Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси айни пайтда ҳолатни назоратга олган. Аёл шу тизимдаги бошқа ишга жойлаштирилган, “қариндош-уруғчилик” ҳолати бўйича эса ҳужжатлар расмийлаштириляпти.
Назокат Абдуллаева Ёшлар ишлари агентлигининг Тошкент вилояти бошқармасида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўйича мутахассис вазифасида ишлаб келаётган эди.
Жорий йилнинг март ойида Наврўз байрами муносабати билан берилган беш кунлик таътил давомида виртуал қабулхона орқали келган мурожаатлардан айримларининг муддати ўтиб кетади. Дам олиш кунларидан сўнг дарҳол аризаларни ёпишга киришган Назокатни ходимлар билан ишлаш бўлими бошлиғи чақиртиради.
Бўлим бошлиғи унинг ишда йўл қўйган камчилиги учун раҳбар топшириғи билан бу ташкилотдан бўшатилишини ҳамда Ўрта Чирчиқ туманига ротация қилинишини айтади.
Абдуллаевадан ишдан бўшашни талаб қилаверишгач, ноилож Ўрта Чирчиқ туманига боришга рози бўлиб, вилоят бошқармасидан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзиб беради.
«Айни пайтда менинг икки ёшга тўлмаган фарзандим бор. Унинг устига ҳомиладорман. Ўрта Чирчиқ туманидан ваъда қилинган жой ҳам «бировники» бўлиб чиқди. Бошқармадагилар эса, «бу ишни тезда ҳал қилиб берамиз, ишсиз қолмайсиз» деб ваъда беришди. Лекин мен орада икки ярим ой ишсиз қолиб кетдим. Менга етказилган моддий ва маънавий зарар қопланиши керак. Ўзимнинг аввалги ишимга қайтишим учун адолат қарор топишини истайман», — дейди фуқаро.
Тўғри, Назокат Абдуллаева ишсиз қолмади. Фақат бу масалани Ёшлар ишлари агентлиги эмас, касаба уюшмалари ҳал қилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгаши меҳнат-ҳуқуқ инспекторлари олиб борган ўрганишлар ва кўрган чоралар натижасида у Ёшлар ишлари агентлигининг Нурафшон шаҳар бўлими бош мутахассиси лавозимига ишга қабул қилинди.
Лекин нима учун ҳомиладор аёл ишдан бўшатилди? Бу қайси мезонга тўғри келади? Яна бир ҳақли савол: нима учун у ўз жойига қайтарилмади, бошқа жойга тайинланди?
Суриштирувларга кўра, Назокат Абдуллаева ишдан кетгач, шу куннинг ўзидаёқ ходимлар бўлими бошлиғининг қариндоши унинг ўрнига қабул қилинган. Бу иш ўрнига аввалдан ходим тайёрланганини англатмаяптими бу? Назокат Абдуллаевага етказилган моддий ва маънавий зарарни ким қоплайди?
