Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилгач, кўплаб опа-сингилларимизнинг ҳаёти тубдан ўзгарди. Айниқса, «Аёллар дафтари» доирасидаги кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бера бошлади.
Бағдод туманининг «Қўшчинор» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Жаннатхон Эргашева шундай дейди:
– Оиладаги етишмовчилик сабаб, соғлиғимга жиддий эътибор бера олмадим. Узоқ йиллик касаллик мени анча ҳолдан тойдирган эди. Мутасаддиларнинг ёрдами билан даволанишим учун йўлланма берилди. Барча дори-дармонлар, муолажалар бепул амалга оширилди. Мана, ҳозир саломатлигим анча яхши. Бундай ғамхўрлик учун Президентимизга раҳмат.
Бағдод туманининг «Олчин» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зулхумор Мамажонова оғир ижтимоий вазиятда қолгани сабабли «Аёллар дафтари»га киритилган:
– Иш йўқлигидан гўдак фарзандимни онамга ташлаб, Россияга ишлашга кетгандим, – дейди у. – Мусофирчиликда икки йил юриб, не кунларни кўрмадим… Маҳалла фаолларининг Ватанга қайт, сенга иш топиб берамиз, деган ваъдасига ишониб-ишонмай йўлга отландим. Тўғри қилган эканман! Келишим билан 10 сотихли иссиқхона беришди. Тағин денг, ичига 100 туп лимон кўчати экилган. Лимонлар орасига эрта баҳорда помидор ва бодринг экдим. Даромадим чакки бўлмади. Иссиқхонага бодринг ҳам экканман. Найчалашни бошлади. Ўн кунлар нари-берисида сотишга тайёр бўлади. Бундай эътибор ва ғамхўрликдан жудаям мамнунман. Энди мен мулкдорман, ер эгасиман! Болажоним бағримда униб-ўсяпти.
Бағдод туманининг «Чекмирзаобод» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Раънохон Қосимова ҳам ишчи гуруҳ хулосасига биноан «Аёллар дафтари»га киритилди.
– Турмуш ўртоғим оламдан ўтгач, икки вояга етмаган жўжабирдай фарзандимга ҳам ота, ҳам оналик қиляпман, – дейди Р.Қосимова. – Ўзимдан ўтгани ўзимга аён. Эндигина 41 ёшга кирдиму, лекин шу вақтгача кўрмаган азобим қолмади, ҳисоби. Сабр таги сариқ олтин экан. Мана, яхши кунларга ҳам етдик. Президентимизга минг раҳмат: биз каби қийналган оилалар ҳолидан хабар олиниб, беминнат ёрдам кўрсатилмоқда.
Жамшид ЭРГАШЕВ,
«ISHONCH»
