҳбарлик қилди. Аммо орадан бироз вақт ўтиб, бу икки раҳбарнинг ишида ҳам камчиликлар аниқланиб, лавозимларидан олинди ва раҳбарликка яна Сирожиддин Ўринов қайтди. Пахтабошиликлар эса бўлаётган бу ишларни ҳайрат ва хавотир билан кузатишга мажбур. Ҳайратнинг боиси шундаки, коррупцион асослар билан ишдан олинган бошлиқ 2023 йилга келиб оқланган ва ўз ишига қайтган. Хавотир сабаби эса аҳоли омбор қурилишининг сифатли кечаётганидан шубҳаланяпти…

– Омбор қурилишида бўлаётган ишларни кўриб-кузатиб келаяпмиз. Аввалига, иш бошланганида, ҳамма нарса сотилди. Кейин раҳбар ўзгарди. Аммо шу билан тинчиб, ҳаммаси изга тушиб кетмади Шу пайтгача деярли ҳар йили раҳбар ўзгарди. Одамларнинг гап-сўзларга қараганда, раҳбарлар ажратилаётган маблағларни «еб қўяётган, ишни яхши ташкиллаштиролмаётган эмиш». Аммо бизни шу йилнинг қишида рўй берган воқеалар кўпроқ ташвишга соляпти. Ёғингарчилик пайтида тўғоннинг бир қисми ювилиб кетган. Ҳолатни видеога олган ҳамқишлоқларимиздан бирининг тасвирлари аҳоли орасида тарқалиб, ваҳима ҳамда хавотир кучайди. Бунинг устига, омборга ёндош каналда тўпланган ёмғир сувлари тўғри бошқарилмаганидан тошиб, аҳоли хонадонларига кириб кетди. Бундай ҳолатлар ҳали омбор битмасдан туриб кузатилаётган экан, эртага нима бўлади? Бир йиллик ёмғирга дош беролмаган тўғон (ҳали тўғон қурилиши ниҳоясига етмаган) келгусидаги ёғингарчиликларга, ичи сувга тўлдирилгандан кейинги ҳолатга қандай дош бераркин? Унда бирор гап бўлса, биз – қишлоқ аҳлининг ҳоли нима кечади?

Иккинчи Сардоба фожиаси бошимизга тушмаслигига ким кафолат беради? – дейди қишлоқ жонкуярларидан бири, нафақадаги педагог Бозорбой Бобомуродов. – Биз-ку, бир кекса фахрийлармиз, аммо фарзандларимиз, набираларимизнинг тақдиридан хавотирдамиз. Масалан, ўғилларимизга уй қуришимиз керак, аммо қурилиш қилишга юрак дов бермайди. Эртамиз, келажагимиздан қўрқамиз.
Аҳоли вакилларининг айтишича, кейинчалик қурилиш масъуллари тўғоннинг ювилиб кетган қисмини таъмирлашган. Қурувчилар тўғонни ямашгану, аммо бунинг ортидан туғилган ташвиш ва хавотирни “ямашнинг” имкони бормикин?

– Омбор қурилишига қишлоқ аҳлининг шу пайтгача деҳқончилик учун фойдаланиб келинган энг унумдор ерлари ажратиб берилди. Майли, ҳукуматимиз лозим топибди, шу ерда сув тўплаб, қўшни туманларга етказишни мўлжаллабди, биз бунга қарши эмасмиз. Омбор сифатли қурилса, бу ишларга ҳеч қандай қаршилигимиз йўқ. Аммо сифатли бўлаётганига ишончимиз комил эмас, – дейди Розия Пирматова.

Энди қишлоқ аҳлини қийнаётган йўл, сув ва электр муаммоларига ҳам тўхталсак. Қишлоққа мухбир келганини эшитган одамлар бир жойга йиғилиб, «Ушбу дардимизни тепадагиларга етказмасангиз, бўлмайди» деб бирин-кетин сўз олишди.

