Дард шаклини чизган шоир

112

Адабиёт назариясида шеъриятнинг иккита муҳим вазифаси борлиги қайд этилади. Биринчиси – ўқувчига фикр бериш, иккинчиси – туйғуларига таъсир этиш. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, Фахриёр (Фахриддин Низомов) ижоди, шеърияти назариянинг бу икки вазифасини ҳам тўла-тўкис бажаради.

Фахриёрнинг ижоди, аввало, ўзбек шеъриятида янги йўналишни ­бошлаб бергани билан, қолаверса, фикр уйғотиши, инсоннинг эътиборидан четда қолган ёки илғамаган манзара ва тасаввурни жонлантира олиши, чертиб-чертиб ишлатилган сўзлар ўйини ҳамда кучли мазмун орқали ҳис-туйғуларга таъсир этиши билан бошқалардан ажралиб туради. Шу боис Фахриёрни айримлар «тириклик» шоири деса, айримлар «модернист», яна бир гуруҳ эса «пост модернист» дея таърифлайди.

Шу йилнинг 5 октябрь куни шоир ва таржимон, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Фахриёр таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида «Янги давр адабиётида Фахриёр ижодининг ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Унда Низомиддин Маҳмудов, Эшқобил Шукур, Улуғбек Ҳамдам, Ғайрат Мажид, Назар Эшонқул, Қозоқбой Йўлдошев, Жаббор Эшонқулов каби шоир, ёзувчи ва адабиётшунослар, хорижлик тадқиқотчилар ва шеърият мухлислари қатнашди.

– Адабиёт доим янгиланиб келган, ундаги янгиликни қабул қилиш эса адабиётдаги анъанавий усулга ўрганган айрим тоифа ва авлодлар учун бироз қийин кечган. Жумладан, Фахриёрнинг ўзбек адабиётига олиб кирган модернизм йўналишини ҳамма тушунмаслиги мумкин. Шу боис унинг шеъриятини хослар шеърияти деб ҳам атаган бўлардим. Уни ўқиш учун ўқувчи тайёргарлик кўрган бўлиши керак, – деди ёзувчи Улуғбек Ҳамдам.

Тадбирда қайд этилганидек, шоирнинг яна бир ютуғи, у рус ва инглиз тилини ҳам мукаммал билади. Рус ва Европа адабиёти билан яхши таниш. Шу боис, анча йиллардан буён ўзбек шеъриятини дунёга олиб чиқишда катта жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Қолаверса «Америка ҳикоялари», «Бир болага етти маҳалла ота-она», «XXI асрда ислом: Постмодерн ­дунёда қиблани топиш» каби китоблари орқали ўзбек китобхонларини хориж ёзувчиларининг энг сара асарлари билан таништиришга ҳам муносиб ҳисса қўшган. «Сарой жавоҳири», «Яхши-ёмон йигитлар», «Федерал полиция» каби халқимиз кўнглидан жой олган бир қанча сериал ва бадиий фильмларни ҳам маҳорат билан ўзбекчалаштирган.

Анжуманда россиялик Михаил Синелников, озарбайжонлик Акбар Қўшали, туркиялик Фотима Хоним каби шоир ва таржимонлар онлайн тарзда ўз чиқишлари билан иштирок этиб, Фахриёрнинг шеърлари ва таржимонлик маҳоратини таҳлил қилди.

Тадбирда иштирокчиларга «Akademnashr» нашриёти томонидан шоирнинг таваллуд санасига туҳфа сифатида тайёрланган ва янги шеърлар билан тўлдирилган «Излам» шеърий тўплами совға қилинди.

Зебо НАМОЗОВА
«ISHONCH»

         

ИЗЛАМ
(Румиёна)
Мен ўзимни сендан изладим.
Излаш азобининг тотлари
тополмаслик сингари қадим.
Мен сенга сочилдим тариқдай.

Мен сендан тераман ўзимни,
битталаб ўзимни тераман.
Сен-чи, мендан йиғасан кимни,
мен сенга кимларни бераман?

Сендан ўзни топмаслик ўйи
юрагимга солар ваҳима.
Излам – ўйин, гизланмоқ – ўйин,
раҳмон раҳм этмас оҳима.

Раҳми келган ёлғиз сенмикан,
менга излам имконин берган?
Ўзни тополмаган менмикан,
ўз ўрнига маломат терган?

Мен ўзимни қилдим маломат,
сенга кудуратдан асрасин!
Сендан келар ҳар неки омад,
мендан – омадсизлигим насиб.

Йўқотмоқнинг муқаррарлиги
тенгдир топмоқ эҳтимолига.
Омонат – дунёда борлигинг,
абадийдир йўқлигинг. Нега?

Унда нега сендан изладим
мен ўзимни, қонимга ташна?
Имконландим, имконсизландим
гоҳ интиқиб, гоҳида қақшаб.

