Эрлар андишани унутмоқдами?

965

Кўпдан буён кузатиб юрганим шуки, ён-веримизда руҳни емирадиган ҳодисалар кўпаймоқда. Инсонларнинг феъл-атвори ўзгармоқда.

Биз эса бунга билар-билмас кўникяпмиз. Замон тақозоси дея баъзан бефарқлик балосини юзимизга ниқоб қиляпмиз. Олдинлари атрофимиздаги воқеа­лардан хулоса чиқарар эдик. Ҳозир эса акси: кўз кўрадию, шуур сезмайди, қулоқ эшитадию, қалб титрамайди.
Очиғини айтсак, ўғил отага ўртоғидек муносабатда, йигирма йил бир рўзғор аравасини тортган эр-хотин бир-бирига бегона, қизлар туққан онасини тушунишни хоҳламайди, эрлар эрлигини, аёллар аёллигини унутмоқда, гўё…
Шукрки, «маҳалла», «халқ», «эл», «қўни-қўшни» деган тушунчалар оёғимизга чирмовуқдай ёпишаётган иллатларга озми-кўпми қалқон бўлмоқда.
Ана шундай иллатларга бўй бераётган бир-икки жиҳатлардан шингилгина сўзламоқчимиз.
Яқинда қўшни амаки янги машина олди. Маҳаллага ош берди. Ёру-дўстлар йиғилди. Ҳамманинг димоғи чоғ. Машина ҳам даҳшатидан… «иномарка». Кўнгил билан илғанган жайдари хулосамга кўра, пулига ­Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган машиналардан икки ёки учта олса бўлади.
Айтмоқчи бўлганим, амакининг шуғулланадиган бирор касб-кори йўқ. Маҳалладаги тўйларга қатнашиб, уйда фарзандлари ва келинларига бош-қош бўлиб юради.
Ўша куни йиғин тарқаб ҳамма уй-уйига тарқалаётган вақти маҳалланинг кекса отахонларининг бири амакига тегишиб:
– Бой, машинани олиб яхши қилибсиз. Аммо кичик ўғлингизнинг уйланиш вақти етяпти. Шу катта ўғлингизга уй олганингиз маъқул эмасмиди? – дея сўз қотди.
Амаки ҳам барча меҳмонни оғзига қаратганча:
– Биласиз, келинингиз хорижда «соққани қиляпти». «Кўк»идан жўнатиб турса, уй ҳам оламиз, кичкинани ҳам уйлантирамиз. Давримиз борида «иномарка» минсак, минибмизда, – деди илжайиб.
Бу гапдан андишали меҳмонлар мум тишлади.
…Афсуски, бундай машмашалар кундан-кун кўпайиб бормоқда. Ва, энг ачинарлиси, озми-кўпми кўпчиликка ҳам таъсирини ўтказмоқда.
Бир сафар бобом онамнинг бозор-ўчар қилиб келганини кўриб, отамни роса уришгани ёдимда.
– Йигит кишида андиша бўлиши керак. Ақли бор, билаги кучга тўла эр, ҳеч замонда, хотинини бозорга жўнатадими? Уят, сендай беш боланинг отасига! Андиша деган нарса борми сенда? – дея отамни мулзам қилганди.
Ўша воқеадан кейин онам­нинг бозорга тушганини кўрмадим. Аммо ўша сабоқ кўнглимиздан чуқур жой олганиданми амакининг айтган сўзларию, қилаётган амали юрагимга ботиб кетди.
Шу каби ҳолларни кўрар эканман, бир савол қалбимни безовта қилади. Биз қачон ва не сабаб бунчалар ўзгариб кетаяпмиз? Нега андишани унутмоқдамиз?

Муроджон РАҲМАТОВ