Эрталаб ишхонага бориш учун йўл четида туриб, таксига қўл кўтараман. Кетма—кет келаётган уч—тўрт машина қатор бўлиб тўхтайди. Ҳайдовчилардан бирига манзилни айтиб, нархини келишгач, ўриндиққа чўкаман. Йўл жуда тирбанд. Учар таксист эса светофорга яқинроқ бориб олиш учун бошқа ҳайдовчининг йўлини кесиб, орага суқилади. Ортда қолган ҳамкасби унинг бу қилиғидан аччиқланади. Қулоқни қоматга келтириб, сигнал чалади. Таксист қайрилиб қараши ҳамоно бўралатиб сўкинади. Тили қисиқ ҳайдовчи эса бу ҳақоратларни сукут сақлаганча ҳазм қилади. Чунки нимадир деса, жанжал чиқиши аниқ.
Кечқурун ишдан уйга қайтаётганимда шунга ўхшаш ҳолат яна такрорланади, фақат «бош қаҳрамонлар» ўзгаради…
Дарвоқе, охирги пайтларда йўллар қанчалик кенгайтирилмасин, уларга автомобиллар сиғмай қолаётганга ўхшайди. Бу эса тирбандликларни ва асаббузарликларни келтириб чиқармоқда. Тиғиз вазият йўл қоидаларига қатъий риоя қилишдан ташқари, сабрли бўлишни ҳам талаб этади. Аммо айрим ҳайдовчилар орқада келаётганларни ноқулай аҳволга қўяётгани ҳақли эътирозларга, ўзаро келишмовчиликларга, гоҳида ёқалашишларга сабабчи бўлмоқда.
Ижтимоий тармоқларда шофёрларнинг хурмача қилиқлари акс этган видеолар тўлиб тошиб ётибди. Уларни кўриб, ҳайдовчилик одоби энг муҳим муаммолардан бирига айланиб бораётганини англаб етасиз.
– Мегаполис шаҳарнинг йирик автомобиль йўлларида тирбандлик биздагидан ўн чандон зиёдроқ, – дейди яқинда Европада бўлиб қайтган танишим. – Шунга қарамай, ҳайдовчилар асабийлашганини, йўл талашганини кўриш тугул бирорта машина сигнал чалганини ҳам эшитмайсиз. Ҳаракат қатнашчилари бир-бирларига яхши муносабатда бўлишади. Тирбандлик кўп вақтни олишига қарамай, қоидабузарлик камдан-кам кузатилади. Бизда-чи? Гўёки йўлларимизда ҳақорат пойгаси бошлангану, унда ғазаб отига минган ҳайдовчилар, айниқса, таксичилар беллашаётгандек…
Чиндан ҳам, баъзан ишдан қайтаётиб, светофор чироғида тўхтаб турган машиналар эгаларини кузатаман. Бири йўлни бўшатиб, уни ўтказиб юборишни имо-ишора билан асабийлашганча тушунтираётган, иккинчиси дераза ойнасидан ерга носвой тупураётган, учинчиси телефонини ички ишлар ходимидан яшириб, қулоқчинда ким биландир гаплашаётган, бошқаси мижозига таксичилар муаммоларидан нолиб дийдиё қилаётган ёки орага суқилиб кирганни ҳақоратлаб, уни чеккада «гаплашиб олишга» чорлаётган бўлади.
– Одатда такси хизматидан фойдаланаман, – дейди Меҳриноз Назарова. – Асосан катта ёшлилар бошқараётган машиналарга чиқаман. Чунки улар йўл қоидаларига амал қилиб, эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишади, манзилга бехавотир етиб оламан. Ўпкасини қўлтиқлаган баъзи ёш хайдовчиларнинг шошқалоқлиги туфайли бирор бахтсиз ҳодисага дуч келиш эҳтимолдан холи эмас.
