Ўлимгача етиб боролмаганлар манзили

98

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази. Халқона номи – «16». Асосан, энг оғир беморлар, яъни ўлим билан юзма-юз қолганлар келтирилади бу ерга.

– Бир суткада ўртача 100 нафардан зиёд инсоннинг ҳаётини сақлаб қоламиз, – дейди у. – Шифохонага олиб келинаётганлар орасида ўз жонига қасд қилганлар ҳам кўп. Умуман, дунёда ҳар 40 сонияда бир киши ўз жонига қасд қилиши оқибатида вафот этади. Суицид ўз-ўзидан рўй бермайди. Йиллар давомида орттирилган руҳий босим, зўриқиш, чарчоқ кабилар шу ҳолатни келтириб чиқаради. Чунки одам руҳан қаттиқ зўриққанида оғриқни ҳам ҳис қилмай қўяди. Бир неча ой илгари Сергели туманида фарзандлари ва ўзини деразадан ташлаган аёлда ҳам худди шу ҳолат бўлган, деб ўйлайман.

Умуман олганда, ўз жонига қасд қилишнинг сабаблари кўп. Катталарда асосан оиладаги тушунмовчилик, яқин қариндошлар билан жанжал, хиёнат, болалар билан боғлиқ жиддий муаммолар, оғир руҳий касалликлар ёки даволаб бўлмайдиган соматик касаллиги бўлган кекса одамлар билан мажбуран бирга яшаш, турмуш ўртоғининг эътиборсизлиги, тазйиқи, маънавий босими, ажрашиш, ўсмирларда эса омадсиз севги, зўравонликка учраш, ўқишдаги муаммолар каби сабаблар бўлиши мумкин.

Айниқса, эркаклар асосан катта қарзга ботиб қолганда бу ишга қўл урадилар.

– Суицидлар статистикаси юритиладими?

– Аслида, суицид ҳақида очиқ маълумот берилмайди. Мутахассис сифатида шуни айта оламанки, бутун дунёда суицидлар сонининг 65 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келади. Бизда бу кўрсаткич 85 фоизни ташкил этмоқда. Айниқса, 19-35 ёш орасидаги хотин-қизлар орасида суицидга мойиллик юқори даражада.

Жаҳон статистикасига қарайдиган бўлсак, болалар суициди 7 ёшдан бошланади. Бизда 10-11 ёшдан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилган.

 – Ана шундай аянчли ҳолатларнинг олдини олиш учун ота—оналар нималарга аҳамият бериши зарур?

– Беморни қутқаришда олтин давр бўлади. Агар кимдир шу ҳолатга йўлиққудек бўлса, беморни аввало энг яқин шифохонага етказиш зарур. Икки  дунё орасида турган инсоннинг яшаб кетиши учун ҳар бир дақиқа муҳим аҳамиятга эга.

Масалан, кўп дориларни ичиб, ўзига зарар етказган одамга то шифохонага келгунча қатиқ ичириб келиш керак.

Токсикология бўлими айнан мана шу ҳолатга тушган беморларга хизмат кўрсатади.

Бу ерга бир кунда турли хил маҳсулотлардан заҳарланган юзга яқин бола олиб келинади. Одатда, таркибида каустик сода бор суюқликлардан кучли заҳарланиш мумкин. Бунга «Антижир», «Азелит»лар мисол бўла олади.

Шунингдек, қозон оқартирувчи кимёвий воситалар ҳам хавфли. Қўлга тушиши билан терини ўйиб, ачиштиради.

Тасаввур қилинг, бола ана шундай суюқликни ичиб қўйса, тамом. Бундай ҳолатда зудлик билан тиббий муолажа кўрсатилиши шарт. Акс ҳолда, бола нобуд бўлади.

Шунинг учун бундай воситаларни ёш болалар қўли етмайдиган, кўзи тушмайдиган жойда сақлаган маъқул.

– Фаолиятингиз давомидаги қайси ҳолатни ҳануз унута олмайсиз?

– Бундан беш йил аввал сирка кислотасини ичган тўрт фарзанднинг онаси бўлимимизга олиб келинди. Бемор уч нафар қиздан кейин ҳам қиз туққан экан.

Туғуруқхонадан уйга келиши билан турмуш ўртоғи «Нега ўғил туғмадинг?» деб жанжал қилган. Қайнонаси ҳам ўғлининг ёнини олиб, келинга зуғум ўтказган.

Хўрликларга бардоши етмаган келинчак идишдаги сиркани ичиб юборган. Аёл шу даражада руҳий тушкунликда бўлганидан тўрт нафар фарзанди ҳам кўзига кўринмаган.

Шифохонага олиб келишганда аҳволи жуда оғир эди. Малакали тиббий хизмат кўрсатилганига қарамай, ўн бир кундан сўнг жони узилди.

Ўлимидан бир соат олдин суҳбатлашганимда, ҳаётга тўймай кетаётгани, фарзандларини кўзи қиймаётгани, қилган ишидан афсусда эканини айтган эди.

Ўз жонига қасд қилиб, оғир аҳволга тушган беморларнинг кўпчилиги ўлимидан олдин қаттиқ афсус қилишади. «Агар тузалиб кетсам, ота–онамдан, яқинларимдан кечирим сўрайман», дейди. Афсуски, кўп ҳолларда бунинг иложи бўлмайди.

–  Беморларингизга қараб,  кўнглингиздан нималар ўтади?

– Ҳаёт гўзал. Унинг қадрига етиш керак. Касбим тақозоси билан турли хил одамларга дуч келаман. Баъзан ниҳоятда оғир куйган беморлар келишади, ойлаб, гоҳида йиллаб даволанишади. Ундайлар махсус сеткада ётади. Табиийки, узоқ муддат бир жойда қимирламай ётиш уларнинг руҳий ҳолатига қаттиқ таъсир қилади. Тушкун кайфиятда, умидсиз ётган одамга қарашдан оғири йўқ, аслида…

Бундай беморлар билан узоқ ишлаймиз. Меҳнатда, ҳаракатда юрган одамнинг тўсатдан тўшакка михланиши… айтишга осон. Инсон боши ёстиққа теккач, ҳаётнинг қадрига етаркан…

Яқинда бир электр устаси ток уриши оқибатида икки  қўлидан айрилди. Даволаниш чоғида айтган бир гапи сира ёдимдан чиқмайди. Ўшанда у «тақдир экан, кўникаман, аммо энди бутун умр кимнингдир ёрдамига муҳтож бўлиб қолганимни ўйласам, чидолмаяпман», – деганди…

Феруза РАҲИМОВА,
Ishonch.uz