Юртимизда «тўй қилсам, элга ош берсам», дея тилак қилмайдиган одам топилмаса керак. Тўйлар ҳам замона зайли туфайли ўзгариб, анча оврўпалашиб бормоқда. Ҳаттоки, бу хайрли маросим ортиқча дабдабабозликгача бориб етмоқда. Энг ачинарлиси, тўйларни ихчамлаштириш ҳақида кўп гап бўлса-да, сезиларли натижа ҳали кўринганича йўқ.
Одатда ёз ўртасида тўйлар авжига чиқади. Шу кеча-кундузда кунда тўй, наҳорда оши. Субҳидамда бўладиган тадбирлар ҳам санъаткорларсиз ўтмайди, албатта. Шаҳарда-ку бир нави, аммо қишлоқ аҳлини қийнаб келаётган катта бир муаммо бор. У ҳам бўлса, аксар тўйхоналарнинг (акустика) шовқинга чидамлилик, овоз ютиш хусусиятлари инобатга олинмасдан қурилганидир. Базмгоҳдаги «банг-бунг», «гуп-гуп»ларга зўрға чидайди киши. На таомнинг лаззати татийди, на бир суҳбат қовушади.
«Эллик грамм» тўйга безак бўладими?
Ароқ – кулфатлар дояси. Бу зормандага шунчалик меҳр қўйганмизки, у бўлмаса, тўйдан файз қочармиш. Аслида-чи?
Қишлоқда бўлган воқеа. Уч киши тўй дастурхонидан ширакайф туришади. Қишлоқчилик «рул»га ҳам ўтирилади. Елдек учиб бораётган машинада гурунг қизийди. Ширакайф улфатлар битта-битта носвой «уришади». Жумладан, ҳайдовчи ҳам. Маълум вақтдан сўнг, ҳайдовчи эшикни очиб носни тупирмоқчи бўлганда рулдан қўли чиқиб кетиб, асфальт йўлга боши билан урилади. Бошқарувчисиз қолган машина автоҳалокатга учраб, икки шерикнинг ҳам тақдири фожиали якун топади.
– Тўйдаги ичкилик билан боғлиқ фожеали воқеалар оз эмас. Афсуски, тўйлардаги ичкиликбозлик наҳорги ошларга ҳам кўчяпти, – дейди Қўшработ тумани «Қоратош» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Садриддин Исмоилов. – Ўн кишилик битта дастурхонга камида 4-6 та ароқ қўйиш урфга айланиб бормоқда. Тўғри, ҳамма ҳам бу зормандага зор эмас. Менимча, бугун нафақат тўйларни ихчамлаштириш, балки ичкиликнинг тортилишини ҳам бир меъёрга солиш зарур.
Ҳа, бутун тўйлар билан боғлиқ машмашалар ортяпти. Айниқса, Самарқандда кузатилаётган баъзи ҳолатлар кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳада бир “бойвачча” бир неча тахлам пулни сочиб юборди.
Бефаросатликми ёки масъулиятсизлик?
Тўйларда миллий валютамиз оёқости қилингани акс этган видеолавҳаларни кўрганлар орасида “орзу-ҳавасли кишилар экан”, деганлар ҳам топилди. Пул топиб, ақл топмаганлар, дея баҳоловчилар ҳам кўп бўлди.
Нима, бошқа ҳудудларда бадавлат кишилар йўқми? Бор! Бироқ уларнинг Самарқанддаги “бойвачча”лардан фарқи шуки, уларда миллий валютага нисбатан ҳурмат, давлат олдида масъулият бор.
Тўй ўтказишдаги “пойга”да улоқ олишга интилишлар кучайиб боряпти. Самарқанд туризм марказида бўлиб ўтган ҳашаматли тўй видеоси энди ортиқча. Майли, келин-куёвнинг кемада сузиб келишини ҳавасга йўйиб қўя қолайлик. Аммо тўй декорацияси ва хорижлик санъаткорларни унча-мунча ҳамён кўтармаса керак. Самарқанддаги “мен сендан камми?” қабилидаги тўйларнинг энг азиз “қўноғи” вилоят ва шаҳар мутасаддилари бўлмаяптимикан? Агар бехабар бўлсалар, айтувчи биз.
Юртни севган, унинг равнақи учун ўзида масъулиятни ҳис қилган киши миллий валютани ҳам, камтарликни ҳам оёқости қилмаган бўларди.
Тўйларни тартибга солиш шарт
Кейинги пайтларда пул сочиш, ҳашаматга бурканишга интилиш каби бачкана қилиқлар ва иллатлар тўй ва маъракаларда кузатиляпти. Аввал ҳам ёзганмиз, такрор бўлса-да, айтиш лозимки, бу тадбирларни чеклаш ҳақида парламент палаталарининг қўшма қарори чиққан. Орадан бир неча йил ўтганига қарамай, унга амал қилмаганларга чора кўришнинг ҳуқуқий асоси яратилмади.
Бунинг оқибатида турли хурмача қилиқлар кўпайса кўпаймоқдаки, буткул чек қўйилмаяпти. Эндиликда маърака-маросимлар борасида Сенат ва Қонунчилик палатаси белгилаган меъёрларга амал қилмаганларнинг “танобини тортиб қўйиш” вақти аллақачон етиб келган, ўтиб ҳам кетяпти.
Яхши отга бир қамчи…
Шу ўринда бир кишининг саволига Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг берган жавобини эслатиб ўтиш фойдадан холи бўлмайди.
“Тўйларда пул сочиш ёки уни ўша ерда рақсга тушаётганларга бериш ҳаромми?” деган саволга “Ҳа, чунки бу ҳаром ишни олқишлаш бўлади. Гуноҳга рози бўлиш гуноҳ, гуноҳни олқишлаш эса янада қаттиқроқ. Валлоҳу аълам!” деб жавоб берилган.
Аслида бу жавобга изоҳнинг ўрни йўқ. Фақат хулоса чиқариш, унга амал қилиш ҳар кимнинг ўзига ҳавола, албатта.
Ёқубжон МАРҚАЕВ,
журналист
Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch» мухбири



