МУЮЛИШДА

88

Бу воқеага 30 йилдан ошди, аммо ҳали-ҳануз ёдимдан чиқмайди…

Авжи ёз эди. Тонг саҳарлаб журналист сифатида хизмат сафарига отлангандим. Янги «ЛАЗ» салқин-мусаффо ҳаво бағрини ўқдек тилиб, катта йўлдан шиддат-ла олға интиларди. Мен автобус ойнасидан ташқарига боққанча, ётоғидан эринибгина бош кўтараётган офтобни, аста-секин заррин нурларга чулғанаётган борлиқни томоша қилиб борардим. Йўлнинг икки тарафи кета-кетгунча дала бўлиб, аҳён-аҳёнда ён-атрофдан пайкал оралаб ғўза чилпиётган аёллару, пахтага ишлов бераётган тракторлар кўзга ташланиб қоларди. Бу манзаралар менга муштдайлигимдан яхши таниш бўлса-да, негадир кенг пахтазорлардан ҳадеганда кўз узолмасдим…

Бир маҳал хаёлим бўлинди. Автобус Оққўрғон муюлишига етганда тақа-тақ тўхтади. Оқ-сариққа мойил юзлари ялтираган, сочлари сийраклашган барваста қоматли ҳайдовчи моторни ўчириб, иккала эшикни ҳам ланг очаркан, эълон қилди:

– Беш минут перекур! Кейин дальше кетамиз!..

У шундай дея, йўлкира йиғишга мўлжалланган сумкачаси билан керакли ҳужжатларни қўлига олди. Кабинадан пастга чаққон сакраб тушиб, машина ғилдиракларини бир-икки тепиб кўрди-да, сал наридаги кўримсизгина нозимхона томон юрди. Худди шу пайт автобусга олдинги эшикдан озғин, новча бўйли бир одам билан етти-саккиз ёшлар чамасидаги нимжонгина қизалоқ чиқа бошлади.

Бир қарашда англадим – улар ота-бола тиланчилар эди. Афт-ангорлари, уст-бош­лари, юриш-туришлари шундан далолат бериб турарди. Айниқса, қизчанинг кўриниши афтодаҳол эди. Қайта-қайта ювилаверганидан ранги униқиб, гуллари билинмай кетган кўйлаги кир-чир, этаклари йиртилган. Туфлисининг учлари кўчган. Тўзғин малла сочларига яқин орада тароқ тегмаган. Саратон қуёшида қорайган юз-қўллари тарам-тарам ёрилган. Чамамда, кўзлари ожиз бўлса керак, бир нуқтада қотиб қолган, киприклари қилт этмасди.

Эркакнинг аҳволи ҳам қизчаникидан авло эмасди. Эгнида аскарларнинг ташландиқ кийими. Оёғида қўнжи кесилган эски кирза этик. Бошида ийиғи чиққан кепка. Соч-соқоли ўсиқлигидан ёши нечадалигини билиб бўлмайди. Мовий кўзларининг четларини хилим босган. Боқишлари алланечук совуқ ва лузумсиз.

Ота-болани ўзимча тиланчиларга йўйиб янглишмаган эканман. Улар зинапоядан кўтарилар-кўтарилмас, автобус ичида дўриллаган овоз янгради:

– Эй, яхши одамлар! Эй, сахий инсонлар! – Эркак тиланчи ўз тилида ҳасратини айта кетди. – Мен дардманман, ишлашга қурбим етмайди. Илтимос, ёрдам беринг. – У шундай дея, ён томонига энгашди. – Ҳеч бўлмаса, манави чала етимчага раҳмингиз келсин, – деди қизчага имо қилиб. – Унинг кўзлари чақалоқлигидан яхши кўрмайди, қулоқлари эшитмайди. Худо омадингизни берсин, йўлларингиз бехатар бўлсин, биздан эҳсонингизни аяманг, хайр-садақа қилинг! – У сўзини тугатаётиб, «Юр!» дегандай, боласини оҳиста туртиб қўйди.

Қизалоқ олға қадам ташлаши асноси кафтларини жуфтлаштирган ҳолда қўлларини кўкраги баравар кўтариб, олдинга чўзди. Рангпар лаблари билинар-билинмас титраб, алланималарни пичирлай бош­лади. Отаси эса бўғиқ, илтижоли оҳангда тағин бояги гапларини такрорлашга киришди:

– Очимиздан ўлмайлик, биздан меҳр-мурувватингизни дариғ тутманг, илтимос, яхшилар!..

