Назарий билим амалиёт билан бирга олиб борилсагина у ўз натижасини кўрсатади. Бироқ кўп ҳолларда зарур технологияларнинг етишмаслиги сабабли талабалар фанни тўлақонли ўзлаштиришга қийналади. Эндиликда эса мазкур муаммога ечим топилган. Гап шундаки, талабалар шаҳарчасида ИННО Инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопарки ишга туширилган бўлиб, бу маскан “Ўқийман, изланаман, янгилигимни ихтирога айлантираман” деган ёшлар учун беқиёс имкониятлар масканидир.
Энг замонавий илғор технологиялар билан жиҳозланган уч қаватли мазкур технопаркда робототехника, энергетика, электротехника ва биотехнология йўналишларида фаолият юритиш учун барча зарур шароитлар яратилган. Технопаркнинг биринчи қаватидан ишлаб чиқариш цехида ишлаб чиқариш саноатида қўл келадиган маълум бир дастур ёрдамида мураккаб ишларни бажарадиган технологиялар ўрин олган. Жумладан, электросет корпусларини плазмали ва алоқа (контактли) кесиш дастгоҳлари ёрдамида пайвандлаш ишларини олиб бориш мумкин. Шунингдек, дастурланган механизм орқали автомобил эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Авваллари 1 см. қалинликдаги лист металларини арралаш учун ҳам куч, ҳам вақт сарфланарди. Эндиликда махсус агро лазер кўмагида ушбу машаққатли вазифани атиги сониялар ичида бажариш мумкинлиги кишини қувонтиради. Бундан ташқари, технопарк цехида пайвандлаш, электроэрозия, ёғоч ва пластмассага ишлов бериш, стартап хоналари ва лабораториялар мавжуд.
CleanBox стартапи асосчиси Султон Абидов янги технопарк ҳақида шундай дейди:
–Ушбу технопарк бизни маҳсулотлар қисмларини ишлаб чиқариш ва буюртма бериб, навбат пойлаш каби ноқулай вазиятлардан халос қилди. Ихтирочи ҳар доим ўз ишланмасини янада мукаммал даражага етгунича изланиши ва тадқиқотлар олиб бориши зарур. Масалан, ҳаво тозалайдиган микроб, бактерия ва вируслар, ҳатто ёқимсиз ҳидларни ҳам сўриб оладиган “Аir box” маҳсулотимиз аввал тугмача ёрдамида бошқариларди. Эндиликда уни сенсор ёрдамида ишга тушириш мумкин. Ҳозир уни тўлақонли ишга тушириш устида иш олиб бормоқдамиз. Шунингдек, махсус датчик ёрдамида мазкур ишланмага ускунага яқинлашган инсоннинг юрак урушини ўлчаш каби амалиётларни жорий этишни кўзламоқдамиз. Тез кунда бу маҳсулот бозор расталаридан ўрин олади. Янги технопаркнинг ташкил этилиши бундай изланишларимиз учун айни муддао бўлди.
Технопаркнинг юқори қаватларидан ўқув ва коворкинг хоналари, робототехника, стандартлаштириш, спорт заллари, маъмурият, кутубхона ва офислар ўрин олган. Технопаркдаги стандартлаштириш хонаси янги лойиҳани сотиш ва стандартлаштириш каби жараёнлар учун ўта муҳим амалиёт саналади. Дейлик, ёшлар томонидан ишланган ишланмалар прототип ҳолатига олиб келинса, стандартлаштириш хонасида текширувдан ўтказилади.
–Маълумки, инновацион ғоялар, асосан, ёшлар томонидан яратилади. Талабалар шаҳарчасида 50 мингдан ортиқ ёшлар бор. Уларга ўқув ва ишлаб чиқариш ҳамда университетда қўллаётган назарий билимларини амалиётда қўллашга ёрдам бериш асосий кўзлаган мақсадларимиздан биридир. Фанни токи амалиётда қўллаб кўрмас экансиз, уни тушуниш ва ўзлаштириш қийин кечади, – дейди Инновациялар Миллий офиси бош директор ўринбосари Акбархон Собирхонов.
–Технопарк қўлларида тайёр ишланмаси бўлган талаба-ёшлар, тадқиқотчилар, олимлар ва профессорлар учун ўз тажрибаларини синовдан ўтказишга имкон беради. Механик ишлов бериш, турли металлар ва пресс қилиш саноатида қўлланиладиган технологиялар мавжуд. Креативлик бор муҳитда янгиликлар яратилаверади. Маҳсулот прототипини яратиб, унга шакл бериб, ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар ва лойиҳа инвесторларига кўрсатиш учун ҳам ушбу масканнинг ишга туширилиши ниҳоятда зарур эди,– дейди Тошкент Давлат Техника университети Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проектори Шерзод Неъматов.
Ёшларнинг лойиҳаларини амалиётга татбиқ қилишда бир қанча муаммолар бор эди. Эндиликда инновацион технопарк ёшларимиз, олимлар ва тадқиқотчиларимиз учун барча шарт-шароитларни яратмоқда.
Технологиялар етишмаслиги сабаб етук ва малакали кадрларни тайёрлаш мушкул эди. Эндиликда ушбу янги технопаркда Янги Ўзбекистоннинг тегишли соҳалари учун керакли кадрлар тайёрланади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ҳар йили илм-фан тараққиётига хизмат қиладиган лойиҳалар учун турли грантлар ажратилади, стартап лойиҳалар танловлари эълон қилинади. Уларга қандай ҳужжат топшириш ва шакллантириш борасида алоҳида менторлар томонидан кўрсатмалар берилади ва йўл-қўриқлар кўрсатилади, – дейди Инновациялар Миллий офиси бош директори Акбархон Собирхонов. –Технопаркда, ҳали ҳеч қаерда ўрнатилмаган тизим – давлат хизматлари учун махсус хона ҳам бор. Яъни, эндиликда технопаркда банк, давлат хизматлари маркази, интеллектуал мулк агентлиги филиаллари ҳам фаолият кўрсатади. Ана шу давлат идоралари хизматлари ёрдамида бинодан ташқарига чиқмасдан туриб, янги корхоналар ташкил этиш мумкин.
Севара НОРБЎТАЕВА
