Бепарволик «пандемияси»

753

Автоҳалокатлар… Йилига минглаб инсонлар ҳалок бўляпти. Уларнинг орасида ёш болалар, навқирон йигит-қизларнинг борлиги кишини чуқур қайғуга солади.

Биргина ўтган йили юртимизда 6982 та ЙТҲ содир бўлган. Тўқнашувлар оқибатида 1962 киши вафот этган. Жорий йилнинг 4 ойи давомида болалар иштирокидаги ЙТҲ сони 25,3 фоизга, уларда ҳалок бўлган болалар сони 64,5 фоизга ошган.
Ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган норасида болалар, йигит-қизлар ҳам бевақт ўлим топаётгани кишини оғир ўйга солади.
ЙТҲларнинг 75 фоизга яқини ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини қўпол тарзда бузиши оқибатида келиб чиқади. Тезликни ошириш, йўл белгиларига эътиборсиз бўлиш, қарама-қарши йўлакка ўтиб олиш ва автомобилни маст ҳолда бош­қариш ҳар доимгидек қоидабузарликнинг янада хавфли кўриниши бўлиб қолмокда. Шунинг­дек, йўлларнинг яроқсизлиги, машиналарнинг носозлиги ҳам бунга сабаб бўляпти.
Тадқиқотларга қараганда, биргина тезликни ошириш ЙТҲ эҳтимоли ва унинг оғир оқибатлари билан бевосита боғлиқ. Мисол учун, ҳаракат тезлигининг бир фоизга ошиши натижасида йўл ҳаракати иштирокчилари ўлими билан тугайдиган ЙТҲ эҳтимоли 4 фоизга ортади. Машина уриб кетиши натижасида пиёдаларнинг ҳалок бўлиши эҳтимоли ҳам кес­кин ортади. Ўртача тезликни атиги 5 фоизга камайтириш орқали ўлим билан якун топадиган йўл˗транспорт ҳодисаларини деярли 30 фоизга камайтириш мумкин экан. Қолаверса, ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан, таниш-билишлар ёки пора эвазига олиш ҳам ЙТҲ сонининг ошишида асосий сабаблардан биридир. Жумладан, ҳозир республикамизда 1300 та ҳайдовчиликка ўқитадиган автомактаб бўлиб, уларнинг кўпчилиги хусусий. Хусусан, ўтган йилда автомактабларни тамомлаган 102 минг киши ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун имтиҳон топширган. Улардан 54 минг нафари биринчи имтиҳондан ўтолмаган. Демак, 2-3 ойлик ўқиш ҳаминқадар бўлган.
Автомактабларда ҳайдовчиликка ўқитадиган малакали ­кадрлар етишмайди. Шунингдек, хусусий автомактабларнинг аксариятида автомобиль бошқаришни ўргатадиган автойўлак­лар мавжуд эмас. Бу эса йўлларда киши билмас минглаб «қотиллар» изғиб юрибди дегани. Маст ҳолда рулга ўтириш ҳам кейинги пайтларда кўрилган чора-тадбирлар натижасида камайган бўлса-да, бутунлай барҳам топганича йўқ. Ана шу омил ҳам юзлаб кишилар ҳаётига нуқта қўйилишига сабаб бўлмоқда.
Мамлакатимизда йўл ҳаракатини тартибга солиш учун тизимли ишлар қилинмоқда. Аммо натижа унчалик сезилмаётгандек. Биргина ечим – қачонки жамиятнинг ҳар бир аъзоси мавжуд ҳуқуқий меъёрларга қатъий амал қилишни ўзининг асосий вазифаси деб билсагина юқоридаги ҳолатлар ўз-ўзидан барҳам топади.

Жамшид ХУРСАНДОВ,
Жиноят ишлари бўйича Денов тумани суди судьяси