Бундан анча йиллар илгари катта бир йиғинда лавозими ўрта даражада бўлган раҳбар ҳаммага эшиттириб, «Ёзувчиликка қаерда ўқитишади, сиртдан бўлса-да, ўқирдим», деб қолди. Кимдир: «Қаерда бўларди, оилада-да, шуни ҳам билмайсизми?» деганди, савол берувчининг жаҳли қўзиди:
– Мен жиддий сўраяпман.
– Мен ҳам сизга жиддий жавоб беряпман.
Баҳслашиб кетишди. «Жиддий» саволга муносабат билдирмаган ҳеч ким қолмади. Аммо кутилмаганда юзага қалқиб чиққан «муаммо» ечими топилмади.
Собир Ўнарнинг қишлоқ ҳаёти, тоғ одамлари, шаҳардан туриб қараганда, одмироқ бўлиб кўринадиган қадимий урф-одатлар, жайдари маросимлар, ўзаро меҳр-мурувват, оқибат, яхши қўшничилик ҳақидаги ҳикояларини, китобхонни фикр оламига бошловчи эсселарини ўқир эканман, «Қаерда бўларди, оилада-да» деган гап замирида маълум ҳақиқат борлигига ишонч ҳосил қилдим.
«Кунсулувнинг сирли хатлари», «Олдинда ёнган маёқ» тўпламларини ўқиган кишида шундай таассурот қолади. Қишлоқ кўчалари, баҳорда томи лолақизғалдоққа бурканадиган пастқам уйлар, сурувга тўла қирликлар, сирли сўқмоқлар, чўпон-чўлиқларнинг чўпонча таомлари, минг парда ичидаги, ташқарига чиқса, шамоллаб қоладиган илк муҳаббат, тўй-ҳашам, кўпкари, кураш, бошқа ҳеч жойда учрамайдиган гурунглар, боболарнинг дуолари, момоларнинг айтимлари, қиз-келинларнинг чистонлари – яна қанчадан-қанча ҳолатларни ўқувчининг кўз ўнгида гавдалантириш учун қишлоқда туғилиш керак. Болалиги, ўсмирлиги шундай ҳаёт ичида ўтиши, қўшни қизга ишқ изҳор қилиб, ёзган хати ошкор бўлиб, акасидан озроқ таёқ ҳам ейиши керак.
Қуйидаги парчага эътибор беринг, унда деярли шаҳарлик бўлиб кетган Собирнинг соғинч туйғулари бор: «Болалигимдан жуда олислаб кетгандайман. Вақт ўтгани сайин ичингда армон деган бир туйғу кучайиб борар экан. Ҳозир ўғил-қизларимга болалигимда бўлган воқеаларни сўзлаб берсам, ишонишмайди. Чунки менинг болаликда яшаган шароитим уларга ибтидоий жамоа тузумини эслатса керак. Уч-тўрт ёшимда бобомни ҳўкиз судраб кетиб, фалаж бўлиб қолганларини эслайман. Унгача полвон эди. Бир эшак аранг кўтарадиган емни ўзи даст елкасига олиб, сомонхонанинг устига ташларди. Ўн тўртинчи калишини яқин-яқингача сақлаб туришган. Амаким Исмат чавандоз маҳсисини кўпкари этик қилиб қайта тикиб берганини биламан…».
Шаҳар ҳаёти қишлоқда ўтган йиллар хотирасини сусайтиради. Аммо ҳаммасини эмас. Буни Собир Ўнар ижодида яққол кўриш мумкин: «Отам қирқ йилча давлатнинг молини боқди. Тоғ-тошда мол кетидан тинимсиз юриш, даштда кечаларни уйқусиз ўтказиш, қишнинг қора совуғида ҳам тиним билмаслик (Чингиз Айтматовнинг «Алвидо, Гулсари» асаридаги Танабой каби – муаллиф), ўлган қўй ёки кам туққан совлиқ учун раҳбарлар олдида ғарибларча, гуноҳкорларча жавоб бериш… Бу азобларни унутиб бўлмайди…».
Албатта, қишлоқда туғилган болаларнинг ҳаммасидан ҳам ёзувчи чиқмайди. Бунинг сабаби – кўрган-эшитганларини хотирада сақлаб қолиш учун жиддий истеъдод, кўрадиган кўз, ҳис этадиган кўнгил, маъносини англайдиган фаҳм керак бўлади. Шукур Холмирзаев ҳикояларини ўқиган киши ҳали йўли тушмаган бўлса ҳам, Бойсунни, шу ғаройиб замин одамларини, уларнинг феъл-атвори, гоҳ босиқ, гоҳ ўт-оловлиги, орият учун тенгсиз «жанг» қилишга тайёр эканликларини тасаввур қилади, айрим қаҳрамонлар унга ҳатто танишдай туюлиб кетади ҳам. Қаердадир кўрган, суҳбатлашган ҳам. Буни Эркин Аъзам, Усмон Азим, Қўчқор Норқобил ижодида ҳам кўрса бўлади.
Собир Ўнар шу йўсиндаги ёзувчиларимиздан бири эди. Унинг қаҳрамонлари камсуқум, шукурли, ортиқча нарса талаб қилмайдиган, таъмадан йироқ, орзу-хаёллари ҳам шунга яраша одамлар. Ўқувчи уларни шу жиҳатлари учун ҳам севиб қолади.
