Бир неча кун муқаддам ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Лутфий кўчасида 28 туп шумтол ва 1 туп заранг дарахти қуриб қолгани сабаб кесиб ташлангани ва бунга Тошкент Ботаника боғи мутахассиси ҳамда туман Экология бўлими масъулларининг 2023 йил 14 сентябрдаги хулосаси асос бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Экология вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан расмий тушунтириш бериб, унда, жумладан дарахтлар қасддан қуритилганини таъкидламоқда.
Гап шундаки, Kun.uz нашри 2021 йилнинг октябрида айни шу ҳудуддаги дарахтларнинг қасддан “бўғилаётгани” ҳақида материал тайёрлаган ва бунга жамоатчиликнинг эътиборини қаратган.
Ушбу материалда мухбир масъуллардан нега кўча юзидаги 56 та дарахтнинг илдиз қисмига полиэтилен плёнка ёпиб чиқилгани, бу дарахтларнинг келгусида қуриб қолмаслигига кафолат бор ёки йўқлигини сўрайди. Бироқ ўша пайтда Чилонзор туманидаги ушбу ҳудудга дахлдор бўлган масъуллар дарахт остини чиройли ландшафт қилиб қўйиш нияти бўлганлиги ҳақидаги тайинсиз жавобдан нарига ўтмайди.
Ўз навбатида, ўша пайтдаги ҳолат юзасидан 2022 йилда прокуратура органларига расмийлаштирилган ҳужжатлар киритилади. Шу йилнинг август ойида эса иш ички ишлар органларига суриштирувга берилган. 2022 йилнинг сентябрига келиб эса ҳужжат тугатилган.
Жорий йилнинг май ойидаги ёғингарчилик ва шамол туфайли эса юқоридаги сабаблар билан аллақачон қуриб қолган дарахтлардан бири қулайди ва қолган 28 тасига ҳам кесиш ҳақидаги “ҳукм ўқилади”.
Ҳозирда Мазкур ҳолат бўйича бугунги кунда Бош прокуратура томонидан аввалги ҳолат ҳамда хулоса берилиши ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, эндиликда дарахтлар кесилган ҳудудда 30 та дарахт ҳамда 1020 та бута экилиши режалаштирилган.



