Кетма-кет раҳбар алмашаётган олий таълим ва магистратурадаги беқарорлик  

161

Таълимга таклиф бор

 Магистратурага кириш охирги икки йилда кимлар учундир осон, кимларгадир эса жуда қийин бўлиб қолди. Хорижий тил бўйича тегишли сертификати борлар учун бу ҳақиқий байрам бўлди. Ахир илгарилари мана шундай билими билан ҳам йиқилганлар қанча эди! Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор-да…

Авваллари мутахассислик фанидан имтиҳонлар ўша ОТМнинг ўзида ўтказиларди. Ва у ерда коррупция ёки таниш-билишчилик бўлган-бўлмаганини ким билиб ўтирибди?! Ким биландир «гаплашмасангиз», киришингизга кафолат йўқ эди. Минг билимли бўлсангиз ҳам. Собиқ олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ҳам айтганди: «Магистратура бор бўйи билан коррупция эди, шунинг учун бу тизим [сертификат талаб қилиш – муаллиф] жорий этилди…». У ҳатто келажак олимлари интернетдаги маълумотларни инглиз тилида олишга мажбурлиги, магистратурада хоҳлаган одам ўқийвериши мумкинмаслигини таъкидлаганди 2022 йилги йиғилишда. Бу гапларга қўшилмай илож йўқ.

Энди танганинг иккинчи томоники кўрсак. Ўтган йили ёзда магистратурага квота тўлмагани учун бу йил қишда иккинчи марта қабул бўлди. Унда сертификат бўлса бас, қабилида иш тутилди, яъни В2 даражаси талаб қилинмади. Бу орада олдинги вазир кўтарилиб кетди, вазирлик номи ҳам ўзгарди. Йилда икки марта қабул бўлади-ку деб, қишни мўлжаллаб юрган абитуриентларнинг умидлари эса сўнди гўё. Сабаби, янги вазир Иброҳим Абдураҳмонов бир-икки ой олдин, бу йил қишда қабул бўлмайди, деди.

Ҳозирча магистр бўламан деганлар учун битта умид бор: 2022 йил 15 июндаги Президент қарори («Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида»). Мазкур қарорнинг 1-банди «б» кичик бандида зарур ҳолларда олий таълим ташкилотлари магистратурасига бир ўқув йилида иккинчи марта қабул қилишга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг таклифига асосан Давлат комиссияси томонидан рухсат этилганда йўл қўйилиши келтириб ўтилган. Демак, вазирлик таклиф қилса ва Давлат комиссияси рухсат берса, бас, қишки ёки иккинчи марта қабулга имкон бор. Ҳаммаси вазирликка боғлиқ бўлиб қоляпти. Бахтга қарши, «Ренессанс ТВ»га берган интервьюсида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов: «Бу йил қабул бир марта бўлади», – деди.

Савол туғилади: замон ва технологиялар ривожланаётган, сунъий интеллект деярли ҳамма нарсага ечим топаётган бир пайтда сертификатга қараб қолишимиз қанчалик тўғри?

Ўтган йилги анжуманда спорт, санъат каби йўналишларда таҳсил олувчиларга тил сертификати нимага керак, деганларга собиқ вазир Абдуқодир Тошқулов шундай жавоб берганди: «Агар Равшан Эрматов инглиз тилини мукаммал билмаганида, халқаро тоифадаги рефери бўлолмасди». Бу фикр бир қарашда тўғридек, лекин санъаткор ёки спортчи тил билмаса ҳам, ўз йўналишида диссертация ёқлай олса керак?! Тил керак бўладиган жойларда таржимонлар хизматидан фойдаланиш мумкин, қолверса, “гугл” таржимон бор. Ахир давлат шунча таржимонларни нимага етиштиряпти, уларга ҳам қандайдир иш қолиши керак-ку?!

Модомики, шундай экан, магистратурага қабул бўйича бир таклиф бор: чет тили сертификати борларга имтиёз берилсин, аммо сертификати йўқлар ҳам қолиб кетмасин, танловда иштирок эта олсин (албатта, дипломдаги баллар кетма-кетлиги тартиби сақланган ҳолда). Дейлик, бир йўналиш бўйича 10 нафар абитуриент қабул қилинади. Ҳужжат топширганлар сони эса 20 та. Шулардан 10 тасида сертификат бор, қолганларида йўқ. Табиийки, 10 нафар В2 даражаси борлар киради, қолган 10 таси эса йиқилади. Улар йиқилса ҳам, ҳарҳолда, танловда иштирок этишяпти.

Иккинчи мисол. Қайсидир йўналишга қабул сони 6 та. Ҳужжат топширганлар сони 9 та. Фақат 3 нафар абитуриентда сертификат бор. Шунда қабул мана бундай кўриниш олади: 3 нафар сертификати борлар қолганлардан устунлиги туфайли қабул қилинади. Сертификати йўқ 6 нафар абитуриентдан баллари юқори бўлган 3 таси ўқишга қабул қилинади. Демак, 3 нафар абитуриент тил билгани учун магистратурага муаммосиз киряпти, 3 таси сертификати йўқ бўлса-да, дипломидаги яхши баҳолари туфайли илиниб қоляпти. Ҳам сертификати йўқ, ҳам дипломдаги баҳолари паст бўлганлар эса киролмаяпти. Киролмаганлар айбни ўзидан қидирсин: шу пайтгача на тил ўрганишган, на тайинли баҳо олишган. Фақат бу ерда дипломдаги баҳолар яхши бўлиши учун бакалаврда “ўйин”лар бўлмаса бўлгани.

Хуллас, бу апробациядек гап, синаб кўрмагунча билолмаймиз. Аммо синамай ҳеч нимага эришмагандан кўра, синаб бир нимага эришган афзал.

Мафтуна КАРИМОВА,
Ishonch.uz