Нурафшондаги она ва боланинг сирли ўлими: “СИНГЛИМ СОППА-СОҒ ЭДИ…”

188

Жорий йилнинг 14 июль куни Нурафшон шаҳар Тиббиёт бирлашмаси қошидаги туғруқ мажмуасида юз берган она-боланинг ўлими нафақат уларнинг яқинларини, балки бутун ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини қалқитди, кўзларини ёшлади.

Ҳозирда ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб бориляпти. Аммо афсуски, энди она ва болани ҳаётга қайтаришнинг имкони йўқ…

Маълум бўлишича, шифохонада чақалоғи билан бирга вафот этган 29 ёшли Дилнур Маллабоеванинг бу иккинчи ҳомиласи бўлган. Унинг яна бир нафар қизалоғи бор. Биз марҳуманинг опаси билан телефон орқали боғланиб, ўша куни юз берган ҳолат бўйича суҳбатлашдик.

— Бир кун олдин, яъни 13 июль куни синглим онамнинг уйига меҳмон бўлиб келди, — дейди марҳуманинг опаси Осиёхон Маллабоева. – У соппа-соғ эди. Мендан телефон олиб беришимни сўради. Биргалашиб, дўконга бордик ва мен унга телефон олиб бердим. У жуда ҳурсанд эди. Бирга овқатландик.

Кейин у ердан қайтгач, мен ишимга, бетон заводига кетдим. Кечқурун синглимнинг бироз мазаси бўлмаган. Уйдагилар тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилишган. Лекин синглим “Йўқ, борсам ҳам ўзимиздаги роддомга бораман, картам ўша ерда-ку” деб уларни қайтарибди. Кейин, тонгга яқин яна мазаси бўлмай, иситмаси ҳам кўтарилган. Ўшанда уйдагилар менга қўнғироқ қилишди. Тезда таксида уйга етиб бордим. Кейин ўша таксида биз Нурафшон туғуруқ мажмуасига етиб бордик. Ўшанда тонгги соат 4:26 бўлган эди.

Ишдан чиқиб келганим учун уст-бошим чанг эди. Мажмуадаги Ситора исмли шифокор бизга менсимайроқ қараб, беписанд муомалада бўлди. Улар синглимнинг ҳароратини ўлчашди, 38 даража экан. Кейин, ультратовуш аппаратига туширишди. “Текширув натижалари яхши, бола бош тарафи билан пастга қараб турибди, оз вақт ичида туғади” дейишди. Кейин укол-дориларни ёзиб беришди.

Аммо ўша уколларни олгач, тезда синглимнинг ичи кетиб, қайд қилишни бошлади. Мен “нима укол қилинди ўзи?” десам, “иситмани туширадиган” деб жавоб беришди. Тўғриси, ўша уколдан кейин синглим карахт аҳволга тушди. Бир ҳамшира келиб, “қайд қилди, энди иситмаси ҳам тушади” деди. Ундан кейин эса, қандайдир томчидори улашди. Бироз вақт ўтиб, унинг баданида, бармоқларида кўкаришлар кузатилди. Нафаси сиқа бошлади. Кейин уни реанимация бўлимига олиб чиқиб кетишди. Бироздан сўнг, ҳамма ҳаракатлар зое кетганини, синглим вафот этганини айтишди…

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари расмий телеграм каналларида мазкур ўлим ҳолати бўйича расмий муносабатлар эълон қилинди. Хусусан, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг расмий телеграм каналида мана шундай муносабат акс этди:

“Нурафшон шаҳридаги туғуруқхонада ҳомиладор аёл вафоти юзасидан муносабат
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятидаги туғуруқхонада ҳомиладор аёл чақалоғи билан вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Аниқланишича, 2023 йил 14 июль соат 06:45 да Нурафшон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимига Ўртачирчиқ тумани “Гулобод” МФЙ да яшовчи 1993 йил 28 февралда туғилган фуқаро М.Д. мурожаат қилган.

