Бугун ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, эру хотин ўртасидаги ёки қайнота-ю қайнона билан муносабатни, муросани «изига солиб бериш»ни ваъда қилаётган махсус курслар кўпайиб кетди. Ўз навбатида уларнинг тингловчилари кўплиги ҳам ақлингизни шоширади. Ўзи нима учун муросани махсус курслар орқали ўрганиш зарур бўлиб қолди? Ёки оилавий муҳитни яхшилаш учун ўзгалар кўмагига муҳтож бўлиш даражасига етиб келдикми?
Азамат НАЗАРОВ,
психология фанлари бўйича фалсафа доктори:
– Бугунги глобаллашув даври, истаймизми-йўқми, инсонлар онгига таъсир этади. Жамият ўзгариши учун, аввало, одамлар ва уларнинг ҳаётга қарашлари, фаолият йўналиши ўзгариши зарур. Шу боис бугун аёл ва эркакнинг оилада ва жамиятда тутган ўрнида ҳам янгиланишлар кузатиляпти. Охирги пайтларда аёлларимиз бошқарув тизимига кириб келишаётганини, фақатгина тарбия ёки репродуктив функцияларни эмас, балки ўзининг ижтимоий-иқтисодий жараёнларда кўмакчи сифатидаги вазифасини ҳам ўтаётганини кузатиш мумкин. Албатта, аёл оилада ҳам ўз ўрнини билиб, вазифаларини тўлақонли бажариши ижобий ҳолат. Бу фикр эркакларга ҳам тааллуқли. Борди-ю, аксинча бўлиб, оилаларда низолар кўпайса, бу ҳолатни ижобий деб бўлмайди. Боз устига, у болалар тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатиши аниқ.
Жамиятда психологик курслар кўпайгани яхши. Чунки бундай курсларнинг мавжудлиги кўп томонлама наф келтиради. Яъни кутилаётган ва содир бўлиши эҳтимоли бор муаммоларни бартараф этишда, келишмовчиликлар, низолар, ажримлар, ҳатто жиноятларнинг олдини олишда, соғлиқни асрашда ҳам асқатади.
Наргиза ГАИБОВА,
Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Дин психологияси ва педагогика кафедраси доценти:
– Агар инсон ҳаётида янги бир «рол»ни қабул қилса-ю, унга мос модель топилмаса ёки у роллар ҳақида тасаввурга эга бўлмаса, норматив инқирозга учраши табиий. Шундай экан, юқорида тилга олинган курслар белгиланган ролга мувофиқ бўлса, улар ҳақида маълумотлар беролса, айнан шу ролга зарур сифатларни шакллантиришга ва ривожлантиришга қаратилган бўлса, бу мақсадга мувофиқдир.
Курсларнинг кўпайиши ана ўша ролларга нисбатан тасаввурнинг йўқлиги, билимлар етишмаслиги ёки ҳаддан зиёд идеалликка интилиш, шунингдек, шахсда ўзига, ўзидаги камчиликларни тўғрилашга эҳтиёж борлиги билан боғлиқ. Бунда яхши қайнона, яхши рафиқа, яхши эр бўлиш истаги билан юқори даражадаги идеалликка интилишни ҳам кўриш мумкин.
Умида АГЗАМОВА,
доктор ординатор, амалиётчи психолог, «Dr. Anvarovna» психологик маркази асосчиси:
– Курсларимиздаги энг кўп тингловчиларимиз 30-45 ёшли аёллардир. Бу демак, улар айнан фарзандлар тарбияси билан шуғулланадиган, ўғил-қизларини турмушга тайёрлайдиган даврида ана шундай муаммоларга дуч келишмоқда.
Ҳозир аксарият оналар ўзга оилага келин бўлиб тушадиган қизини асосан меҳнат қилишга ўргатишади. Гўёки у томонда золим ва талабчан қайнона кутиб тургандек, «Саранжом-сариштали ва чаққон бўл, ҳар хил таомлар тайёрлашни пухта ўзлаштир, акс ҳолда, қайнонангга ёқмайсан» деган фикрларни унинг онгига сингдиришади. Шу боис қизларимизда то узатилгунига қадар қайнонага нисбатан ҳадик шаклланиб бўлади.
Оналаримиз уларга чаққон бўлишидан ташқари, аввало, илм олиши, кенг дунёқарашга, муомала маданиятига эга бўлиши лозимлигини, оила инсонлар мулоҳаза ва муроса билан яшайдиган қўрғон эканлигини тушунтиришса, мақсадга мувофиқ бўларди. Афсуски, бугунги ота-оналарнинг аксариятида бу каби кўникмалар деярли шаклланмаган. Оқибатда янги оилаларда вақт ўтиб, келишмовчиликлар юзага келмоқда. Эркак ҳам, аёл ҳам ўз устида ишлаши, бир-бирини тушуниши, фарзандларига яхши ўрнак бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Токи улар турмуш аталмиш мустақил ҳаётга қадам қўйганларида арзимас муаммоларни деб асабийлашмасин, стрессга тушмасин, зўравонлик қилмасин ёки умр йўлдоши билан ажрашмасин.
«Ishonch.uz» мухбири
Холида Эгамбердиева
ёзиб олди
