Мустабидлик ридоси, бегонапарастлик балоси

2569

Биз нимагадир оддийгина нарса-ҳодисаларни ҳам бошқа тилларга мансуб сўзларда ифодалашга ўчмиз. Қадимда ҳар гапга арабий, форсий калима қўшиб гапириш боболаримизнинг илмий тил бўлмиш арабчага, сарой тили саналмиш форс­чага яқинроқ бўлгани, халқнинг жўн, жайдари сўзлашув тилидан баландроқ турганини билдирган. Лекин ҳозирга келиб, бу ҳол фазилатдан камчиликка айланди. Биз эса ҳамон ўша баланд ҳаво билан юрибмиз. Гапирган гапимизда ё русча, ё инглизча сўзлар… Миллатнинг каттасидан кичигигача асл сўзларимиз қолиб, ёт, бегона сўзларни пала-партиш, ярим-ёрти қўллаш касалига йўлиққан. Айниқса, кейин­ги пайтда  ижтимоий тармоқларда ўзга тилдан кирган сўз борки, тўғри-нотўғрилигига қарамай, қўллайвериш одат бўлди. Шугиналарнинг ўзбекча ифодасини топиш қийинми? Бодилигимизга заха етади-да, а!.. Бу ҳол бизнинг маданий миллат деган номимизга ярашармикан?!

– Ассалому алайкум! Ижозат берсангиз, суҳбатимизни ўта муҳим бўлган савол билан бошласак. Ёшлар тақдирига бефарқ бўлмаган зиёли сифатида айтинг-чи, тараққиётдан узилмаган ҳолда, миллатнинг эртаси бўлган ёшларнинг миллий, яъни шарқона қиёфасини сақлаб қолмоқнинг иложи борми? Ёшлар тарбияси билан боғлиқ муаммоларнинг илдизи қаерга бориб тақалади?

