Жорий йил 24 август куни Олий суд 1929-1931 йилларда қатағонга учраган бир гуруҳ шахсларни оқлади.
Олий суд суд мажлисида Учлик Кенгашининг махсус йиғилиш қарорларига кўра ҳозирги Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудларида босмачилик ҳаракати аъзолари бўла туриб, қуролли тўда тузишиб, совет ҳукуматига қарши қуролли қўзғолон ёки аксилинқилобий мақсадларда ҳаракатларни амалга оширганликда айбланган Ўзбекистон ССР ва Қозоғистон ССР фуқаролари бўлган мазкур шасларга оид 5 та жиноят ишини кўриб чиқди.

Бош прокурор ўринбосари томонидан юқорида кўрсатилган жиноят ишлари юзасидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция протестини бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномалар ҳамда апелляция тартибида протестлар келтирилган.

24 август куни бўлиб ўтган очиқ суд мажлисларида ушбу илтимосномалар ва протестлар кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жами 5 та жиноят иши бўйича 240 нафар шахсга нисбатан Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукми чиқарилди.
Қатағонга учраб, концлагерларга сургун қилинган ёки қамалган ва Олий суд ҳукми билан номи оқланган шахсларнинг тўлиқ рўйхати билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, шу кунга қадар Олий судда муайян сабабларга кўра совет даврида қатағон қилинган 616 нафар ватандошни реабилитация қилиб, оқлаган.



