2023 йил 8 май куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Оққўрғон тумани суди Тошкент давлат Иқтисодиёт университети талабаси 21 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродовни 10 нафар синфдоши бўлган Telegram мессенжеридаги гуруҳга араб тилидаги тақиқланган нашид – “террористик руҳдаги қўшиқ”ни улашишда айблаб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилган эди.
Суднинг мазкур ҳукмидан сўнг ушбу ҳолат жамоатчилик орасида кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди ва йигитни қўллаб-қувватловчилар томонидан адвокатлар ёлланиб, иш аппеляция тартибида кўриладиган бўлган эди.
Олий суд ахборот хизматига кўра, бугун, 17 июль куни Тошкент вилоят судида мазкур жиноий ишни аппеляция тартибида кўриб чиқиш якунланди.
Қайд этилишича, ушбу жиноий иш Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 17 июлдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз, шикоятлар эса қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