– Унутмаслигимиз керакки, Ғарб ва Шарқ дегани фақат жуғрофий атама эмас. Агар шундай деб қаралса, ҳеч қандай маъно касб этмайди. Бирида қуёш эртароқ чиқади, бирида кечроқ, холос. Аслида ушбу икки сўзнинг моҳияти – жуда кенг. Бунинг замирида тарих, менталитет, эътиқод, миллийлик каби залворли тушунчалар ётади. Кейинги вақтда «шарқона менталитет», «шарқона қиёфа» сингари иборалар кўп тилга олинадиган бўлди. Гўёки шарқонаси яхши-ю, ғарбонаси ёмон.
Тўғри, кўплаб ихтирою кашфиётлар тарихан Шарққа тобин, сабаби қуёш шарқдан чиқади-да. Кечаги кун ўтди-кетди. Аждодларимиз қўл урган буюк ишларга шарафлар бўлсин. Лекин энди келажакни деб яшашимиз керак. Абдулла Орипов бир суҳбатида бундай деган эди: «Тунов куни ойнаи жаҳонда савол-жавоб бўлди. Бошловчи бир ёш йигитдан «Амир Темур ким бўлган?» деб сўраган эди, ҳалиги йигитча тамоми самимият билан «Билмайман, мен у вақтда ёш бола эдим», ўйлаб жавоб берди. Тўғри-да, унга Амир Темур ҳақида биров бир нарса демаган. У ҳам ростини айтди-қўйди». Ушбу воқеани сўзлай туриб, шоир «Агар айрим ёшларимиз миллий қадриятларимиздан бехабар бўлса, бунинг учун биз – муаллим ва мураббийлар ҳам айбдор…» деган каби мулоҳазани ҳам қистириб ўтган эди.
Тўғриси, Шарқ яхши, Ғарб ёмон дея нарх уришлар менга нашъа қилади. ­Лоақал, ўзингиз айтинг, Шарқ адабиётидан кимлар жаҳонга чиқиб, дейлик, Нобель мукофотини олган? Гап мукофотда ҳам эмасдир, балки, қолаверса бу нарсалар жуда шартли, нисбий, аллакимларнинг сиёсий қарашлари орқали ҳал қилиниши ҳам мумкин. Лекин барибир одамга алам қилади-да…
Дангалини айт­сак, ­тараққиёт бугун Ғарбга кўчган. Турмушимиз, маишатимиз, қўйингки, саломатлигимиз учун зарур бўлган ашёларнинг аксари Ғарбда яратил­япти. Буни мардларча тан олмоқ даркор.
Ёшларнинг тарбияси эса ота-она, муҳит, тузум ва замондошларга боғлиқ. Шуни унутмаслигимиз керакки, одамзод ­табиатан эрк, тараққиёт ва янгиликка ўчдир. Уни сунъий равишда бўғмоқчи бўлсангиз, ботиний чириш бошланади. Етмиш йил тангу тор бир муҳитда яшадик. У тийнатимиздаги табиий ўзига хосликни парчалаб, руҳимизгача кириб борди. Ҳаттоки, исму насабимизга дахл қилди. Ўқиган бўлсангиз, «-Ов, -ов, -вич, -вич» сарлавҳали кичик­роқ мақолам бор эди. Ўрисча фамилия­ларга хос «-ов», «-вич» қўшимчаларини қўллашга қарши ёзилган. Дейлик, менинг исмим – Эркин, фамилиям – Аъзам. Лекин «-ов» нима дегани? Ҳа, кечаги замонда «ўртоқ Фалончиев» аталмоқ шараф эди, жамиятда маълум бир поғонани эгаллаганингизни англатарди. Бугун энди араб­ча-ўзбекча номларга тиркалган бу қўшимчаларнинг бемаъни ва беўхшовлиги маълум бўлиб қолди, чамамда. Аммо бир укамиз бояги фиқрани Фейcбукка жойлаган экан, ҳамма ҳар ёқдан талаб ташлади-ку: «Шунча муаммоларимиз турганда, фамилияни ўзгартириш нимага керак?» Бунисига нима дейсиз?!
Қарангки, шу насабни ҳам тўғри ёзмаймиз. Албатта, «Агзамов» бўлиши керак! Негадир фамилияларимиз ўрисча талаффуз этилиши бизга ёқади, ич-ичимизда ғурурланамиз ҳам. Нима, масалан, Тахтахаджаев эмас, Тўхтахўжаев деб ёзилса, тахтдан тушиб қолинадими?! Шукурки, бугун номингизни истаган шаклда ёздиришингиз, ўзгартиришингиз ёки тахаллус танлашингиз мумкин. Ана, илк шеърига қофия қидириб юрган болалар ҳам ўзига «Парвоз», «Виқор» дея тахаллус қўйиб оляпти. Афсуски, халқимизнинг табиатида ювош­лик, сиполик, ортиқча андишамандлик ғовлаб кетган. Қурбақани босса ҳам вақ этиши керак-ку!..
Ёшлар масаласи ҳамма замонда долзарб саналган. Хўш, уларни ким тарбиялайди? Албатта, биз. Лекин ўзимиз рисоладагидек тарбия кўрганмизми? Қанчалик ростгўй ва тўғрисўзмиз? Ана шунга ишончимиз комил бўлса, билаверинг, ёшлар биздан узоқ кетмайди.
Аммо ёшларни ишонтира олмаяпмиз деб қўрқаман. Кўряпсиз, бугун одамларда ҳам беқарорликка, ҳам адолатга ташналик кучли. Тарбия усулларимизда эса алмисоқдан қолган унсурлар ҳали бас дегунча бор. Кўп деса ҳам бўлади. Аслида биз катта авлод вакиллари қандай бўлсак, болаларимиз ҳам шундай бўлади. Шундай экан, аввало, ўзимиз яхши бўлишга ҳаракат қилмоғимиз даркор. Биз ёлғончи бўлсак, қандай қилиб ёшлардан ростгўйликни талаб қиламиз? Менимча, бугунги ёшлар ҳечам ёмонмас, лекин… яхши ҳам эмас. Мен қандай бўлсам, улар ҳам шундай!
Қисқаси, ёшлар борасидаги фикрларим хийла мураккаб. Ҳали айтганимдай, менга ғарбона менталитет, шарқона менталитет деган тушунчалар нисбий. Мен битта менталитетни тан оламан – инсоний менталитетни. Одам бўлиб туғилдими, одам бўлиб яшаш керак!

– «Адабиёт ва санъат «тош юраклар»ни юмшатиш, эгрини тўғри йўлга бошлаш, азиз ва мукаррам Одам зурриёти ичига жойлашиб олган «хоинни ўлдириш», маънавий жароҳатларни даволаш бобида беназир қурол ҳамда малҳамдир! Айтинг-чи, бугун адабиётнинг қудратини тўлиқлигича ишга сола оляпмизми?

– Айрим юртдошларимиз «Нега биздан Айтматов чиқмайди?» дея ёзғиради. Биздан яхши ёзувчилар чиққан, лекин қадрига етмаганмиз, тирсаклаганмиз, камситганмиз. Кейин кўпинча муносиблар қолиб, майдонни номуносиблар эгаллаган. Афсуски, бугун ҳам шундай ҳолатларни кўриш мумкин. Дейлик, сал-пал хорижий тилни билган биттаси ёзганларини четда нашр эттириб, у мукофотни онлайн олдим, бу мукофотни олдим, дея мақтанади. Ўзича виртуал дунёнинг қаҳрамони! Майли, бўлса бўлаверсин. Аммо мени виртуал дунё қизиқтирмайди, менга реал дунёдан гапиринг. Сираси, ташвишингизда жон бор. Бугун китоб ёзгич шу қадар кўпайдики, қаламингизни синдириб отгингиз келади. Баъзи нарсаларни ўқиб, бошингиз қотади: рўйи заминдаги ҳаётни тасвирлаяптими ёки осмону фалакка чиқиб кетдими? Муаллифларнинг ўзидан сўрасангиз, бақрайиб тураверади. Китобини хотинидан бошқа ўқимаган…
Ёзилаётган баъзи шеъру ҳикоялардан таржиманинг ҳиди келади. Бир жойларда ўқигандай туюлаверади одамга. Ана шунисига йўқман-да… Менга инсоний моҳият муҳим. Инсоний моҳият ифодаси тоза, оҳорли эканини бир жумладан илғайман. Агар интернетда айланиб юрган арзонгаров гаплар асосида ёзилган бўлса, у билан ўқирманни, мени қойил қолдира олмайди. Алҳол, жаҳон адабиётига ҳам бундай «янгилик»нинг кераги йўқ. Асарда сирқираган дард бўлмаса, чин изтироб ифода топмаса, тайин мақсад-муддао кўринмаса, ўқувчи мардумнинг бошини қотириб нима қиласиз?! Оддий китобхон унча-мунча қусурни сезмаслиги, олди-қочди воқеаларга қизиқиб, ўқиб кетавериши мумкин. Лекин бир қарашда силлиқ, бенуқсон кўринадиган бундай матнларни қўлга қалам олиб, кўздан кечиринг-чи, «соғ» жойи қолармикан?! Афсуски, сўз-жумлага эътиборсизлик, пала-партишлик ёшларгагина эмас, элга таниқли баъзи оқсоқол адибларимизга ҳам хос. Ёзувчилик даъвоси билан чиқдингизми, гап санъати эмас, сўз санъатига амал қилиб, ифодани танлаб-танлаб, ўрни-ўрнига қўйиб ёзинг-да, барака топкурлар! Бундай ҳолга асосий сабаб – адабий нашрларимизда талабчанлик сусайиб кетгани, ҳар доим ҳам шараф келтирмайдиган машаққатли ҳунар эгаси – муҳаррирларнинг камёблиги. Оқибатда муҳаррир ҳам муаллифнинг ўзи, мусаҳҳиҳ ҳам. Баъзида тақризчи ҳам…
Ҳадеб ўзинингу бир-икки тенгдошининг ёзганларини ўқийвермасдан Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ғафур Ғулом, Асқад Мухтор, Одил Ёқубов сингари устозларни ҳам ўқисин, қиёсласин. Ёки улар эскирганми? Нима, ўзимиз «янги» бўлиб қолибмизми, қачон? Шошмайлик, бугун ёзилганини эртагаёқ чиқаришга ошиқмайлик. Адабий матн бир-икки қайновда тайёр бўладиган қиём эмас. Адиблик шаънини қадрлайдиган одам эплаб ёзиши керак. Шунда ўзининг ҳам кўнгли хотиржам, китобхон ҳам миннатдор бўлади.
Яқинда «Китоблар олами» дўконига бордим. Очиғи, у ердан асабим бузилиб чиқди. Дўконда чиройли китоблар кўп. Лекин ичини очиб қарасангиз!.. Уларни муаллифидан бошқа биров ўқимаган чиқар. Даъвою иддао, таъриф-тавсиф эса осмонда! Муқова, бе­закларга таҳсин айтмай иложингиз йўқ. Китобхон ҳам шунга ўрганиб қолган. Қайси китоб сиртдан бежирим кўринса, боз устига, «пиар» қилинса, ўшанга ёпишади-кетади. Шу кунгача адабиёт яхшиликни, инсонийликни тарғиб этган, мазлумлар, кўзи ёшлилар ҳимоясида туриб, ҳамиша адолат тарафида бўлган. Аксига олиб у ёвузлик ва зулм тарафига ўтса, бу адабиёт эмас, инсоният таназзулидир.
Яширмайлик, бегонапарастроқмиз: бошқалар зўр-у, биз сал берироқ, уларнинг асарлари яхши-ю, ўзимизники сал мундайроқ. Ўзимизникилар китобини чиқаришга маблағ қидириб юрганида бўлар-бўлмас таржималарни том-том қилиб нашр этиш инсофданмикан? Йўқ, ҳадеб бурун жийиравермасдан, уларни холис назар билан ўқимоқ ва қадрламоқни ҳам ўрганайлик. Қолаверса, улар ҳам биздан таржима қиляптими – тарози паллаларини тенг тутсак, ёмон бўлмасди.

