Ота мақомига завол етса, оила мустаҳкам бўлмайди

72

Автобус илдам кетиб борарди. Орқароқ ўриндиқда уч ёшлардаги қизалоғи билан ўтирган ўттиз ёшлар атрофидаги аёлнинг гап-сўзлари кўпчиликка эшитилиб турарди.

– Даданг қанақа? – сўрарди қизидан.
– Дада мол, – дейди қизча елкасини қисиб.
– Яна қанақа? – кулади аёл.
– Дада жинни…
– Ана энди сени дадангга айтаман, – аёл яна кулади. Қизалоқ онасини уради.

Йўл давомида бу суҳбат яна такрорлангач, ёши каттароқ йўловчилардан бири аёлга гап қотди:

– Бу нима қилганингиз, қизим, боланинг тарбиясини бузманг.
– Биз шунчаки ўйнаяпмиз, – дея жавоб қилди аёл.
–  Отани ҳақорат қилишга ўргатиш қачондан бери  ўйин бўлиб қолди?
Ўймоқли саволдан сўнг, ҳар тугул, «ўйин» тўхтади.

Бироқ бу «ўйин» автобусдаги кўпчиликнинг қалбини жароҳатлаб, турли ­фикр-ўйларга кўмгани аниқ.

Қирқ ва ундан катта ёшдагилар учун ота – улуғ неъмат. Бу ёшдаги инсонларнинг аксарияти отасининг юзига тик қарамаган. Гап қайтармаган. Боиси, оналар фарзандлари қалбига отани улуғ инсон сифатида сингдиришган. Оталар ҳамиша ҳақ саналган. Уларнинг сўзи икки қилинмаган. Ота ўтирган уйнинг томига чиқиш гуноҳ саналган. Оталар ҳам шунга яраша оилани асрашни, анъаналар бардавомлигини таъминлашни ўз бурчи деб билган.

Аммо кейинги йилларда оталарга муносабат бироз ўзгарган. Отага, биринчи навбатда, оила таъминотчиси сифатида қаралади. Ҳурмат-иззати  ҳам шунга яраша. Балки бу турли таъсирлар туфайли миллий қадриятларимиздан узоқлашаётганимиз оқибатидир. Балки билим-савиямиз пасайиб бораётгани туфайлидир. Бироқ бугун оталарнинг ­қадри тушиб кетаётгани ҳақиқат.  Айрим аёллар фарзандларига ўзини бечораҳол, отасини зўравон кўрсатишни яхши кўришади. Айрим оталар эса зиммасига ­ масъулият олгиси келмайди, фарзанд тарбиясини буткул аёли зиммасига юклаб қўйгани камдай, иқтисодий муаммоларни  ҳам аёли ҳал қилишини истайди.

Ушбу масала юзасидан бир неча юртдошларимизнинг фикрларини билишга қизиқдик.

– Биласизми, айрим оилаларда оталар ўз ўрнини оналарга бўшатиб ­ беряпти. Эҳтиёжларимиз ошиб кетганигами, айрим эркаклар рўзғорни эплай олмаяпти. Моддий таъминотчи аёл бўлганидан кейин, бошқарувни ўз қўлига оляпти. Бундай аёлларнинг кўпчилиги турмуш ўртоғига беписанд қарашади. «Сиз гапирманг, ўрнингизни билинг…» қабилидаги дашномларни эшитиб улғайган фарзандлар орасида отани ҳурмат қилиш шарт эмас, деб ўйлайдиганлар кўпаймоқда, – дейди фарғоналик Одина Низомова. – Эркакларимиз сал қатъиятлироқ, аёлларимиз сал босиқроқ бўлса, оилада отанинг ўрни мустаҳкамланади.