Шубҳасиз, бу ҳолат йўловчилар ­кўнглини шамдек эритди. Қизалоққа кимдир танга, кимдир қоғоз пул узатди. Ўртароқда ўтирган болали бир аёл елим халтасидан тандир нон чиқариб, унинг қўлига тутқазди. Эл қатори мен ҳам чўнтагимни кавладим…

Ота-бола орқа эшикка яқинлашганларида ҳайдовчи қайтиб келди-ю, уларни кўриб, бирданига бақира кетди:

– Ҳов, исқирт! Кеча мен сенга нима девдим, эсингдан чиқдими?.. Қани, бўл тез, пастга туш!..

Очиғи, қоракўз, қорақош, миқти гавдасидан куч ёғилиб турган ҳайдовчидан бундай қўполликни кутмагандим. Шу боис чидай олмадим, уни инсофга чақирмоқчи бўлдим.

– Ака, бу бечораларга нега дўқ урасиз? Аҳволларини кўриб турибсиз-ку…

– Э, сиз жим ўтиринг, ука! – Ҳайдовчи сўзимни чўрт кесиб, кескин қўл силтади. – Нима қиласиз билмаган нарсангизга аралашиб? – деди зарда аралаш. – Бу ­пиянистанинг кимлиги шу ўртадагиларга отнинг қашқасидек маълум. Ўз боласининг ногиронлигидан фойдаланиб кун кўришдан ор қилмаган одам бировнинг яхшилигини тушунармиди? Қайтага тузингизни еб, тузлиғингизга тупуради. – Ҳайдовчи гапининг давомини айтиб ўтирмади. Турган жойида бўйнини чўзиб, яна ота-болага ўшқирди. – Ўв-в, бўласанларми-йўқми ёки санларни ўзим…

У жаҳл устида йўловчиларни оралаб, орқага ўтди. Сўкина-сўкина ота-болани автобусдан тушириб юборгач, шаҳд билан бориб рулга ўтирди. Елкаси оша менга ошиғич қараб нимадир демоқчи бўлди-ю, индамади. Соатига бирров назар солди-да, моторни ўт олдирди.

Зум ўтмай автобус текис йўлдан елиб кетди. Терак бўйи кўтарилиб қолган қуёш боягидек майин жилмайиб боқар, далалар тобора заррин нурларга чулғаниб борар, ён-атрофда ҳаёт қайнарди. Аммо менинг аввалги кайфиятимдан асар ҳам қолмаганди. Манзилга етгунча ота-болага ачиниб, ҳайдовчини хаёлан айблаб бордим.

…Қайтишда бошқа автобусга ўтирдим. Бу вақтга келиб офтоб сариқ баркашдек бўлиб Ғарбга ёнбошлаган, бироқ ҳали тафти қайтмаганди. Автобус ичи ҳаммомдек исиб кетганидан нафасни бўғиб, одамни лоҳас қилар, йўловчиларнинг юз-кўзларидан шаррос тер қуйиларди.

Хайрият, таниш муюлишга етганимизда бу ҳайдовчи ҳам беш дақиқалик «танаффус» эълон қилди. Кўпчилик туша солиб, ўзини йўл четидаги дарахтлар соясига урди. Ташналикка чидамаганлари пиво ва сув сотиладиган дўконча сари шошилди. Мен ҳам уларга эргашдим. Илиброқ қолган газли сувдан бир стаканини даст кўтариб чанқоғимни қондиргандай бўлдиму, қўлларимни чайиб олиш мақсадида дўконча ортидаги ариқ бўйига ўтдим. Айни шу лаҳза қулоғимга инграшга ўхшаш овоз чалинди. Илкис ҳушёр тортиб, атрофга разм солдим.

Қарасам, пиво бочкалари турган жойда бир одам юз тубан тушиб ётибди. Уст-боши чанг, ҳамма ёғига хас-хашак илашган. Қўнжи кесилган этигининг бир пойи оёғидан тушиб қолган. Чап қўлида ғижимланган кепка, иккинчисида винодан бўшаган шиша. Ҳар замон-ҳар замонда ётган ­жойида безовта қимирлаб, ғудраниб қўяди. Сал нарида эса рангпар, нимжонгина қизалоқ. Толга суянганча, пашшага таланиб ўтирибди. У кўзларини юмиб олиб хаёл сураяптими ёки ухлаб қолганми – дабдурустдан фарқига боролмадим. Қизалоқ тез-тез қабоқларини учириб, беихтиёр тамшаниб қўярди…

Булар эрталаб ўзим кўрган ота-бола тиланчилар эди. Улардан юз ўгириб, ортимга буриларканман, қулоқларим остида алланечук зардали овоз янграгандай бўлди:

– Сиз ниманиям билардингиз, ука! Мен кунда-шунда бу пиянистани яхши танийман. Боласининг ногиронлигидан фойдаланиб кун кўрадиган одам ҳам одамми?..

Абдунаби ҲАЙДАРОВ,
Ўзбекис­тон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист