Паркент туманининг «Истиқбол» маҳалласиДАГИ Алишер Навоий кўчаСИда жойлашган икки қаватли уйлар 2016-2019 йиллар оралиғида қурилиб, ўз эгаларига топширилган.
Лойиҳага биноан мазкур хонадонларда аҳоли учун барча қулайликлар, хусусан, яшил зона, болалар ўйингоҳи, тандир-ўчоқ кабилар бўлиши керак эди.
Аммо лойиҳа ҳамон қоғозларни безаб турибди. Маҳалла аҳли ҳудудни ободонлаштириш масаласида бир неча бор туман мутасаддиларига мурожаат қилган.
Тўғри, аҳолининг шикоятидан сўнг ўтган йили уйлар оралиғидаги йўлакларга асфальт ётқизилди. Аммо шу иш ҳам қўл учида бажарилди. Жумладан, йўл бўйидаги бетон ариқлар шу даражада масъулиятсизлик билан ўрнатилганки, беихтиёр, буни усталар ўрнатганми ёки ҳавасмандлар, деб ўйлаб қоласан… Негаки, унда сув юришига умуман имкон йўқ. Қолаверса, ариқлар марказий қувурга уланмаган…
Яшил масканга қолдирилган жой эса ҳамон асл ҳолича турибди…
Шу ўринда аҳолининг ўзи мазкур ишларни қилса ҳам бўлади-ку, деган фикр хаёлдан ўтиши табиий. Аммо улар учун кредит, коммунал тўловларнинг ўзи ҳам етиб ортади. Бунинг устига кўчиб кирган куниданоқ мендан кетгунча, эгасига етгунча қабилида бунёд этилган хонадонларининг кам-кўстини ямаб чарчашяпти…
Хуллас, маҳалла аҳли ҳудуднинг ободонлаштирилиши, дов-дарахтлар экилиши, яшил зоналар, болалар майдончаси, автотураргоҳ бунёд этилиши, ариқлардан сув оқишидан умидвор…
Ўз-ўзидан савол туғилади: мазкур масала қачон ечимини топади?
Абдулла АҲМЕДОВ
