Инсоф

46

Ноинсоф. Ўйлаб кўрсак, аслида бу жуда оғир ҳақорат. Аммо қулоғимизга тез-тез чалиниб туриши туфайли унга кўникиб қолганмиз ва шунчаки бир иборадек қабул қиламиз. Фойдаланишга топширилганига ҳали кўп вақт бўлмай, кўприк қулаб тушса, одамлар яшашига мўлжалланган баланд қаватли уй ағдарилса, янги хонадонга кўчиб кирганлар бир йилга бормай ҳали сув, ҳали канализация билан боғлиқ муаммоларга дуч келса, деворда ёриқлар пайдо бўлганини кўрса, қурувчини ноинсоф дейди. Дили оғрийди, «Тешиб чиқсин сенга берган пулим!» дея қарғайди.

***

Ўн йил олдин бир танишим қиш­лоқларда барпо этилаётган намунавий лойиҳалар асосидаги уйлардан бирини олиш учун пул тўлади. Шартномада қурилиш муддати бир йил этиб белгиланганди. Ҳар кўришганда, «Уй тўйи қачон?» деб сўрайман. У гапни бошқа ёққа буради. Охири бир куни ёрилди. «Жўра, сен журналистсан, шуларни бир ёз. Уй оламан, деб адойи тамом бўлдим. Ўзи ойликка яшайман, маошим рўзғорга зўрға етади. Кредит эса мени еб ташлади. Ҳаммасиям майли, уй ҳали-бери битмаса керак», деди.

Дўстимнинг уйини бориб кўрдим. Шартнома тузилганига орадан икки йил ўтган бўлса-да, ҳали томи ёпилмабди. Чала уйларни қурадиганлардан ҳеч кимни учратмадик. Атроф қабристондай ҳувиллаб ётибди. Дўстимнинг кўнг­лига қараб, қурилишга масъул одамни топ­дик, уни олиб қурувчиларни маблағ ва бинокорлик ашёлари билан таъминлайдиган ташкилотга бордик. Бошлиққа кириб, дўстим ижарада яшаётганини, унга уй жуда зарурлигини, тезроқ ишни якунлаб беришни илтимос қилдик (Ўзинг пул тўлайсан, ишонасан ва яна илтимос ҳам қиласан. Бунақаси фақат бизда бўлса керак!). Акс ҳолда, Бош вазир номига шикоят ёзишимизни маълум қилдик. Шунда кутилмаган иш бўлди: бизни эшитиб турган каттакон ёнимиздаги прорабни чунонам сўкдики, чидаб бўлмайди. Камига беш-олти марта тепдиям. «Сен ифлослар бор нарсаларни еб кетмаганингда, манави одамларнинг уйлари аллақачон битган бўларди», деди.

Биз жуда ноқулай вазиятда қолгандик. Ташқарига чиқдик. Ҳозир бу прораб бошлиқнинг олдига кириб дабдаласини чиқариб ташласа керак, деб ўйлагандим, йўқ, у иршайганча деди: «Бошлиқ афганецда, уришни яхши кўради. Лекин ўзиям кўп нарсани еб юборган, ноинсоф».

***

Ижтимоий тармоқларда қайнотаси ва ­қайн­укаси томонидан аёвсиз калтаклангани оқибатида вафот этган ҳомиладор ёш жувон ҳақида ўқиб, даҳшатга тушдим. Биров 18-20 йил пуф-пуфлаб ўстирган фарзандини бош­қанинг маҳрамига бериб, хизматини қилсин дея ўтирса-ю, қувониш ўрнига  мудҳиш қайғуда қолса, бошини қаерга урсин? Қудачилик – минг йилчилик деган гаплар қаерда қолди? Нима эмиш, келин аммасиникига бориш учун қўшнидан беш минг сўм олгани қайнотага ёқмаганмиш. Ёқмаган бўлса, қўлига пул тутқазиб қўй, кўнглига қара. Эркаклик ғуруринг шунча баланд эдими? Оиланг бировдан бир нарса сўрайдиган ҳолатдалигини била туриб аламинг­­ни нега бегуноҳ келинингдан оласан? Ожизага қўл кўтарган, кейин уялмай-нетмай марҳуманинг шаънига бўлмағур гапларни айтаётган бундай разил касларни кўриб, улар билан бир ҳаводан нафас олаётганингга пушаймон бўласан. Ўша воқеа тасвирланган хабар тагида минглаб изоҳлар бор. Кимдир катта қилиб НОИНСОФ деб ёзибди. Ҳақоратламабди, лаънатламабди, гўрига ғишт қаламабди, аммо бор нафратини шу биргина сўзда баён этибди – НОИНСОФ.

***

Газ плитамиз яхши ишламай қолди. Уста қидириб, ажабтовур ҳолатларга дуч келдим. Биринчи уста «инновацион» экан: «Уйимга опкеб ташанг, вақтим бўлса, кўриб қўяман. Бир кўришим 300 минг сўм. Тузалса ҳам, тузалмаса ҳам шу нарх!» деди. Иккинчи устанинг билмайдиган нарсаси йўқ ва инсофли дейишганига ишониб, телефон рақамини топиб, дардимни айтдим. У плита русумини сўради. «Артель» дейишим биланоқ хайр-маъзурни насия қилди. Яна бир устани мақташганди, уйига беш марта бориб тополмадим.

