Андижон адирларида етилаётган хавф
Баҳорда Андижон туманининг Бўтақора қишлоғи адирликларини қизил гиламдек қоплаган лолақизғалдоқлар наинки вилоят аҳли, балки бошқа ҳудудларда яшовчи юртдошларимизни ҳам ўзига оҳанрабодек тортди.
Икки ҳафта давомида узоқ-яқиндан ўн минглаб одамлар лолақизғалдоқ сайлига келиб, табиат неъматларидан баҳра олишди, суратларга тушиб, ижтимоий тармоқларга жойлашди. Ҳатто Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳам айни манзаралар акс этган расмларни ўзининг фейсбукдаги саҳифаси орқали экотуризм имкониятлари ўлароқ кўз-кўз қилиб, Андижонда лолақизғалдоқ сайли бошланганига урғу берди.
Аммо лолақизғалдоқлари билан машҳур бўлган Бўтақора қишлоғига Азиз Абдуҳакимовнинг ўзи ҳеч қадам ранжида қилганмикан? Бизнингча, вазир сифатида асл вазият билан танишиб, хулоса бериб кетишига катта зарурат бор.
Гап шундаки, вазир виртуал олам орқали мақтанган мусаффо қирлардан икки километр нарида қатор ғишт ишлаб чиқариш объектлари жойлашган. Кейинги ўн икки йилда Бўтақора қишлоғи адирликлари этагида кетма-кет ғишт ишлаб чиқариш заводлари пайдо бўла бошлади. Кўмир билан фаолият юритишга ихтисослашган мазкур объектлар сони бугунга келиб 12 тага етди. Барчаси – маҳаллий тадбиркорларга тегишли.
Бугун нима кўп – янги иморатлар кўп. Қурилиш бозорида ғиштга талаб катта. Шу маънода ҳукуматнинг мазкур турдаги фаолият билан шуғулланаётган корхоналарни қўллаб-қувватлашини тушуниш керак. Бироқ ғишт тайёрлаш корхоналари ўз фаолиятида экологик талабларга нечоғли жавоб бераётганлиги билан боғлиқ жиҳат эътибордан четда қолаётир.
Сўз бораётган Бўтақора адирликлари қучоғидан жой олган корхоналарнинг аксарияти аҳоли яшаш уйларидан 300-500 метр масофада жойлашган. Ҳатто заводларнинг бири 200 га яқин эркаклар, жумладан, қариялар истиқомат қиладиган “Мурувват уйи” ҳовлиси билан қарама-қарши жойлашган. Ана энди гуриллаб ишлаётган завод томондан иссиқ шамол билан қўшилиб эсувчи кўмир исидан нафас олаётган одамларнинг аҳволини кўз олдингизга бир келтириб кўринг.
20 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган қишлоқнинг Бешпаҳлавон, Маориф, Намуна, Деҳқон маҳаллаларида жойлашган кўплаб хонадон эгалари касби-коридан ошиниб, далада шоли, томорқасида эса сара мевалар, хусусан, гилос парвариши билан шуғулланишади. Хусусан, 2000-йилларда ҳам Бўтақорада етиштирилган гилоснинг харидори бисёр, ҳатто тонна-тонна мева хорижга экспорт қилинарди. Айни пайтга келиб, парвариш жараёнида манаман деган агрономларнинг маслаҳат-тавсиялари ҳам кор қилмаяти – гилослардан маза қочди, шакл-шамойили ҳам бурунгидай эмас. Томорқада етиштириладиган помидор хусусида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Билгичлар мева-сабзавот сифати ва ҳосилдорлигига жиддий путур етаётганлигини ғиштхоналарнинг “каромати” билан боғлашмоқда.
Сўз бораётган масала боғдорчилик юмушларигаки, шунчалик таъсир қилаётган экан, маҳаллий аҳолининг саломатлигига ҳам жиддий зиён-заҳмат етказаётган бўлиши мумкинми? Албатта, мумкин. Бироқ заводларнинг саломатликка таъсири юзасидан тўлиқ ўрганишлар ўтказилмаган ёки ўрганилган бўлса-да, жамоатчиликка маълум қилинмаган.
Айни жумлалар билан танишаётган ўқувчи кўнглида ғишт хумдонларида ёқилаётган кўмирнинг бурқсиган тутуни муттасил тарзда теварак-атрофга таралиб турса-да, нега ваколатли идоралар мум тишлаяпти, деган савол туғилиши табиий. Ҳамма гап шунда, яъни экология ва атроф-муҳит муҳофазасига масъул идоранинг “тиш-тирноғи” йўқлигида!
Юқорида корхоналарнинг тадбиркорлик субъекти эканлигини таъкидладик. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини эса давлат идоралари Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсман рухсатисиз текширолмайди. Чунки қонунчилик йўл бермайди. Экология вазирлиги масъули ҳам юқоридаги каби корхоналарда тартиб-тамойилга риоя қилинмаётганлигига сиртдан кўзи тушган тақдирда ҳам дабдурустдан эшик тақиллатиб кира олмайди. Шундай экан, аксарият ишлаб чиқариш объектлари ўз фаолиятида “билган куйини чалишмоқда”.
Экология тизими мутахассисларига кўра, Бўтақорадаги ғишт заводларининг зарарини камайтириш юзасидан иккита ечим бор. Аммо иккаласи ҳам муаммони тугал бартараф этмайди.
Биринчиси, заводларни аҳоли пункти ва йўл ёқасидан ичкарироққа – адирлик орасига кўчириш. Аммо қишлоқ аҳли аччиқ тутундан халос бўлса-да, адирликнинг нариги тарафида шиддат билан қурилаётган ва яқин келажакда шаҳар мақомини олажак Янги Андижон массивига кўчиб келувчилар ҳам ҳадемай юқоридаги муаммога дуч келишлари мумкин.
Иккинчиси эса заводлардаги мавжуд фильтрларнинг замонавийларига алмаштирилиши ва тутун чиқадиган қувурлар қайтадан максимал даражада баланд қурилиши. Аммо бунда ҳам зиён-заҳмати буткул аримайди.
Айни жумлалар муаллифида эса, таъбир жоиз бўлса, жамоатчиликка маъқул келадиган, тажрибадан ўтган таклиф бор. Тўрт йил аввал иш юзасидан Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги саноат ҳудудига борилди. Мазкур ҳудуддаги ғишт ишлаб чиқариш корхонасининг тажрибаси эътиборни тортди. Яъни корхона жойлашган массив теграсида адирлик ҳам, тупроқ қазиб оладиган майдон ҳам йўқ. Тупроқ катта юк машиналарида олисдан келтирилади. Корхонада ғиштга айлантирилиб, харидорларга етказиб берилади. Ғиштнинг сифати бошқаларникидан кам эмас, нархи ҳам адир бағрида қирларни “сўриб” ётган корхоналарники билан бир хил. Шундай экан, зикр этилаётган корхоналарни махсус саноат зоналарига кўчириш масаласини ўйлаб кўриш керакдир балки? Тўғри, бу таклиф тадбиркорларга ёқмаслиги аниқ – бироқ шу йўсинда давом этилса, табиат неъмати ҳисобланмиш адирликлар яқин йилларда тап-тақир текисликка айланмаслигига, иқлимни ўзгартиришга қодир даражага етиб келмаслигига кафолат борми?
Қаламга олинган мавзунинг енгил таҳлилидан хулоса шуки, экология мутасаддиларига масъулият юклаш билан бирга, “қилич-у қалқон” ҳам бериш керак.
Нурилло Нўъмонов,
“Ishonch”



