ishonch.uz мухбири фильм асосчиси билан киноасар тарихи ҳақида суҳбатлашди
Мамлакатимизда 27 йил давомида тақиқда бўлган “Чиптасиз” фильми яқин кунларда намойиш қилиниши кутилмоқда.
Фильм Нидерландия кино ижодкорлари томонидан суратга олинган бўлиб, унда орол фожиасининг инсонлар ҳаётида қолдирган аччиқ излари бир йигит тақдирида ҳикоя қилинган.
Буни қарангки, 27 йил кутилган фильм 27 август куни соат 10:00 да “Маданият ва маърифат” телеканали орқали намойиш этилади.
Биз фильм асосчиси ва персонажи ҳисобланган таниқли ёзувчи Ўрозбой Абдураҳмонов билан суҳбатлашдик.
– 27 йил кичкина муддат эмас. Бугун ҳатто шундай фильм ишланганидан бехабар авлод бор. Фильм тарихи, яратилиши ҳақида гапириб берсангиз. Мазкур кино асар ва сизнинг ўртангизда қандай боғлиқлик бор?
– Тўғриси, мен кино соҳасида ноқулай вазиятда ишлаганман. 1988 йили “Қорақалпоқ фильм” киностудиясига раҳбарлик қилдим. Ўшанда бу соҳага бекор кириб қолдим, деган ўкиниш билан юргандим. Шундай кунларда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасидан Мурод Абдуллаев қўнғироқ қилди.
– Ижодда нима янгиликлар бор, газетага бир нарсалар ёзиб берсангиз яхши бўлар эди, – деди.
Шундан кейин киностудияда ўтириб, “Америкага бора олмаган бола” номли эссе ёзиб жўнатдим. Мақола газета саҳифаларида катта қилиб эълон қилинди. Шундан кейин 1990 йил 1 сентябрда съёмкада юрсам, мени излашаётганини айтишди. Борсам, Москвадан келган америкаликлар таржимон билан юрган экан. Кўришдим. Қўлига “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида босилган ўша мақоламни кўтариб олишган. Шу эссе асосида кино олайлик, дейишди. Каминани катта пул эвазига Америкага ҳам таклиф қилишди. Лекин ватанни ташлаб кета олмадим. Фильмни эса ўзим ҳам ишламоқчилигимни айтдим.
1995 йилда эса Нидерландиядан кино ижодкорлар келди. Худди ўша америкаликлар айтган таклифни улар ҳам айтди. Сценарийни бериб, кўриб чиқишимни ва фильмни қорақалпоқ тилида олишларини билдиришди. У вақтда кинодан кетгандим. Таклифга рози бўлдим. 1996 йили Голландиядан 15 нафар киноижодкор айнан шу фильмни олиш учун Мўйноққа келди. Аммо ўша пайтдаги ҳукумат кинони ишлашга рухсат бермади. Бирмунча қаршиликлардан кейин барибир кино олинадиган бўлди. Ўшанда тепадан менга “Қаердаги шпионларни топиб келасан, сен” деган гаплар ҳам айтилди. Нидерландияликлар 1 ой Мўйноқда съёмка қилиб кетишди. Қолган қисми эса чет элда олинган.
– Демак, “Чиптасиз” фильмининг асосида сизнинг “Америкага кета олмаган бола” номли эссейингиз туради. Фильм анонсидан кўрдикки, бош қаҳрамон учун сизнинг исмингиздан фойдаланилган. Эсседа бошингиздан ўтказган воқеаларни ёзганмисиз?
– Йўқ, мен ёзган вариантда қаҳрамонга исм қўйилмаган, аммо нидерландияликлар мени исмимдан фойдаланишди. Аммо бу менинг ҳаётим эмас, ижодий материал бўлган.
– Ўзбекистонда ушбу фильм нима учун тақиққа тушган, деб ўйлайсиз?
– Ўшанда ҳукуматдаги айрим кишилар кино материалини ўқиб, унинг ғояси ҳақида “Қорақалпоқлик йигит чет элга бориб, Европанинг оиласини бузиб юрибди”, дейишди. Мен бу гапни фильм продюссерига айтсам, ҳайрон қолди. Хуллас, шундай қарашлар билан фильм Ўзбекистондаги раҳбарларга ёқмай қолди, деб ўйлайман. У пайтда кинодан жуда қўрқишарди. Мана энди 27 йиллик тақиқ олиниб, «Чиптасиз» экранга чиқмоқда. Тақиқга яна бир сабаб, Ўзбекистонда орол мавзуси ёпиқ эди. Аммо ижодкорлар сценарийни пухта ишлашган. Фильмда эса инсоний фазилатлар кўзга ташланади.
– Шунча тақиқлар ва йиллардан кейин фильмнинг шу кунларга келиб намойиш қилинишига нима туртки бўлди?
– Ўзбекистонда 2016 йилдан кейин очиқлик, ошкоралик деган нарса пайдо бўлди. Шавкат Мирзиёев даври бизга бу кинони қайтарди. Ўқишга кетган фарзандим келгандай бўлиб турибди ҳозир. Чунки ёзган нарсанг фарзандингга ўхшайди-да. Ҳали бу кинони мен тўлиқ экранда кўрмаганман. Ўзим ҳам фильм намойиш қилинадиган кунни интиқ кутиб ўтирибман.
Ҳатто фильмда роль ўйнаб, уни кўра олмай ўтиб кетганлар бор. Масалан, “Танка” киносидаги роли билан машҳур бўлган актёр Шомурод Ўтамурод ўзи роль ўйнаган “Чиптасиз”ни кўролмай кетди. Кейин билишимча, “Чиптасиз” Европада қатор ютуқларга эришган. “Ватикан” номли кинофестивальда катта ютуқ олган экан.
– Фильм сюжети ҳақида қисқача тўхталсангиз…
– Фильм қаҳрамони бўлган йигит орол фожиасидан сўнг ишсизлик туфайли Мўйноқдан кетиб қолади. У пайтда мен Америкага Ленинград орқали борилишини эшитардим. Эсседа йигит шу йўл билан пулсиз, қўлида биргина «Огонёк», деган журнал билан Америкага кетади. Чунки шу журналнинг бош саҳифасида Нью Йорк шаҳрининг рангли расми бўлади. Бечора бола ё тил билмайди, ҳатто чиптага ҳам пули йўқ. Америкага ета олмайди, уни Голландияда ушлаб қолишади. Фильмда инсонийликнинг энг гўзал жиҳатлари жуда таъсирчан тасвирланган.
Масалан, кичик қаҳрамон – Голландиядик болакай мактабдан келаётиб Ўрозбойга шундай дейди: “Ўрозбой, мени мактабдаги дўстларимнинг отаси битта бўлса, менинг отам иккита, биттаси сенсан” деб айтади. Ана шундай инсоний эпизодлар топилган. Недерландияликлар бош ролга Беҳзод Муҳаммадкаримни танлашди. Ўшанда Беҳзод яқинда Амир Темур ҳаётига бағишланган кинода Темур ролини ўйнаганди. Режиссёрларга айтдим ўшанда: “Томошабинлар Амир Темур ролини ўйнаган одам ватанни ташлаб кетиб қолди, деб Амир Темурнинг обрўйини тўкиб қўймаймизми, бошқа актёр олиш керакдир”, дедим. Чунки фильм қаҳрамони Голландияда азоб чекади-ку… Яна ҳам фильм воқеаларини у намойиш қилингач, кўрамиз.
– Суҳбат учун раҳмат!
Мафтуна Каримова суҳбатлашди.
ishonch.uz



