Атроф шовқин, одам одамни танимайди. Ҳаво ҳарорати 45 даража иссиқ, ҳамма тез-тез юради, ҳойна ҳой соя-салқинга, манзилига етиш ҳаракатида. Қизларнинг юзидаги бўёқлар қуёшга енгилган, болалар чарчаган, бувилар уч қадам юрса тўрт марта тўхтаб сув ичган, мен эса айнан тушда бекатсиз бекатда афтобус кутиб жиғилдоним қайнаб турган бир вақт.
Ерга тухум тушса пишадиган ҳавода ҳайдовчилар жон жаҳди билан одам чақиришга уринади. Уларнинг ҳамманикига ўхшаш, ҳеч ками тугамас рўзғори учун қилаётган ҳаракати, чидами мени янада ҳайратга солади.
Кимнингдир қўлида соябон, кимдир сувдан нажот топган, яна бири бобомникига ўхшаш ҳўл докарўмол билан ҳимояланган. Мен турган жойда қурилиш бўлаётгани учун дарахт йўқ, тангадек соя топиш машаққат.
Бу орада автобус етиб келди. Деразасидан қараааб кетарканман иссиқ ичидаги Тошкент манзараси кўзимга бир ғариб, бир гўзал туйилди. Дарахтларсиз қолаётган йўлакчаларда одамларнинг салқин қидириб хуноб бўлаётгани жаҳлимни чиқарса, болаларнинг бир- бири билан сув сепиб ўйинлар ўйнаётгани, кулгулари жаранги юрагимга хуш ёқарди.

Эъзоза Умурзоқова
Ishonch.uz
Материал PressPhoto.Uz фотоагентлиги
билан ҳамкорликда тайёрланди



