Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Док-1 макс сиропидан болалар ўлимида айбдор саналган, аммо ҳамон лавозимида қолаётган Элмира Боситхонова имзоси билан хат тарқалган.
Хатда калий йодид антиструмин дори воситасини тақдири ҳал бўлмагунча истеъмолдан тўхтатиш бўйича кўрсатма берилган. Хатда лаборатор хулосалар чиққунга қадар дейилган.
Яъни шу пайтгача бу дори лаборатор текширувдан ўтмагани ойдинлашмоқда. Хатда Намангандаги болаларнинг заҳарлангани кўрсатиб ўтилган.
Лекин икки кун олдин Наманганда Боситхонова иштирокида матбуот анжумани ўтказилган ва унда вазир ўринбосари болалар овқат ё доридан заҳарланмаганини билдирган.
Доридан заҳарланмаган бўлса, нега антиструмин вақтинча истеъмолдан олинди? Ва асосий савол: нима учун антиструмин аввалроқ лаборатор текширувдан ўтказилиб, хулосалар олинмаган?
Айни пайтда бош прокуратура жиноий иш очган. Шавкат Мирзиёев ҳам вазиятдан хабардорлиги айтилган.
Бундай заҳарланишлар бошқа ҳудудларда ҳам кузатилмоқда. Бош прокуратура ҳолатни синчиклаб ўрганиб, холис ва шаффоф ахборот беради, деган умиддамиз.
