Болалигимдан адабиётга, китобга дўстман, Ёзувчилар, шоирлар ҳаётига қизиқаман. Шу боис бўлса керак, Тошкентда Адиблар хиёбони очилганида пойтахтлик тенгдошларимга ҳавас қилганман. Хиёбон марказида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси биноси борлигини эшитгандим. Хаёлимда бу хиёбонда шоирлар кезиб юришар, суҳбатлашар ва шеърлар ўқишарди…
Балки шу хаёллар мени Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига етаклагандир. Ўқишга кирдим. Талаба бўлдим. Тошкентга келиб, биринчи навбатда, Адиблар хиёбонига боришни ният қилган эдим. Дарслар бошлангач, шу ниятни амалга оширишга киришдим.
Сентябрнинг фараҳбахш кунларидан бири. Метродан чиқиб, хиёбон томон йўл олдим. Абдулла Ориповнинг «Йиллар армони» шеъри менга ҳамроҳлик қилди. Мана, ўша орзулаганим хиёбон. Фақат расм ва видеолавҳаларда кўрган манзилгоҳни илк маротаба ўз кўзим билан кўриб турардим.
Хиёбонга ҳаяжон билан кирдим. Адиблар руҳиятини ҳис этмоқни бошладим ҳам. Ёд олган шеърларим тасвирини, ўқиган китобларим қаҳрамонларини айнан шу ердан топишга бўлган ишонч бор эди қалбимда. Бироқ…
Йўлаклар бўйидаги ўриндиқларда йигит-қизлар ҳеч кимдан хижолат чекмай, бир-бирини қучганча ўтирарди. Хиёбон «севишганлар» билан тўла Бирон бўш ўриндиқ йўқ. Ҳатто, ўтлоқ усти ҳам бу «тирбандлик»дан мустасно эмас. Ёши катта ёзувчи-шоирлар (менимча) кўзларини ерга қадаб, индамай ўтарди улар олдидан.
Бирдан қалбим ҳувиллаб қолди. Фақат саволлар ўйнарди хаёлимда: наҳотки, ёш авлоднинг тақдири уларга, бизга, сизга қизиқ эмас?! Нега шундай улуғ масканда беҳаё қилиқлар қилиб ўтирган бу «адабиёт ихлосмандлари»га ҳеч ким танбеҳ бермайди? Кўрса-да, кўрмаганликка олиб ўтишлар нега?
Ёшлар-чи?.. Улар нега бу қадар ҳаёсизликни ўзларига эп билишмоқда. Мен аниқ биламан: улар адиблардан бирини кўрсатиб, кимлигини сўрасангиз, айтиб беролмайди.
Хиёбондан кўнглим ҳувиллаб қайтдим. Мен орзу қилган Адиблар хиёбони шу эдими ёки…
Диёра МИСРАЛИЕВА,
талаба
