Халққа «ўрнак» бўлаётган мансабдорлар: данғиллама тўй қилишни Маданият вазиридан ўрганмадикми?

228

«Мактаба йўқ бир тийинни тўйга минг сўмлаб берур,
Чораси мушкул касалга мубталодир бизни халқ».

100 йил аввал Бухоро амири Амир Саид Олимхон дабдабали тўйларни тақиқлашга доир фармон имзолаганди. Ортиқча исрофгарчиликнинг олдини олиш мақсадида жорий қилинган бу ислоҳот бугун учун ҳам бегона эмас. Орадан бир аср ўтса-да, бу ўлканинг, бу халқнинг муаммолари ва таназзули ҳамон ўзгармаган. Дардимиз бугун ҳам тўй ташвиши…

Куни кеча Самарқандда ўтказилган ҳашаматли тўй ҳам ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Маълум бўлишича, туризм марказида бўлиб ўтган тўйда келин-куёв меҳмонлар қаршисига кемада сузиб келган. Саҳна учун энг қиммат декорациялар қилиниб, санъаткорлар хориждан чақиртирилган.

Бу хабарни ўқиб, бир муддат бурун Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг ўғли учун ўтказган дабдабали тўйи ёдимга тушди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода, вазир ўғлининг никоҳи муносабати билан ўтказилган тўйнинг довруғи анча гап-сўзларга сабаб бўлган эди. Озодбек Назарбековга ҳавас қилганлар, шундай тўй ўтказишни ният қилаётганлар талай эди.

Шунингдек, бир неча йил бурун Андижон ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов қизининг туғилган кунини нишонлади ва шу муносабат билан ташкил этилган дабдабали кеча ҳам тармоқларда кенг тарқалганди.
Санъаткорлар бошчилигида ўтган ушбу кеча унча-мунча ҳашаматли тўйдан қолишмаганди.

Савол туғилади: ҳукумат кишиси, президент вакили ва халқнинг маданий онгига ишлов берадиган мансабдорларнинг ўзи дабдабали тўйларнинг тарғиботчисига айланиб қолмадими ўшанда? Мамлакатнинг сиёсий элитар қатлами аввало, иқтисод бобида халққа ўрнак бўлиши керак эмасми?

Бу ҳам тағин 100 йил аввалги ҳолатимизни ёдга солади: камхарж тўй бўйича фармон чиқарган Амир Саид Олимхоннинг ўзи ҳашамат ичида яшагани айтилади. Қани мантиқ?

Чўлпон ёзган мана бу мисралар ҳам афсуски, ҳудди бугун учун ёзилгандай:

«Мактаба йўқ бир тийинни тўйга минг сўмлаб берур, Чораси мушкул касалга мубталодир бизни халқ».

Айни пайтда таълим ва мактабларимиз аҳволи ҳеч кимга сир эмас, қилаётган тўйларимиз эса кишининг ақлини шоширади…

Қолаверса, 2016 йилдан кейин Ўзбекистонда камбағаллик даражасини қисқартириш борасида ислоҳотлар бошланганди. Йиллар мобайнида тилга олинмаган «камбағаллик» сўзи, энди сиёсий минбарларда баралла айтилмоқда. «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» каби йўналишлар бекорга очилмади. Мамлакатда қашшоқлик деган сўз сиёсат даражасида тан олинаётган бир вақтда наҳот юртимиз бойларининг кўнглига ҳашамат сиғса… Атрофда қанча фақир, муҳтожлар бўлганда беҳуда исрофгарчилик иснод эмасми?

Тўй, ҳашамат, ўз пулини сарфлаш ҳар кимнинг шахсий иши-ку, дейишингиз мумкин. Бироқ яқин ўтмишда бор мол-мулкини ватани учун тикиб юборган Саид Носир Миржалилов, Файзулла Хўжа каби бадавлат, кўзи тўқ юрт фарзандлари яшаб ўтгани кишини тағин ўйлантиради.

Очофатлик, кўзи тўймаслик, маънавий қарашларнинг қашшоқлиги – бугунги бойларнинг ишларини кузатиб, афсуски, уларга шундай баҳо беришдан бошқа чора қолмаяпти.

Бу — виждон принципининг мўртлашиб кетаётганидан, тағин қолоқлик исканжасига ботаётганимиздан дарак эмасми?

Мафтуна Каримова,
“Ishonch.uz”