Охири маҳалладаги отахонлардан бири билан гаплашиб, шу масалада сўз очгандим, у бир тенгдош танишининг манзилини айтди. «Узоқроқда яшайди, лекин ишининг пири», деди. Топиб бордим. Йўл-йўлакай гаплашиб келдик. 73 ёшда экан, ўғил-қизлари уйли-жойли бўлиб кетишганини, зерикиб қолмаслик учун эрмакка шундай ишларни қилиб туришини айтди. Уйимга келгач, бир чойнак сув қайнагулик вақт ичида плитани тузатиб, газни ёқиб берди. Ана энди на ҳид бор, на бошқа муаммо. Яна «Ўзим великда келаверардиму уйим сал узоқда, бу иссиқда чарчаб қоламан», деди. Уйига обориб қўйишда ҳам гаплашиб кетдик. Икки кун олдин туғилган кунига ўғиллари машина совға қилишганини айтиб қолди. Табрик­ладим. Уйига етгач, иш ҳақи қанча бўлишини сўрадим.

«Э, қўйсанг-чи, болам, шу арзимаган иш учун пул олсам, менинг манзилимни айтган оғайнимнинг ҳурмати қаерда қолади?», деди.

Ҳар қанча илтимос қилмай, рад этиб тураверди.

Одамгарчилик, инсоф дегани мана шу бўлса керак.

***

Кўчамизга қатиқ сотувчи келди. Коляскада чақалоқ, ёнида 5-6 ёшли қизчаси. Бонкалар коляска тагига жойлаштирилган. Бир бонка қатиқ беш минг сўм экан. Бир пайт она ҳам, қизча ҳам қўшнилар дарвозасини тақиллатгани кетишди. Мен секин билдирмай, коляска чўнтагига ўн минг солиб қўйдим. Кейин қатиқ олиб, қизчага беш минг узатдим.

Эртаси куни улар яна келишди. Аёл «Мабодо, кеча сиз адашиб ортиқча пул бермадингизми, ҳисоб-китоб қилсак, ўн минг сўм кўп чиқяпти», деди.

Мен титраб кетдим.

Дунёни гўзаллик эмас, инсофли одамлар қутқарса керак…

***

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йили Фарғона вилоятидаги видеоселектор чоғи ­айтган гапларини тез-тез эшитиб, кўриб тураман. Ютубда ҳам бор. У кишининг шу мажлисдаги гаплари Абулайс Самарқандийнинг «Танбеҳ ул-ғофилийн» асарини эслатади.

Ривоят қилишларича, адолатсизлик, ўзгалар ҳақини ейиш, хўжакўрсинга ишлаш авж олган бир маскандаги аҳволдан ғазабланган Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга ўша шаҳарни кунпаякун қилишни буюрибди. Ҳазрат ­Жаброил қарасалар, ўша манзилда бир олим кечаси ухламасдан илм ўрганмоқда экан.

–  Ё, Аллоҳим, – дебдилар Жаброил. – Мени синамоқчи бўлдингми, бу жойда кунни тунга улаб маърифат излаётган бир банданг бор экан, жазолашга журъатим етмаяпти.

– Айнан ўша олимнинг уйидан бошла офатни, – буюрибди Парвардигор. – Илми бўлиб, амали бўлмаган, ён-атрофидаги бузуқликни кўриб туриб индамаган бундай олимга садқаи илм, садқаи умр кетсин.

…Президентимизнинг куюниб айтадиган ­гаплари ана шундай бефарқ, фақат ўз манфаатини ўйлайдиганларга, амалини сақлаб қолиш учун ҳар қандай қабиҳликдан қайтмайдиганларга бир зарба.

«Тўрт йил ишламай, данғиллама уй қурасан, беш-олтита машина оласан, – дейди давлатимиз раҳбари айрим нопокликлар ҳақида гапириб. – Нима ойлигингга оласанми? Ўғри бўл, инсофли бўл».

Тўғри, юртимизда иймонли, виждони пок, ҳалол инсонлар жуда кўп, аммо нуқул жиғилдонини ўйлайдиган баъзи кимсалар пора олишдан, ҳисоботларни сохталаштиришдан тап тортишмаяпти. Президент ўша мажлисда ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирининг вакилига форма кийиб, томошабин бўлиб ўтириш вақти ўтганини, текшир-текширлар, қама-қамалар эмас, аксинча, одамлар онгини ўзгартириш фурсати етганини айтар экан, шундай адолатли, халқпарвар инсон мамлакат етакчиси эканлигидан фахрланиб кетасан, киши.

Агар сизу биз истиқомат қилаётган шу замин бус-бутун бўлса, демак, пок одамлар шарофатидан бу.

Агар биттагина кўнгилда эзгу умид пайдо бўлса, инсофни кўп тилга оладиган инсоннинг ўз халқига чексиз меҳр-муҳаббати самараси бу.

Келинг, инсофдан узоқлашмайлик, ахир, халқимиз ҳаммасини кўриб-билиб турибди.

Мақсуд  ЖОНИХОНОВ,
журналист