Адабиётшунослар бу ёзувчининг ижодини турли йўналишда талқин қилишлари мумкин. Менга қолса, тадқиқотларда Собиржоннинг ижодкор кўзи ўта тийрак, ижодкорлик сезими ўта кучлилигига эътибор бериш керак. Ўзаро суҳбатлашиб қолганимизда, Собиржон туғилган жой одамлари билан мен туғилган олис Сафед Булон одамлари характери ҳамда гап-сўзларидаги умумийликдан ҳар иккимиз ҳайратга тушардик. «Қаерда туғилишни билгансиз-да», десам, мийиғида кулиб, «Сиздан ўрганганман», дерди.
Собиржон «Ёшлик» журналида самарали ишлади. Ўзини аямай, обуна дардида, янги истеъдодларни кашф қилиш мақсадида юрт кезди. Бу муаммони тушуниб, муҳаррирга ёрдам берадиган, бунинг мутлақо акси – обуна деса, қош-кўзи титраб кетадиган раҳбарлар билан ҳам учрашди. Чарчоқ нималигини билмади. Журнал саҳифаларини янги номлар билан бойитди.
Инсон характери ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши қийин. Дадахон Нурий, Шодмонбек Отабоев, Турсун Али ва бошқа бир тоифа ижодкорлар учун минбарга кўтарилиб, маъруза ўқиш ўта мушкул иш. Уларга ёзиш, қоғозга тушириш, фикрни ёзма ифодалаш маҳорати берилган. Бу рўйхатнинг олдинги қаторида Собир Ўнар ҳам турарди. У кўнглида борини, ёзувчи сифатида ўзини безовта қилаётган муаммоларни оғзаки айтишдан кўра, ёзма ифодалашни хуш кўрарди.
Такрор айтаман: Собир Ўнар дунёсини билмоқчи бўлган ўқувчи унинг ижодига шўнғиши керак. Ҳамма ҳикоя ва қиссалар қаҳрамонлари тилидан айтиб қўйилган. Ўзи ҳам кўп нарса айтиб кетди. Бир суҳбатида кўнглини шундай очган эди: «Хиёнатни кечириб бўлмайди. Бу шундай иллатки, бир оёғи тубсиз жарлик ёқасида туради. У – ожиз. Бундай кимсалар сотқинликка мойил бўлишлари билан хавфли. Нодонлик ҳам шундай. Гоҳида амал курсисига ёпишиб олган жоҳилга дуч келасан. Унга ишинг тушади. Олдига борасан. Кутиб турасан. Рухсат сўраб ичкарига кирасан. У эса сенинг эгилишингни, ўтиниб илтимос қилишингни кутади. Шундан завқ олади…».
Собир Ўнар дуч келган кишига кўнглини очадиган йигитлардан эмасди. Босиқлиги, кузатувчанлиги, оддий гапни ҳам неча бор ўйлаб гапириши билан бошқалардан ажралиб турар, аммо хонаси келганда, айтарини дангал айтиб, улоқни олиб ҳам кетарди.
Хотира ёзиш осон иш эмас. Одатда, бундай битикда хотирланувчининг яхши фазилатлари эсланади, аммо шу баҳона хотира ёзувчи… ўзини ҳам унутмайди. Шундай бўлиб қолмаслиги учун мақолага шу ерда нуқта қўймоқчи бўлиб, уни ўқиб чиқдим. Кўнглим тўлмади. Анча-мунча фикр қоғозга тушган, ўқиса бўлади, аммо тўла маънодаги Собир Ўнар йўқ.
Нима қилиш керак? Бошқа одам бўлганида, масалан, Дадахон Нурийга ёзганимдек, орамизда бўлиб ўтган ҳазил-ҳузул гапларни қўшиб, мақолани қизиқарли қилган бўлардим. Собир Ўнар жиддий эди. Бошқалар куляпти-ку, деб умумий қаҳқаҳага қўшилиб кетмасди. У кулишнинг ҳам меъёрини биларди. Шундай деб турганимда… бир воқеа ёдимга тушди.
Собиржон ёш ижодкорларнинг Жиззахнинг Ўриклисойида ўтказиладиган семинарларида фаол иштирок этар, ҳаваскор носирларнинг қораламаларини синчиклаб ўқиб, уларга ҳамиша тўғри маслаҳат берар, пишиқ-пухталарини журналга тайёрларди. Адабиётимизга янги истеъдодлар кириб келаётганидан мамнун бўлиб, хурсандчилигини ўзича намоён қилар, ёшларни акаларча бағрига босиб, уларга сабоқ бераётган устозларини даст кўтариб, бир-икки айлантиргач, одобли полвонлардай оҳиста ерга қўярди.
Бир гал Собиржон уч-тўртта ёшни тарбиялаган таниқли шоирага раҳмат деб уни ҳам даст кўтарди. Қий-чув бўлиб кетди. Кимдир: «Ҳой, опамиз расмий лавозимдалар-а», деса ҳам парво қилмади, аксинча: «Ёшларни адабиёт бўстонига олиб кираётган устозларга қуруқ раҳмат деймизми, уларни ҳеч бўлмаса бир кўтариб қўяйлик», деди хотиржам.
Давра қизигандан қизиб кетди. Илҳом жўшди. Шунчалик жўшдики, ҳатто мен ҳам қўлимга қалам олиб, қуйидаги тўртликни қоғозга туширдим:
Аёлларни кўтариш бу – қадим ҳунар,
Бу ҳунардан яна бошқа ҳунар унар.
Ўриклисой тўлиб оқсин илҳом билан,
Устозларни кўтараверсин
Собир Ўнар.
Собир Ўнар биргина аёлларни эмас, адабиётимизни ҳам анча кўтариб кетди.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган
журналист