– Беш қўл баробар бўлмаганидек, ҳайдовчилар ҳам маданиятли ва маданиятсиз тоифаларга бўлинади, – дейди Абира Имомова. – Ўзим ҳам ҳамиша машина бошқараман. Мени қийнайдигани, йўл қоидабузарлари ўзларига қўшиб, сизни ҳам қоида бузишга мажбурлашади. Масалан, орқангиздан қувиб келаётган ҳайдовчига йўл бериш учун йўл чизиғини ногоҳ босиб ўтасиз. Ёки белгиланмаган ҳудудда йўлни кесиб ўтаётган қоидабузар пиёдага зарар етказмаслик учун тормозни босасиз. Бундай дамларда орқадан бошқа машина яқинлашиб қолган бўлса, ўзаро тўқнашув рўй бериши ва сиз бахтсиз ҳодиса иштирокчисига айланишингиз турган гап.
– Мен ҳам кўпинча таксида ишга қатнайман, – дейди Азиза Сатторова. – Баъзи таксичиларнинг маданиятсизлиги эрталабдан кишини асабийлаштиради. Улар гоҳида айтилган жойга энг узоқ айланма йўллар орқали элтиб, вақтингизни олишади. Айримлари манзилга етмасингиздан йўл устида қолдириб кетишади. Бошқалари эса кета-кетгунча йўловчи олиб-туширавериб, тинчингизни бузишади. Бу масалада ким қандай фикрда, билмадим, аммо ҳайдовчиларга йўл қоидалари билан бирга, одоб қоидаларини ҳам ўргатиш керак. Бунинг учун уларнинг ҳайдовчилик маданиятига доир билимлари синовдан ўтказилса, фойдадан холи бўлмасди.
Бизнингча, бу яхши таклиф. Қолаверса, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг Бухоро вилояти кенгаши раиси ўринбосари Камол Жўраев берган маълумотларга қараганда, фуқаролар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун 24 соатлик дарсларда қатнашадилар, дарсларнинг бир нечтаси ҳайдовчилик маданиятига бағишланади. Унда «Йўл-транспорт ҳодисаси олдини олишда ҳайдовчининг маданияти», «Ҳайдовчининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан сўзлашув маданияти», «Ҳайдовчининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан муносабатларида низоларнинг олдини олиш ва муросага келишнинг ўрни» сингари муҳим мавзулар ҳам қамраб олинган.
Ҳайдовчилик имтиҳонида 20 та тест саволи берилади. Уларга тўғри жавоб топиш учун, аввало, умумий мингталик тест саволларини ўқиб ўрганиш талаб қилинади. Афсусланарлиси, мингталик саволларнинг атиги 50 тага яқини ҳайдовчилик маданиятига тааллуқли. Имтиҳон жараёнида тестлар автоматик компьютер тизими орқали танлангани боис улар орасида ҳайдовчилик маданиятига доир саволлар бўлиши эҳтимоли жуда паст.
Тўғри, ҳайдовчилар қатъий имтиҳондан ўтказилиши, йўл белгиларини пухта ўрганишлари муҳимдир. Аммо маданияти бўлмаган ҳайдовчи қонун-қоидани ҳар қанча ўрганмасин, унга амал қилиши амримаҳол. Йўл белгисини билса-ю, инсон омилига муносабат, ҳаракат қатнашчиларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш тушунчаларидан етти чақирим наридан ўтса, қоидабузарлик унинг учун оддий ҳолга айланиб қолади.
Демоқчи бўлганим, гувоҳнома олиш синовларига назарий ва амалий имтиҳонлар билан бирга, ҳайдовчилик маданиятига доир оғзаки савол-жавобларни ҳам киритиш давр тақозосига айланди. Қолаверса, йўл-патруль хизмати ходимлари ҳайдовчилар ҳужжатларини текшириши бўйича ўтказаётган рейдларни кўпайтиришга ҳам эҳтиёж бордек. Чунки бу жараёнда ота-онаси ёки таниши машинасини ҳужжатсиз бошқараётган кўплаб қоидабузарлар аниқланиши мумкин.
Машиналар сони ортгани сайин бахтсиз ҳодисалар ва уларнинг қурбонлари ҳам кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу жабрдийдалар аллақайси маданиятсиз ҳайдовчининг бевосита ёки билвосита иштироки оқибатида содир этилган қоидабузарлик қурбони бўлаётгани ҳам айни ҳақиқат.
Етар шунча жабрдийдалар…
Дилдора ИБРОҲИМОВА,
«ISHONCH»