– Устоз, сиз ўқиган мактабдан ўзбек адабиётининг уч забардаст вакили етишиб чиққан: Шукур Холмирзаев, Усмон Азим ва сиз. Эшитишимча, сизларнинг адабиётга меҳр қўйишингизда адабиёт муаллимининг хизмати катта бўлган экан. Шу гапни айтяпман-у, бугун таълим даргоҳларида адабиёт муаллимларининг аксари аёл педагоглар экани хаёлимдан ўтяпти. Оилада мудом тергаб турадиган, қаттиққўл эркак бўлмаса, тарбия издан чиқиши мумкин-ку. Айтмоқчи бўлганим, бугун китобхонлик ва адабиётимизга муҳаббатнинг ҳаминқадарлиги ўша талабчан эркак ўқитувчиларнинг камайиб кетганидан эмасмикан?..

– Биз ўқиган мактабда «Адабиёт» деган журнал, «Адабиёт» деган деворий газета чиқарди. Драматик тўгарак мунтазам фаолият юритган. Бугун мактабларни қўятурайлик, университетларда шундай тўгараклар бормикан?.. Рус тили муаллимамиз дарсдан бўш вақтимизда бизни йиғиб, энди-энди номи чиқа бошлаган шоир Есениндан ­шеърлар ўқиб бериши кечагидек ёдимда. 65-66-йиллардаги гап бу. Қаранг, орадан ярим асрдан зиёд вақт ўтибди. Албатта, бундай муҳит бизда адабиётга ҳавас ва рағбат уйғотгандир. Лекин ўша мактабдан бирорта ҳам ёзувчи чиқмаслиги мумкин эди-да. Барибир инсонга озгина бўлса ҳам юқтирилган бўлиши керак экан. Ўша йиллар Тошкентда машҳур Пионерлар саройи фаолият юритган. Ушбу ошёнда ёзувчи-шоирликка даъвогарлар ҳам таълим олган. Кейинчалик баъзилари «Мен фалончи тўгаракдан чиққанман», деб ҳаммани куйдириб юрган. Эркин Воҳидов ҳам ўша тўгарак аъзоси бўлган. Аммо у киши Пионерлар саройига қатнагани учунгина эмас, Эркин Воҳидов бўлгани учун эл қадрлайдиган шоир бўлиб етишди. Зуваласи фитратда шоирлик билан қорилган экан-да.
Саволингизга қайтсак. Ўқитувчининг аёл ёки эркаклиги унчалик аҳамият касб этмайди. Кўнгилга адабиёт уруғи ташланган бўлса, икки тошнинг орасидан ҳам ёзувчи бўлиб етишаверади. Бошланғич синфда бизни Ёқутой Қосимова деган бир опа ўқитган. Адашмасам, педтехникумни битирган эди. Шу хокисоргина аёл соатлаб эртак айтиб берарди. Катта синфларда ҳам адабиётни севадиган ва китобга эътимод қўйганлардан таълим олганман. Тўғри, бизнинг ўқувчилик йилларимизда эркак ўқитувчилар кўп эди. Сабаби, маош-мояна яхши, обрў-эътибор баланд бўлган. Кейин шу обрў поймол бўлиб, мол-дунё олдинга ўтиб кетди. Мактаб ўқитувчисини оёқ учида кўрсатган кунимиздан таназзул бошланди. Эркак ўқитувчи таълимдан четланиб, тракторчи ёки савдогарлик этагидан тутди, мактаб батамом аёлларга қолиб кетди.
Лекин чинакам истеъдод замона қийлу қолларига парво қилмаслиги ҳам бор гап.

– Ушбу суҳбат баҳонасида миллатимизнинг оғриқли нуқталари тўғрисидаги хулосаларингизни ҳам билгим ­келяпти. Тилимиз том маънода «касал». Бундай чоғда унга бефарқларча муносабатда бўлиш – ўсал ётган онага «ўлсанг, ўлиб кетавер» дейиш билан баробар эмасми? Сизнингча, нима қилсак, тилимиз дағаллашишдан қутулиб, софлик томон силжийди?

