Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, атоқли таржимон ва адабиётшунос Иброҳим Ғафуровнинг «Адабиёт дунёси» деб номланган саккиз жилдлик китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид олиб борди. Унда академик Акмал Саидов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Шарифа Салимова, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Шаҳноза Назар ва бошқалар сўзга чиқди.
– Иброҳим Ғафуров нақ ярим асрдан бери ўзбек адабиётидаги жараёнларни теран таҳлил, тадқиқ ва талқин этиб келади, – дейди таниқли адиб ва публицист Хуршид Дўстмуҳаммад. – Бадииятда ҳаққонийлик ва инсонийлик, адолат ва миллий ўзига хослик, илмийлик ва холислик тамойилларининг намоён бўлиш ҳолатларини кузатади. Иброҳим Ғафуров «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Миллий тикланиш» газеталаридаги ижодий фаолияти мобайнида адабий-ижтимоий жараёнларга фаоллик билан ўз муносабатини билдириб борди. 1973 йил «Мақсуд Шайхзода лирикаси» мавзусида Салоҳиддин Мамажонов раҳбарлигида филология фанлари номзоди илмий даражаси учун диссертация ёқлади. 1999-2008 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қонун ижодкорлигида бевосита иштирок этди.
Иброҳим Ғафуровчалик ўзбек тилидаги сўзларнинг юкини чуқур ҳис қиладиган адабиётшунос йўқ. Устозни «Гўзалликнинг олмос қирралари», «Юрак – аланга», «Ям-яшил дарахт», «Лириканинг юраги» «Ёнар сўз», «Жозиба», «Ҳаё – халоскор», «Мангу латофат» каби асарлари орқали адабиётнинг файласуфи даражасидаги ёзувчи эканини кўриш мумкин. Бу инсон 60-65 йилдирки адабиётнинг ичида қайноқ жараёнларда юрганини ҳисобга олсак, бугун ўзбек ва жаҳон адабиётидаги ўзгаришларни у кишичалик теран англайдиган ёзувчи йўқ. Таржимонлик маҳорати эса алоҳида бир мактаб. Рус ёзувчиси Достоевскийнинг 5 та йирик асарининг барчасини тўлиқ таржима қилиш ҳаммага ҳам насиб этмаган. Бир француз ёзувчиси ва Иброҳим Ғафуровгагина бундай бахт кулиб боққан.

Дарҳақиқат, Иброҳим Ғафуровнинг таржимонлик маҳорати алоҳида бир мактаб. Аммо янги нашр этилган «Адабиёт дунёси» тўпламига адибнинг таржималари киритилмаган. «Янги аср авлоди» нашриёти муҳаррири Шаҳноза Назарованинг таъкидлашича, тўплам 8 та китоб – 4680 бетдан иборат бўлиб, 700 тадан ортиқ бадиий ва адабий-танқидий асарлар ўрин олган. Аммо келгусида таржималарни ҳам тўплам қилиб тайёрлаш режалаштирилган.

Тадбир янги китоб тақдимоти баҳонасида ҳассос ёзувчининг адабий кечасига ҳам айланиб кетди. Хусусан, таниқли шоира Шарифа Салимова ҳам сўзга чиқиб, тўплам ва устоз ижодкор ҳақида тўлқинланиб гапирди:
– Иброҳим Ғафуров адабиётимизда шундай юксак чўққики, бошида дўпписи бор одам у кишига қараса, дўпписи тушиб кетади. Аммо шу билан бирга бу инсон шу даражада камтар ҳам. Мен икки улуғ дарёлар – Иброҳим ака ва Ойдин опа Ҳожиевага шогирд бўлганимдан, ушбу буюк дарёдан сув ичганимдан доим ўзимни бахтли ҳисоблайман.
Афсуски, бугунги авлод, яъни биз, ана шу буюк ижоднинг бир чеккаси билангина танишмиз. Иброҳим Ғафуров ижоди ҳали ҳаммамиз учун очилмаган қўриқ. Уни кўп ва хўп ўқиб-ўрганишимиз керак. «Адабиёт дунёси» тўплами ўзбек адабиётига, китобхонларга катта маънавий хазина бўлиб қўшилди. Бу билан барчани чин юракдан қутлаймиз.
Зебо НАМОЗОВА,
Ishonch.uz
