Бухоро жиноятчиликдан, Фарғона эса ишсизликдан холи ҳудудга айланади

93

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча зарур чоралар кўрилмоқда. Айниқса, бу борада “Аёллар дафтари”нинг ўрни бўлакча.

Хусусан, “Аёллар дафтари” доирасида ўтган давр мобайнида бир миллиондан ортиқ хотин-қиз рўйхатга олиниб, шундан 865 минг 413 нафарига, яъни 86,5 фоизига турли кўринишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Энди ҳудудларга бириктирилган масъуллар “Аёллар дафтари”га қўшимча равишда хотин-қизлар орасидаги жиноятчилик ва ишсизликни бартараф этиш масалалари билан ҳам шуғулланади.

Бу ҳақда Республика комиссиясининг навбатдаги йиғилишида хабар берилди.
Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси раиси Қудратилла Рафиқов олиб борган йиғилишда ҳар бир ҳудудни “хотин-қизлар орасидаги ишсизлик ва жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш” бўйича амалга ошрилиши зарур бўлган қатор вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг 28 июль куни давлат раҳбари Фарғона вилоятида “Ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги устувор вазифалар” юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги ишлар ҳақида тўхталиб, Фарғона вилоятини “Хотин-қизлар ўртасида ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш” ташаббусини илгари сурган эди.

Шунингдек, Президент Бухоро вилоятига ташрифи чоғида “Хотин-қизлар орасида жиноятчиликдан холи ҳудуд” бўйича Бухоро вилоятини намунали ҳудудга айлантириш юзасидан мутасадди раҳбарларга топшириқлар берди.

Мазкур вазифаларни амалга ошириш учун ҳар бир вилоятда биттадан штаб ва унинг қошида уч йўналишда Ишчи гуруҳ тузилиши белгиланди.
Хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликни бартараф этиш бўйича тузиладиган Ишчи гуруҳ таркибига касаба уюшмалари, ички ишлар, прокуратура, адлия органлари, оила ва хотин-қизлар, бандлик, ёшлар, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт, ёшлар, дин ва бошқа йўналишлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда вилоят ҳокимлиги вакиллари киритилади.

Бир ҳафта ичида Ишчи гуруҳ аъзолари ўртасида доимий алоқа ва ахборот алмашинуви йўлга қўйилиб, Хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчилик бўйича 2021-2022 йиллар якунлари ҳамда 2023 йилнинг етти ойлик статистикаси шакллантирилади ва жиноятчилик турлари, унинг тенденциялари таҳлил қилинади.

Хусусан, аёллар томонидан содир этилган жиноятларнинг статистик таҳлили, сабаб ва ҳолатлари, уларнинг ёши, ижтимоий аҳволи, оилавий муҳити, жиноятга мойиллиги, миграциядан ёки жазони ижро этиш муассасаларидан қайтганлиги ва ҳоказолар чуқур ўрганилади.

Шунингдек, 20 сентябргача тазйиқ ва зўравонликни барвақт аниқлаш ҳамда аёлларнинг жабрланишини олдини олиш мақсадида ҳудудларда аноним сўровномалар ўтказилиб, натижалари таҳлил қилинади.

Аёллар ўртасида ишсизликни бартараф этиш бўйича тузиладиган Ишчи гуруҳ таркибига ҳам касаба уюшмалари, оила ва хотин-қизлар, бандлик, ёшлар, иқтисодиёт ва бошқа ҳудудий бошқармалар, банклар ҳамда вилоят ҳокимлиги вакиллари киритилади.