– Тилнинг дағаллашуви ёки софлашуви ҳам зеҳниятимизга боғлиқ. Биров она тилимизда гапирайлик, тилимиз софлигини асрайлик деб жон куйдириб турса, бошқа бир «маданий»си чиқиб, ўрисча сайраб турса, тил дағаллашмай нима қилсин?
Биз нимагадир оддийгина нарса-ҳодисаларни ҳам бошқа тилларга мансуб сўзларда ифодалашга ўчмиз. Қадимда ҳар гапга арабий, форсий калима қўшиб гапириш боболаримизнинг илмий тил бўлмиш арабчага, сарой тили саналмиш форсчага яқинроқ бўлгани, халқнинг жўн, жайдари сўзлашув тилидан баландроқ турганини билдирган. Лекин ҳозирга келиб, бу ҳол фазилатдан камчиликка айланди. Биз эса ҳамон ўша баланд ҳаво билан юрибмиз. Гапирган гапимизда ё русча, ё инглизча сўзлар… Миллатнинг каттасидан кичигигача асл сўзларимиз қолиб, ёт, бегона сўзларни пала-партиш, ярим-ёрти қўллаш касалига йўлиққан. Айниқса, кейинги чоқда ижтимоий тармоқларда ўзга тилдан кирган сўз борки, тўғри-нотўғрилигига қарамай, қўллайвериш одат бўлди. Шугиналарнинг ўзбекча ифодасини топиш қийинми? Бодилигимизга заха етади-да, а!.. Бу ҳол бизнинг маданий миллат деган номимизга ярашармикан?!
Мустабидлик даврида тилларнинг ҳуқуқи поймол қилиниб, тақдири хавф остида қолганда авар шоири Расул Ҳамзатов «Агар она тилим эртага йўқолса, мен бугун ўламан!» дея фарёд чеккан эди. Бундан салкам эллик йил олдин мустабид­лик ридосида кўриниш берган бу бало энди қип-яланғоч «демократия» шамойилида муқом қилаётир. Алифбо масаласида-ку қатъий қарорга келишимиз қийинга ўхшайди. Тил тўғрисидаги қонунимизда эса мажбурийликдан тавсиявийлик устун. Яъни бажарсанг ҳам бўлади, бажармасанг ўзинг биласан… Сирасини айтганда, бу борада тилимизга бўлган эътибордан кўра, унинг тақдирига бефарқлик устун келмоқда. Аҳли зиё ҳам ушбу муаммони бир кўтариб, яна жимжитлик гирдобига кириб кетди. Тайин бир иш чиқмагач, ҳадеб ёзавериш, гапиравериш ҳам одамни чарчатар экан-да.
Яна бир оғриқ тишимиз ҳақида гапирсам. Кейинги вақтда тилимизни ўрис­ча сўзлардан тозалай бошладик, аммо ифодамизни ўнглай олмаяпмиз. Ўрисчадан таржима қилиб гапиришга ўрганиб қолганмиз. Истаган газетангизни олиб, таҳлил қилиб кўринг. Йўқ, ўзбек бундай гапирмайди, деган хулосага келасиз. Эскилардан қолган гап бор: шундай қилиқ қилгинки, ўзингга ярашсин. Сўз-ку, майли, чидаса бўлар, лекин ифода ­фикрлаш билан боғлиқ масала ахир! Ифода ўзбекча бўлмаса, фикрлашимиз ҳам ўзбекча бўлмайди. Ўзбек тили бўлмаганда Ўзбекистонни қуролмасдик. Бирор нимага мана шунча жарима белгилансин ­дейилса, эртасигаёқ бажарилади. Она тилинг – бу сенинг асосий белгинг деб қонун чиқарилганига ўттиз йилдан ошибдики, ҳали-ҳамон тўлиқ бажарилгани йўқ. Бу ахир уят эмасми?!

– Устоз, кўнглингизга олманг-у, бугунги жамиятда «Отойининг туғилган йили» қаҳрамонидек яшаб бўлмайди. Чунки қаҳрамонингиз ҳар томонга шох ташлаб, ­ғўддайиб ўсган шолтеракка ўхшайди, жуда беандиша. Замон эса муросани талаб қилади. Қиссага қаҳрамон танлашингизга нима ёки қандай воқеа сабаб бўлган?

– Тўғри айтасиз, ҳар нарсага бировнинг бетига сапчиб, кўнглини оғритаверилса, кимга ёқарди денг! Агар шунақаси қўл остимда ишласа, бугуноқ ўзим ишдан ҳайдаган бўлардим-ов. Олдингизга кириб, нега бугун костюм-шим киймадингиз, нега галстук тақмадингиз дея тирғалиб, шартакилик қилиб турса!..
Ушбу образдаги ноҳақликка қарши исён, адолатсизликка нисбатан муросасизлик жиҳатлари ўша замон кишисида бўлишини хоҳлаганман шекилли-да. Чунки у вақтларда муҳит ёлғонга тўла эди. Кўнгилдагини баралла ифодаламоққа эса ҳамманинг ҳам журъати етмайди. Айниқса, замон кўтармаса…

Муроджон РАҲМАТОВ
суҳбатлашди