Муаммолар ечимини топаётир

976

«Аёллар дафтари» юритила бош­лагач, пастдарғомлик аёллар муаммоси ўрганилганда, 17 нафар аёл ўз фарзандини Меҳрибонлик ­уйига топширишга мажбур бўлгани аниқланган эди. Бундан ташқари, болалар уйида воя­­га етган йигирмага яқин чин етимларнинг борар жойи йўқлиги ҳам маълум бўлган. Оғир аҳволга тушиб қолган қирқ нафардан зиёд аёл эса бошпанасизликдан қийналаётган эди.

Муаммо кўлами катта бўлса-да, туман ҳокимлиги ва пастдарғомлик тадбиркорлар ҳудуд шаъни учун белни қаттиқ боғлашди. «Пахтакор» маҳалла фуқаролар йиғинидаги «Янги ҳаёт» массивидан жой ажратилиб, 44 та уйга пойдевор ­қўйилди.
– Жорий йилнинг май ойида ­бошланган бунёдкорлик ишлари қарийб икки ойда ниҳоясига етказилди, – дейди Пастдарғом тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бош­лиғининг биринчи ўринбосари Дилафрўз Навбатова. – Янги хонадонлар «Аёллар дафтари»га киритилган, оғир ижтимоий ҳолатга тушиб қолган, ҳаётда адашган, боқувчисини йўқотиб, уйсизлиги боис фарзандларини Меҳрибонлик уйларига топширишга мажбур бўлган аёлларга мутлақо бепул (ҳеч қандай тўловларсиз) расмийлаштириб берилди.
Уй-жойсиз қолиб, ҳаётдан умид­лари сўна бошлаган аёллар бугун янги массивдаги шинам хонадонларда яшашмоқда. Она меҳрига зор ва интиқ бўлган 36 нафар қоракўз эса ўз оиласи бағрига қайтди.
– Ҳаёт синовларига дош бериб, турли жойларда ижарада яшадик. тўрт нафар фарзандли бўлганимда оиламиз пароканда бўлди. Болаларим билан кўчада қолдим. Тайинли бош­пана бўлмагач, уларнинг барчасини болалар уйига топширишга мажбур бўлдим, – дейди Очилтош Отауллаева. – Ёлғизлигимдан, фарзандларим бағримда эмаслигидан дилим вайрон бўларди. Ана шундай ўз ёғимга ўзим қовурилиб юрган пайтимда ишчи гуруҳ ­аъзолари шароитимни ўрганиб, мени ҳам «Аёллар дафтари»га киритишди. Кўп ўтмай замонавий, янги уй-жойнинг калитини топширишларини айтишганида қулоқларимга ишонмадим. Янги уйга кўчиб ўтгач ҳам анча вақтгача «бу тушимми, ўнгимми?», дея ўйланиб юрдим… Ҳозир фарзанд­ларим бағримда. Янги уйимиз бепул жиҳозлар билан тўлдириб берилди. Оддий рўзғор буюмларидан тортиб, телевизоргача бор… Барчаси учун ташаккур айтаман!
Мавжуда Эшназарова тўрт нафар фарзандининг иккитасини болалар ­уйига топширган эди. У қўлида қолган икки нафар фарзанди билан не кунларни кўрмади, дейсиз. Пастдарғом ва Самарқанддан иш қидирди. Шаҳардаги кўп қаватли уйлар ертўлаларида ҳам яшаб юрди. «Аёллар дафтари» унинг ҳам жонига оро кирди. У ҳам янги массивда бунёд этилган уйлардан бирининг соҳибасига айланди.
Пастдарғомда «Аёллар дафтари» туфайли оғриқли муаммолар шундай ечим топмоқда.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«ISHONCH»