Кўкшийел қишлоғи Бўзатов тумани марказидан 35 километр узоқликда жойлашган. Ҳудуд ҳар бирининг орасидаги масофа 5-6 километрга тенг бўлган Сариқ оймаут, Тийра оймаут, Добал, Хўжалик маркази, Орқадаги овул ва Қумовул каби кичик аҳоли яшаш пунктларидан иборат.
Қишлоқ аҳли бу гўшада тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилмагани туфайли машаққатлар гирдобида қолиб кетмоқда. Боиси бу ерда қишлоқ врачлик пункти (ҚВП) йўқ. Оқибатда баъзи кишилар пиёда, айримлар эса транспортда 15-20 чақирим наридаги Эркиндарё марказида ишлаб турган оилавий поликлиникага қатнаб муолажа ёки вакцина олмоқда. Туман марказидан «Тез ёрдам» чақиртирилса, масофа узоқлиги ва йўллар абгорлиги сабаб бир-бир ярим соатда, гоҳида икки-уч соатда етиб келади.
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ушбу ҳолат бўйича берган маълумотига қараганда, ҳудудда 2017 йилгача ҚВП фаолият кўрсатган. Кейинчалик бино яроқсиз ҳолга келиб қолгани сабабли оптимизация қилинган. Ўшандан буён маҳаллий аҳоли олис жойлардаги соғлиқни сақлаш муассасаларига қатнашга мажбур.
Вазирлик аҳоли мурожаатлари юзасидан Кўкшийелда ҚВП қуриш бўйича таклифлар берилганини ва у 2022 йилнинг иккинчи чорагида фойдаланишга топширилишини айтмоқда. Бу демакки, муаммо амалда ижобий ечим топмагунча одамларда ҳаловат бўлмаслиги аниқ.
Тўғри, Бўзатовга ўтган йили туман мақоми берилгач, ҳудудда анча-мунча бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Айрим аҳоли пунктлари қайтадан табиий газ таъминотига уланиб, ички йўллар тартибга келтирилди, ичимлик сув тармоқлари тортилди. Бундай ўзгаришлар Кўкшийелда ҳам сезилди. Хусусан, иккита умумий ўрта таълим мактаби капитал реконструкция қилиниб, Орқадаги овул аҳоли пунктида бошланғич таълим мактаби қурилди.
Аммо аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни намунали йўлга қўйиш, болалар боғчаси барпо этиш, телефон алоқасини яхшилаш ва оқова сув тармоқларини янгилаш ишлари жуда суст олиб бориляпти.
Мутасаддилар бунга нима дер экан? Ҳудуд аҳли даво учун қачонгача овул ошади?
Есимхон ҚАНОАТОВ,
«ISHONCH»