Бемор муассасага олиб келинганида аҳволи ўта оғир, териси рангпар, совуқ тер босган, артериал қон босими 70/40 мм симоб устунига тенг, тана ҳарорати 39,5 даража, тананинг шиллиқ қаватлари кўкимтир рангда, карахт ва саволларга аниқ жавоб бера олмайдиган ҳолатда бўлган.

Қабул вақтида унга “Ҳомиладорлик-2”, 38 ҳафта туғуруқ, сепсис. I-II даражали септик шок” дастлабки ташхиси қўйилиб, зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган. Шундан сўнг навбатчи бригада акушер-гинекологлари ҳамда анестезиолог-реаниматолог томонидан барча зарур реанимацион муолажалар амалга оширишга киришилган.

Дастлаб икки томонлама периферик вена, кейинчалик марказий вена катетерланиб, марказий веноз босим паст бўлганлиги учун шокка қарши, юрак-қон томир, нафас олиш тизимини қўллаб-қувватловчи тезкор чора-тадбирлар ўтказилган.

Шунингдек, бемор ўпканинг сунъий вентиляциясига ўтказилган. Бироқ марказий вена орқали бажарилган массив инфузион муолажалар ва жадал реанимацион терапияга қарамай, унинг гемодинамикаси тикланмаган.

Оқибатда 2023 йил 14 июль соат 07:30 да беморда клиник ўлим ҳолати қайд этилди. Навбатчи анестезиолог-реаниматолог шифокорлар томонидан юрак-ўпка реанимацияси 40 дақиқа давомида олиб борилди, лекин юрак фаолияти тикланмади. Оқибатда соат 08:10 да беморда биологик ўлим кузатилди”.

— Синглим вафот этгач, онамни чақирдим, — дейди яна марҳуманинг опаси. – Мазаси қочиб, бир аҳволда етиб келган онамга шифокорлардан бири “Ҳозир қизингизнинг қорнини кесиб кўрамиз, боласи тирик бўлса, сизларга олиб берамиз” деганини, ёнидаги ҳамшира эса, “ўлганига бир соат бўлди-ку, боласи ҳам ўлгандир” деб жавоб берганини онам айтиб берди. Ўзи шундоғам фарзанд доғида куйиб турган онага ҳам шундай дейиш мумкинми..?

Ўлим сабабини суриштирсак, шифокорлар синглимнинг қандайдир касали бўлганини айтишяпти. Ахир биринчи фарзандини ўзи муаммоларсиз дунёга келтирган эди. Бу сафар ҳам бола 39 ҳафталик бўлгунича ҳеч нарса безовта қилмаган, у соппа-соғ эди. Қандай қилиб ўз оёғи билан кириб кетган одам ўлиши мумкин?

Энди ҳамма умидимиз суд-экспертизасидан. Жавоби 10-15 кунларда чиқади дейишди бизга. Ўшанда аниқ бўлар, синглимнинг организмига нималар таъсир қилди, нима сабаб бўлди ўлим ҳолатига ва ниҳоят ўлим вақти қачон юз берганига…

Биз вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Нурафшон шаҳар тез тиббий ёрдам бўлими масъуллари билан боғланишга ҳаракат қилдик. Аммо ушбу масъуллардан жўяли жавоб олишнинг иложи бўлмади. Қизиқ, марҳума бирлашмага олиб борилган вақтда соат тонгги 4:26 эканлигини кузатув камераларидан ҳам кўриш мумкин. Шундай бўлса-да, нима учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги билдирган расмий муносабатда 6:45 вақти акс этяпти? Орадаги салкам икки соат вақт давомида у ерда нималар бўлган?

Хуллас, айни пайтда жамоатчилик эътиборида турган бу аянчли ҳолат бўйича ҳозир жавобсиз саволлар кўп. Биз ҳам ҳолат бўйича суриштирув ишлари ўз якунига етишини, адолатли қарор чиқарилишини кутамиз. Унгача кузатамиз ва бу мавзуга яна албатта қайтамиз.

Холида Эгамбердиева

Ishonch.uz мухбири