Кимни олиб кетди бу фано,
сеними, сендаги мени ё?
Менми, сенми, айт-чи, ким
қани, қайсимизда адашди дунё?

Сен ким бўлиб менга қайтарсан,
мен қайтарман сен томон ёхуд?
Менга кимлигингни айтарсан,
Машрабмисан ё Бозор Охунд?

Бу йўллар саргарди – келмассан,
мен ўзимни бунчалар кутдим?
Қанчалар кутганим билмассан,
қанча-қанча изламлар ўтди.

Сени изламадим. Изладим
сендан мен ўзимни тинимсиз.
Топмадим, бўзладим, музладим,
кўзларимда қасирлайди муз.

На топмокдик бўлар мустажоб,
на топмаслик насиб этади.
Излаётган кимарсанг,
ажаб, изламасанг қайга кетади?

Топмоқ учун изламаслигинг,
излаш учун топмоғинг даркор.
Бу туйғулар нақадар чигил,
ҳар чигили бир сиртмоқ арқон.

Мен ўзимни сенда суярман,
гоҳо топиб, гоҳо топмайин.
Сени топганимдан куярман,
куядирман топмаган сайин.

Мен ўзимни сендан изладим…

***
АЛЛАЁР
Келдигим, келмагинг бунчалар қийин?
Кулдигим, кулмагинг бунчалар қийин?
Билдигим, билмагинг бунчалар қийин?
Суйдим, аллаёр-аллаёр, куйдим, аллаёр-аллаёр!

Бу кўнгил эмранди, азобим – билгич,
висолинг фалаждир, ҳижронинг – келгич,
табассум кўрмаган шикаста кулгич.
Суйдим, аллаёр-аллаёр,
куйдим, аллаёр-аллаёр!

Бахтнинг дарвозаси занглаб ётади,
юрак очилмоғин ангниб ётади,
ортига ой ботар, юлдуз ботади.
Суйдим, аллаёр-аллаёр,
куйдим, аллаёр-аллаёр!

Не найсон эдингки, абр келмади,
қошинг қаросидан қадр келмади,
на жаҳру на зикру садр келмади.
Суйдим, аллаёр-аллаёр,
куйдим, аллаёр-аллаёр!

Кўнгил ойнасига кўз ёш тўкилди,
фалакдан ой билан қуёш тўкилди,
умид косасидан бардош тўкилди.
Суйдим, аллаёр-аллаёр,
куйдим, аллаёр-аллаёр!

Дилдан юлиб олдим ҳар битта байтни,
кулиндим, тилиндим, алёрлар айтдим,
шояд тунларимга суйдигим қайтса.
Суйдим, аллаёр-аллаёр,
куйдим, аллаёр-аллаёр!

***
ТИЙРАМОҲ БОҒЛАРИ
Тийрамоҳ боғлари рутубатлидир,
кезинар, эзинар телба руҳунат.
Ёмғир бўлиб бўзлар сағир сукунат,
ичингда ўрмалар куйгин бир гидир.

Гулим, баҳорларда кетдинг сен қолиб,
орамизда тўқсон, бир қишлик йўл бор,
тароқдан ўрмону ойнадан кўл бор,
на оҳим етгайдир, на қийлу қолим.

Тушовин узолмас вақт – арғумоқ,
чилтаннинг қўллари қанотга дўнар.
Кетарман, бу ерда қолмоғим гумон.

Кетарман, изимдан хазонлар ҳайдаб,
шамоллар эргашар. Дарахтлар тўнар.
«Бор-ҳо, кел-ҳо, ҳамалам-ҳа, йўл қайди?.

***
ГУЛИМ
Юракни тикаман, таваккал бу – мир,
Ютаман, ҳижронинг чиқади. Не сир?
Қароқда армонлар айланар гар-гар:
Гулим, рухсорингни кўролмадим бир.

Бошимда қузғундек чарх урар кунлар,
На дер бор, на шеър бор сенингсиз тунлар,
Кўксимдан Ой бўлиб отади мунглар,
Гулим, рухсорингни кўролмадим бир.

Не ростки, дунёнинг ёлғонлари мўл,
Бермоғи мушкулдир, олганлари мўл,
Не ғамки, кетгандан қолганлари мўл,
Гулим,
рухсорингни кўролмадим бир.

Не баҳор, мен уни соғинмай қўйдим,
Не сабр косаси – ҳажр, май қуйдим,
Не орзу эдингки, армонга йўйдим.
Гулим,
рухсорингни кўролмадим бир.

Гулларга қарайман, гулим йўқ менинг,
Йўлларга қарайман, йўлим йўқ менинг,
Ёндим-у, куйдим-у, кулим йўқ менинг,
Гулим,
рухсорингни кўролмадим бир.

Не найки, бўғзида наволар куяр,
Қобирғам ўрнида ҳаволар куяр,
Оққушнинг бўйнида саволлар куяр,
Гулим,
рухсорингни кўрурманми бир?