Бензин нархлари ошмаслиги учун қандай чоралар кўрилмоқда?

48

Сўнгги ойларда нефть бозорида кузатилаётган ўзгаришлар ва ёқилғи таннархининг ўсишидаги ҳолатларни ҳисобга олиб, «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятига бир нечта саволлар билан мурожаат қилгандик. Ниҳоят, ташкилот матбуот котиби Мўмин Ибодов саволларимизга жавоб юборди. Қуйида улар билан танишишингиз мумкин.

– Бензин нархининг ичига қандай харажатлар киради?
– “Автобензиннинг чакана нархи завод томонидан қабул қилинган хом ашёнинг нархи, заводгача етказиб бериш харажатлари, қайта ишлаш харажатлари, шунингдек, тайёр автобензинни сақлаш, ташиш харажатлари, барча солиқ ва мажбурий тўловлар, нефть базалари ва АЁҚШлардаги устамалар қўшилган ҳолда шаклланади.
Бугунги кунда қонунчилик талаби асосида автомобиль бензини чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинган бўлиб, нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан автобензинни сотиш бозор тамойиллари асосида фақат биржа савдолари орқали амалга оширилади.

– Юртимизда мазкур маҳсулот нархининг ўсиши қайси омилларга боғлиқ?
– Ички бозор талаби маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилинадиган маҳсулотлар билан қопланади. Маълумки, Аи-80 русумли автобензин бошқа мамлакатларда деярли ишлаб чиқарилмайди. Аи-80 русумли автобензинга бўлган юқори талабни қондириш мақсадида “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган автобензиннинг 90 фоизи шу русумни ташкил қилади. Ўзбекистонда 91, 92 маркали автобензин нархининг ошиши юқорида кўрсатилган омиллар ҳамда республикамизга импорт асосида кириб келадиган хом ашё ва нефть маҳсулотлари нархининг кўтарилишига боғлиқ.

– Келгусида бензин нархлари ошиб кетмаслиги, йил якунида тақчиллик кузатилмаслиги учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?
– Ҳукуматнинг тегишли топшириқларига мувофиқ, ҳокимликлар томонидан тақдим этилган дастлабки ҳисоб-китобларга асосан, республика истеъмолчиларининг автобензинга бўлган талаби йиллик 3 млн. тонна атрофида бўлиши прогноз қилинган. 2023 йилда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан автобензин ишлаб чиқариш прогнози 1 миллион 360 минг тонна. Шундан 1 миллион тоннаси “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда 360 минг тоннаси “Фарғона НҚИЗ” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан жорий йилда 100 минг тонна автобензин импорт қилинган бўлиб, ушбу ишлар давом эттирилмоқда. Ундан ташқари, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги нефть базаларда бўш сиғимлар тайёрланган бўлиб, импорт қилувчи хусусий ташкилотларга барча шароит ва қулайликлар яратиб берилган.
Бу билан йил якунига қадар республика истеъмолчиларини автобензин билан узлуксиз таъминлаш ва ички бозорда нархларни барқарор сақлаб туришга эришилиши кутилмоқда”.
* * *
Сўнгги саволнинг жавобига кўра, вазият жуда ҳам яхши ёки ҳаммаси жойида эмасдек туюлмоқда. Сизга-чи? Келинг, биргаликда берилган маълумотларни таҳлил қилиб кўрамиз.
Ташкилот масъулининг айтишича, Республика истеъмолчиларининг автобензинга йиллик эҳтиёжи тахминан 3 миллион тоннани ташкил этади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан эса йилига 1 миллион 360 минг тонна, яъни эҳтиёж учун зарур бўлган бензиннинг 45 фоизи ишлаб чиқарилади. Шу пайтга қадар эса 100 минг тонна автобензин импорт қилинган. Демак, импорт билан биргаликда республикамизда 1 миллион 460 минг тонна бензин бор, деб ҳисоблаган тақдиримизда ҳам, яна 1 млн. 540 минг тонна автобензинга эҳтиёж бор.
«Қолган эҳтиёж ниманинг ҳисобига қопланади?» деган саволимизга мутасаддилар, 300 минг тоннасини «Ўзбекнефтгаз», қолганини тадбиркорлар импорт қилиб олиб келиши ҳисобига, деб жавоб беришди.
Демак, «Ўзбекнефтгаз» импорт қилиб олиб келадиган 300 минг тонна билан қўшиб ҳисоблаганда, 1 миллион 760 минг тонна бензиннинг манбаси аниқ. Аммо тадбиркорлар томонидан эса қанча олиб келиниши маълум эмас. Бу ҳақда бизга аниқ рақам айтилмади.
Назаримизда, ўша аниқ бўлмаган рақамлар натижасида йил охирига бориб доимгидек тақчиллик кузатилиши эҳтимоли юзага келади. Балки тадбиркорлар олиб келиши кутилаётган тоннанинг 50 фоизи ёки 30 фоизи келтирилар… Аммо қанча олиб келиниши аниқ эмас. 100 фоиз олиб келиниши ишончсиз. Боз устига, нархлар анчайин кўтарилмоқда. Қолаверса, йил бошидан бери жами импорт бўлган автобензин 100 минг тоннани ташкил этган. Йил охиригача яна тўрт ой бор. Шу муддатда эҳтиёжни тўла қоплаш учун етмаётган 1 миллион 240 минг тонна бензин олиб келиш қийин масала эмасми?! Ҳар қалай, бизга шундай туюлмоқда.
Хўш, сиз нима дейсиз, азиз кузатувчилар? Ёки биз таҳлилда адашдикмикан? Агар адашаётган бўлсак, «Ўзбекнефтгаз» АЖ масъулларидан қўшимча изоҳ ва маълумот кутиб қоламиз.

Зебо Намозова
ISHONCH.UZ