– Бу муаммо ўтган асрнинг 90-йилларидаги иқтисодий қийинчиликлар билан боғлиқ. Аёлларимиз қоп кўтариб, кўчага чиқди. Иш излаб, хориж­га кетди. Айрим эркаклар уйда қолиб, аёлининг топганини еб-ичиш билан машғул бўлиб қолди. Ёки аксинча, оталар узоқ йиллар хорижда иш билан банд бўлиб қолиши оқибатида фарзандларнинг ота-оналарига муносабати ўзгарди. 90-йилларда ота­онасидан олисда, улар меҳридан, тарбиясидан мосуво бўлиб ўсган авлод вакиллари эндиликда ўзлари ота-она. Улар орасида ота-она аслида қандай бўлиши кераклигини билмайдиганлар йўқ эмас, – дейди самарқандлик Сожида Раимова. – Менимча, ота мақомини ­мустаҳкамлаш учун болаликдан фарзанд­лар тўлиқ оилада камолга етиши керак. Ҳозир кўпчилик оталар ё оналар хорижда иш билан банд. Меҳр кўзда деб бежиз айтишмайди.

Отанинг ўрнини фақат иқтисодий муаммолар билан боғлаш қанчалик тўғри? Шундай оталар борки, улар касалмандлиги оқибатида тўшакка михланган. Лекин уларнинг ҳурмат-иззати бадавлат оталарникидан қолишмайди. Шундай оталар борки, ўз вақтида катта пул топишган, кексайганда фарзандлари меҳридан мосуво.

Чўнтагимизнинг қуруқлигидан кўра, маънавиятимизнинг камбағаллиги  ­ оилавий низоларга, оталарни беҳурмат қилишга сабаб бўлмаяптимикин?

Айрим оталар фарзандларига тўғри маслаҳат беришга, йўл-йўриқ кўрсатишга қодир эмас. Оиладаги ўрнини йўқотган оталарнинг аксарияти ичкиликбозлик, маишатпарастлик, зўравонлик каби иллатлар асири. Афсус­ки, отанинг ўрни йўқолиши оилада парокандаликни келтириб чиқаради. Бунинг оқибатида ажримлар кўпаяди. Айниқса, ношуд ота қайнота бўлса, ёш оилаларнинг ҳам бахтига чанг солади. Муаммоларни ҳал қилишга қодир бўлмаган оталар сабаб оиланинг муқаддаслигига путур етмоқда. Зеро, фарзандларга тўғри йўл кўрсатиш, хатосини ўнглашга ёрдам бериш учун отада билим, салоҳият бўлиши керак. «Ўқиб олим бўлармидинг, ана,  ўқиганларнинг аҳволи!» дея болаларини билимдан узоқлаштирган ота-оналар ҳозир додини кимга айтишни билмайди. Хориждаги оғир меҳнат кўпчиликни жисмонан заиф қилиб қўймоқда. Устига-устак, билим фақат олим бўлиш учун эмас, ҳаётда ўз ўрнини топиш, кенг фикрлаш учун ҳам керак. Газета ўқишни жиноят деб биладиган, китоб ўқишни ёмон кўрадиган, театрга тушмайдиган одам қандай қилиб кенг мушоҳада қилсин, қандай қилиб яхши ота-она бўлсин ёки ота-онани ҳурмат қилишни кимдан ўргансин? Телеканалларни босиб кетган сериалларда бу нарса тарғиб қилинмайди. Ижтимоий тармоқлар ғийбатдан ортмайди.

Шуни ҳам айтиш керакки, отанинг гапи эмас, хатти-ҳаракатлари ибрат. Ота ҳалол бўлса, қатъият билан иш кўрса, фарзандларига меҳрга қўшиб тарбия берса, ўзи иззат кўради.

Оилани асраш ҳақида кўп гапирамиз. Оилани асраш учун, энг аввало,  отанинг мавқеини мустаҳкамлаш зарур.  Бунинг учун оталар ўзлари ҳаракат қилишлари керак. Ўз қадрини билган, ўзгаларни ­қадрлаган инсонгина ҳурмат топади.

Оталаридан меҳр кўриб, катта бўлган болалар бахтли инсонлардир. Уларнинг аксарияти ҳаётда, жамиятда ўз ўрнини топади. Аксинча, калтак еб катта бўлган болалар ё аламзада, ё камсуқум бўлиб улғаяди ва ўз йўлини топишга қийналади.

Бир нарса аниқки, ота оила деган қўрғоннинг ҳимоячисидир. Ҳимоясиз оилада эса фаровонлик бўлмайди. Барчамиз шуни унутмасак, бас!

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
«ISHONCH»