«Пойабзал»ни ечишни унутманг!

807

Айтишларича, бекорчи гап-сўз, ғийбат, иғво рўзғордан баракани кўтарар экан. Кун бўйи меҳнат қиладиган инсоннинг беҳуда гап-сўзларга вақти бўлмайди. Аксинча, эртадан кечгача гап сотадиганлар ишлашга вақтни қайдан топсин?

Энг қизиғи, эндиликда ижтимоий тармоқлардаги умуман тош босмайдиган ҳар хил хабар ва воқеа-ҳодисалар ҳам қимматли вақтимизни ўғирлаяпти. Аслида уларнинг фойдасидан кўра, зиёни кўп.
Яқинда бир танишим ишга жойлашиш учун суҳбатдан ўтибди. Ташкилот раҳбари: «Фейсбук», «Телеграмм» ва «Тик-ток»ларга муносабатингиз қандай, қизиқасизми?», деган саволни ҳам берибди.
«Йўқ, буларга вақтим йўқ», деган жавобни эшитган раҳбар «Агар ростдан ҳам шундай бўлса, ишга қабул қилиндингиз», дебди.
Таъбир жоиз бўлса, қулоққа чалинган беъмани гапларга чалғиш – кўчада оёқ кийим ­чангланганидек, фикрни ҳам «чанглатади». Яъни, кўча-кўйдаги бўлмағур гаплар билан уйга кирсангиз, чанг туфли билан хонадонга кирган бўласиз.
Шундай экан, хонадонимдан файз-барака аримасин десангиз, уйга киришдан олдин «оёқ кийим»ни ечиш ёдингиздан чиқмасин.

Анваржон ҲАЛИМОВ,
журналист