Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраевнинг «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Концепциясини амалга ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти эшитилди.
Таъкидланишича, соҳада сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация тадбирларини амалга ошириш, ерларни лазерли текислаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳисобидан жами 3,1 млрд. куб.метр сув тежалган.
Сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш бўйича ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганган ҳолда республикамизда томчилатиб, ёмғирлатиб ва дискрет каби усулларда суғориш, шунингдек, ерларни лазер ускунали ер текислагичлар билан текислаш технологияларини жорий қилиш устувор вазифа сифатида танлаб олинган.
Масалан, 2018 йилгача республика бўйича сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган майдонлар 28 минг гектарни ташкил қилган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 1 миллион гектарга етган.
Жумладан, Концепция доирасида 2022 йилда республика бўйича 398,4 минг гектарда томчилатиб, 31,0 минг гектарда ёмғирлатиб, 16,3 минг гектарда дискрет суғориш технологиялари жорий қилинди ҳамда 451,9 минг гектар майдонлар лазер ускунаси ёрдамида текисланган.
Ирригация ва миллиорация объектларини қуриш ва реконстирукция қилиш бўйича 2021-2022 йилларда 398 та ирригация объекти учун 1 триллион 632 миллиард сўм, 185 та миллиорация объекти учун 657,9 миллиард маблағ ажратилиб, бир қатор лойиҳалар бажарилган.
Миллиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари учун 717,4 миллиард сўмлик ишлар бажарилиб, гидротехника иншооти, дринаж қудуқлари, насос станциялари қурилиб, 648,9 минг гектардан ортиқ майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига эришилди.
Жорий йил 1 июль ҳолатига кўра, ирригация объектлари қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 320 миллирд сўм маблағ ўзлаштирилиб, каналлар, латок тармоқлари, йирик гидротехник иншоотлар ва насос станциялари, қувурлар, суғориш қудуқлари учун сарфлангани қайд этилди.
Муҳокамаларга бой бўлган мажлисда соҳада амалга оширилган ишлар билан бир қаторда ҳал этилиши лозим бўлган айрим камчиликларга ҳам урғу берилди.
Айтилганидек, Концепцияда соҳага давлат-хусусий шериклик механизми ва сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш тамойилларини жорий этиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижросига етарлича эътибор қаратилмаяпти. 2023 йилда мелиорация объектларини таъмирлаш-тиклаш лойиҳалари учун ажратилган 421,6 млрд. сўм маблағдан 62,6 млрд. сўм ёки йиллик лимитнинг бор йўғи 15 фоизи ўзлаштирилган. Бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сув билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаришига сабаб бўлмоқда.
Депутатлар савол-жавоб жараёнида бугунги кунда сув муаммоси энг долзарб масалага айланиб улгургани ва эндиликда сувни анъанавий усулда ишлатолмаслик ва бунга ортиқ йўл қўйиб бўлмасликни таъкидлашди. Аксарият ҳудудларда ер ости ичимлик суви, артизан қудуқлар сатҳлари пастлаши натижасида катта муаммолар келиб чиқаётгани, шундай пайтда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш амалиёти учун ажратилаётган субсидияларнинг бемақсад сарфланиши ва шахсий мақсадларда ишлатиш ҳолатлари учраётгани айтиб ўтилди. Бу каби қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш ва жавобгарликка тортиш масаласида вазирликдан изоҳ сўралди.
Вазир техноглогияларни жорий қилишда баъзи ноинсофлар субсидия маблағларини олиб, бошқа мақсадлар учун йўналтирилаётгани бор гаплиги ва бу билан қаттиқ курашилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш билан боғлиқ ҳаражатлар технологияларни маҳаллийлаштириш ҳисобига арзонлашиши белгилангани аммо кейинги йилларда бу ҳаражатлар ортиб бораётгани ҳақидаги саволга вазир Шавкат Ҳамраев қуйидагича жавоб берди:
«Энг қийини маҳаллий корхонларни кўпайтириш эди. Ҳозир бунга эришганмиз. Маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари 3 тадан 50 тага кўпайгани ғоят қувонарли. Аммо бир нарсани ҳам айтиш керакки, ҳар бир тадбиркорнинг мақсади фойда олиш, кўпроқ даромад кўриш. Улар шунга интилади. Ва бошқа факторлар ҳам борки, баъзи жойларда электр энергия, сув учун ҳаражат қилишмайди, ер-тупроқ шароити ва сув таъминоти ҳам инобатга олинади».
Унинг изоҳидан корхоналар кўпайиши нархнинг пасайишига хизмат қилмаса ҳам рақобат ва сифати ошишига олиб келишини тушуниб қўя қолдик…
Гулрухбегим Одашбоева,
Ishonch.uz