Розия Пирматованинг айтишича, омбор қурилиши бошлангандан бери қишлоққа деҳқончилик учун келадиган оқар сувлар тўхтатилган. Натижада, одамлар ҳовлисидан 50-60 метр ерни кавлаб, сув қудуқлари қазиб, шу орқали тирикчилик қилаётган экан. Қудуқлар эса электр токида ишлайди. Ҳар бир хонадон фақат сув чиқариш учун ишлатилаётган электр энергияси учун ойига ўртача 250-300 минг сўм тўлов қилади. Аммо қишлоқда 1977 йили ўрнатилган трансформатор бу кучланишни кўтара олмай, тез-тез ишдан чиқиб, ортиқча оворагарчиликни келтириб чиқаряпти. Қишлоқ аҳлининг асосий даромади деҳқончиликдан бўлгани боис сувга эҳтиёж катта. Туман электр таъминотига эскирган ва қулаб тушаман деб турган симёғочлару, трансформатор масаласида бир неча бор мурожаат қилинганига қарамай, ҳеч қандай натижа бўлмаган. Қишлоққа кўпроқ юкламани кўтарадиган трансформатор ва янги симёғочлар ўрнатилиши керак.

Аҳолини қийнаётган яна бир муаммо – йўл масаласи. Пахтабошига кириб борувчи қишлоқнинг ички 3 км.лик асосий фойдаланишда бўлган йўли жуда ёмон аҳволда. Айниқса, омбор қурилиши учун катта-катта юк машиналари кириб-чиқаверганидан охирги 3-4 йилда йўлнинг ҳолати янада оғирлашди. Қишда кўча кўлмакларга айланса, ёзда автомашиналар ғилдираги ва пиёдалар изидан чанг кўтарилади. Буни яхши билган таксичилар ушбу йўлдан юрмай қўйган. Оқибатда, Булунғур туман марказига, шу атрофдаги қишлоқлар, мактаб, боғча ва тиббиёт пунктига иш билан чиққан пахтабошиликлар дастлабки 3 км.лик йўлни пиёда босиб ўтишга мажбур. Автомашинаси бор ҳамқишлоқлар ўтиб қолсаку, бир нав. Аммо аксарият ҳолатда – иссиқда ҳам, ёғингарчиликда ҳам бу йўллардан юрган қишлоқ аҳлининг хуноби ошади.

Омбор битгач, йўл асфальт қилиб берилар экан, дейди қишлоқ аҳли. Аммо омбор қачон фойдаланишга топширилишини ҳеч ким билмайди. “Ҳозирча кексалар, болалар ва болали аёлларни ўйлаб, пиёдалар йўлаги қуриб беришса ҳам бўларди. Қиш-кузда лойга ботиб келишяпти ўқувчи болаларимиз, оёқ-кийим чидамаяпти”, дейди одамлар.

Сўзимиз сўнгида Сув хўжалиги вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, «Ўзсувқурилиш» АЖ, Бош прокуратура ва Коррупцияга қарши кураш агентлигидан “Булунғур” сув омбори қурилишини жиддий назоратга олишни сўраймиз. Зеро, 2020 йилги Сардоба воқеалари келтирган зарари ва фалокатли оқибатлари билан бутун халқимизни, жамиятни қалқитганди. Эртага яна шу фожиа булунғурликлар ҳаётида ҳам такрорланмаслиги учун назоратни бугун – қурилиш кетаётган пайтнинг ўзидаёқ кучайтириш керак. Қишлоқдаги сув, электр, йўл ва трансформаторлар масаласини эса биз Булунғур тумани ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги эътиборига ҳавола этамиз. Ажаб эмас, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва туман ҳокими Самандар Астонов Пахтабошига бориб, қишлоқликларнинг дардини эшитса, уларнинг муаммоларига ечим топса. Биз эса Пахтабошига яна борамиз…

Зебо НАМОЗОВА,
Ishonch.uz