ёхуд ўттиз йиллик тажрибага эга ўқитувчи нимадан норози?
Косонсой туманидаги 6-умумтаълим мактабида 30 йилдан зиёд вақт мобойнида математика фанидан дарс бериб келган олий тоифали ўқитувчи Воҳидхон Маматовни бугун кўпчилик яхши танийди. У дарс ўтиш усули, ўқувчиларини фанга қизиқтира олиш услуби билан ҳам касбдошларидан ажралиб туради.
2018 йилда туманда янги очилган 2-сонли академик лицейга ишга кирган Воҳидхон Маматов бунгача олий тоифага эга устоз мақомини олган эди. У охирги маротаба олий тоифасини ҳимоя қилиш учун 2017 йил аттестациядан энг юқори баллар билан ўтган. У ишлаб турган академик лицей 52-сонли давлат ихтисослашган мактаби мақомига эга бўлгани, мутасаддилар чиқарган бир йилги қарор иккинчисини инкор қилиши сабабли бугун устоз олий тоифасидан, асабийликлар оқибатида соғлиғидан ҳам айрилиб ўтирибди.
– Воҳидхон Маматов ишлаб турган ушбу ўқув даргоҳи 2019 йилдан 52-сонли давлат ихтисослашган умумий ўрта таълим мактабига айлантирилган, – дейди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Косонсой тумани кенгаши раиси Алижон Сиддиқов. – Мактабга умумий ўрта таълим мактабларидан фарқли равишда ихтисослашган мактаб мақоми берилгач, табиийки, дарс берадиган устозларнинг ҳам тоифаси олий бўлиши керак-да! Аммо номукаммал чиқарилган қарорлар туфайли мактабнинг яна саккиз нафар олий тоифали ўқитувчиси мутахассис тоифасига тушириб қўйилган.
Бу ўринда эътибор берилиши керак бўлган қизиқ жиҳат шундаки, умумий ўрта таълим мактаблари ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқитувчиларининг малака тоифаларини аттестациядан ўтказадиган ва уларга билимига қараб малака тоифаси белгилайдиган ташкилот битта, у ҳам бўлса, Давлат тест маркази! Аммо улар берадиган тоифа сертификатларининг амал қилиш муддати икки хил. Ўрта махсус таълим муассасалари ўқитувчилари сертификатларининг амал қилиш муддати уч йил, умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари малака сертификатларининг амал қилиш муддати эса беш йил қилиб белгилаб қўйилгани номаълум?!
Ушбу муаммо нафақат Косонсой туманида, балки бутун республика миқёсида мақоми «Академик лицей таълими» йўналишидан «ихтисослашган умумий ўрта таълим мактаби» тизимига айлантирилган таълим муассасаларида мавжудлигини инобатга олиб, ушбу юқори малакали ходимлар учун навбатдаги аттестация жараёнини кутиб ўтирмасдан 2021 йил ноябрь ойида навбатдан ташқари аттестация ўтказилиши мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, юқоридаги ўқитувчиларнинг малака тоифаларини 2021 йил сентябрь ойидан тиклаб, ойлик маошларидаги фарқ тўлаб берилса, адолатдан бўларди. Бу борада касаба уюшмалари ходимлар манфаатлари ҳимояси учун курашишга доим тайёр.
Маълумот ўрнида:
Ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз малака тоифасидан айрилган ўқитувчига мутассаддилар қуйидагича тушунтириш беришган:
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 апрелдаги 107-сон қарорида ҳам (14.05.2019 йилдан ўз кучини йўқотган), Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 392-сонли қарори билан тасдиқланган Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда ҳам таълим муассасалари педагог кадрларининг малака тоифалари ёки лавозимлари ушбу таълим муассасаларининг бир туридан бошқасига ишга ўтганда сақланиши белгиланган.
Тушунишимизча, бунда сизда ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Яъни, сиз академик лицейдан мактабга ўтганингизда малака тоифангиз сақланган.
Асосий муаммо бунда муддатлар масаласида бўляпти, шундайми?
107-сонли қарорга мувофиқ, аттестация 3 йилда бир маротаба ўтказилиши белгиланган эди. Яъни, бунда ходимнинг малака тоифаси уч йил давомида амал қилади.
392-сонли қарорда эса аттестация 3 йилда бир маротаба ўтказилиши белгиланган. Сиз мурожаатингизда 107-сонли қарор амалда бўлган вақтда аттестациядан ўтганингизни айтяпсиз.
Шундай экан, 392-сонли қарордаги 5 йиллик муддат сизга нисбатан қўлланилмайди. Чунки норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.
Бу Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонуннинг 31-моддасида белгиланган. Норманинг мазмунига кўра 13.05.2019 йилда кучга кирган 392-сонли қарор шу кундан бошлаб қўлланилади. Яъни, ундаги 5 йиллик муддат ушбу санадан олинган малака тоифаларига нисбатан татбиқ этилади.
Хулоса қиладиган бўлсак, сиздаги малака тоифасининг амал қилиш муддатига 107-сонли қарордаги 3 йиллик муддат қўлланилади.
Орзугул Рустамова,
«ISHONCH»
