Ўзбекистонда эса давлат тилини ривожлантириш ҳануз пайсалда
Ўзбекистонда ҳам давлат тилини ривожлантириш ҳамда оммалаштириш борасида қатор ҳаракатлар кўзга ташланган эди. Бироқ, айни пайтда улар деярли самара бермаяпти. Устига устак, ўзбек тилини ҳимоя қилиши лозим бўлган ташкилотнинг ўзи 3 йил ичида “туғилиб, сўнг ўлишга, кейин яна қайта тирилишга” улгурди.
Дунёда 3 мингдан 7 мингтагача тил борлиги айтилади. Худди шунингдек, ЮНЕСКО ҳисоб-китобига кўра, ХХI асрда мавжуд 7 мингга яқин тилнинг ярми “ўлиш” арафасида. Шу боис турли халқ ва элатлар ўз қадриятлари баробарида она тилларини ҳам сақлаб қолиш умидида турли усулларни қўлламоқдалар. Айримлари маданий-маърифий, масалан, таълим орқали она тилларини ривожлантиришни мақсад қилса, айримлари буни қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамлаб қўйган.
Қўшни Қирғизистон ҳукумати ҳам жорий йилнинг 17 июлида бу борада Конституцион қонунни қабул қилди.
Мазкур ҳужжатга кўра, қирғиз тили Қирғизистоннинг давлат тили ҳисобланади ва давлат тилидан фойдаланиш тартиби Конституциявий қонун билан белгиланади.
Ушбу Конституциявий қонун билан қирғиз тили мажбурий қўлланилиши лозим бўлган соҳалар белгилаб берилди. Қонунга кўра, бундан буён давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, мулкчилик шаклидаги барча корхона, муассаса ва ташкилотлар фаолиятида қирғиз тили қўлланилиши керак. Қўшма, хорижий ташкилотларнинг номлари энди давлат тилига транслитерация қилинган ҳолда ёзилади. Географик ва топонимик номларда ҳам белгиланган тил қоидаларига амал қилинади. Телерадиокомпаниялар, шу жумладан, хусусий ташкилотлар ўз кўрсатувларининг камида 60 фоизини давлат тилида кўрсатиши шарт.
Бундан ташқари, айрим соҳа ходимларига қирғиз тилини билиш ҳамда иш фаолияти давомида албатта қирғиз тилидан фойдаланиш шартлиги белгиланди. Бунга барча давлат хизматчилари, шу жумладан депутатлар, миллий банк ходимлари, ҳарбий хизматчилар, судьялар, прокурорлар, адвокатлар, нотариуслар, ўқитувчи ҳамда тиббиёт ходимлари киради.
Ўз навбатида, рус тили ҳам расмий тил сифатида қолдирилган.
Ўзбекистонда ҳам бу борада қатор ҳаракатлар кўзга ташлангани, бироқ бунинг самараси кўзга ташланмаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Мисол учун, 2020 йил 20 октябрдаги Президент фармони билан тасдиқланган “2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси” 1-параграфи 3-қисмида барча давлат ташкилотларида иш юритиш, шунингдек, барча идоралараро ҳужжатлар айланиши давлат тилида бўлишини тўлиқ таъминлаш ва бу жараёнда давлат тилига қатъий амал қилишни назорат қилиш белгилаб қўйилган бўлса, 6-қисмида 2021 йилгача лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси бўйича барча муаммолар ҳал қилиниб, тўлиқ лотин алифбосига ўтиш белгилаб қўйилган. Бироқ ҳозирги кунда идоралараро ёзишмаларда, ҳужжатларда, шунингдек, кўчалардаги реклама баннерларида ҳам ўзбек тилини амалда қўллаш билан боғлиқ кўплаб муаммолар кўзга ташланади.
Давлатнинг ўзбек тилини ҳимоя қилиши лозим бўлган ташкилоти эса 3 йил ичида “туғилиб, сўнг ўлишга, кейин эса яна қайта тирилишга” улгурди.
Дастлаб, 2019 йилнинг октябрида Ҳукумат қошида тузилган Давлат тилини ривожлантириш департаменти 2022 йилнинг май ойидан Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаментига айлантирилган.
Департамент 2022 йилнинг охиридаги “маъмурий ислоҳотлар”дан ҳам бебаҳра қолмади, тугатилди. Жорий йилнинг 24 апрелига келиб эса ўзбек тили ҳимоячиси бўлган мазкур ташкилот яна аввалги номда, “давлат ва жамият ҳаётида давлат тилининг нуфузини ошириш” мақсадида қайта ташкил қилинди.
Айни вақтда давлат тилини ривожлантиришга масъул бўлган идорага Нодир Жонузоқ (Нодиржон Холбўтаев) раҳбарлик қилади.



