“Kompromatuzb” иши бўйича суд ҳукми ўқилди

67

Мазкур жиноят иши бўйича бир нафар блогер ва икки нафар матбуот котиби судланаётган эди.

Бугун, 26 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман судида “Kompromatuzb” иши бўйича жавобгарлар – Х. Далиев, С. Хошимов, А. Аҳмаджонов ва М.Мирзаеваларга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра:

Х. Далиев Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 3-қисми “а” банди, 184-моддаси (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисми ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли топилиб, унга 3 йилга оммавий ахборот воситаларида ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда БҲМнинг 300 баравари миқдорида жарима ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.

С. Хошимов Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 3-қисми “а” банди ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли топилиб, унга 3 йилга оммавий ахборот воситаларида ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

А. Аҳмаджонов нисбатан 165-моддаси 3-қисми “а” банди бўйича эълон қилинган айбловнинг қолган эпизодлари Жиноят кодексининг 241-моддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) 1-қисмига қайта малакаланди. Шу тариқа А. А. Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли топилиб, унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

М. Мирзаева Жиноят кодексининг 113-моддаси (таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) 4-қисми ва 165-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 3 йилга оммавий ахборот воситаларида ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Шу билан бирга жиноят иши доирасида жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни судланувчилардан солидар тартибда ундириш белгиланди.