«Ishonch» газетасининг шу йил 5 августдаги сонида чоп этилган «Етимнинг ҳақи» сарлавҳали мақолада қайд этилган ҳолатлар Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг қарздор Ў.Исомиддиновдан ундирувчи Г.Мақтаганова фойдасига 12 миллион сўм маънавий ва 6,9 миллион сўм моддий зарар ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича собиқ суд департаментининг Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан ижро иши юритилган.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари жараёнида қарздорнинг хонадони кўздан кечирилиб, олтиндан ишланган бир дона аёллар узуги ва бир жуфт зирак ўрнатилган тартибда хатланиб, 1 миллион 18 минг 800 сўмга баҳоланган ҳолда сотувга қўйилган. Сотувдан тушган пул маблағлари ундирувчи Г.Мақтагановага почта алоқа бўлими орқали юборилиши таъминланиб, собиқ суд ижрочисининг 04.09.2015 йилдаги қарорига кўра, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 40-моддаси 1-қисми 3-бандига асосан ижро иши юритуви тамомланган.
Кейинчалик юқорида қайд этилган суднинг 06.01.2016 йилдаги қарздор Ў.Исомиддинов ва Г.Исомиддиновалардан солидар тартибда ундирувчи Г.Мақтаганованинг фойдасига жами 18,9 миллион сўм миқдорида моддий ва маънавий зарар ҳамда ундирувчи Г.Мақтаганованинг фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди вояга етгунга қадар моддий таъминот ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари бўйича бюронинг Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан ижро иши юритилган.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари жараёнида қарздорнинг мулкий аҳволини ўрганиш мақсадида ваколатли органларга сўровномалар юборилиб, олинган жавоб хатларига кўра, унга тегишли ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулк мавжуд эмаслиги аниқланган ҳамда қарздорларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган.
Ижро ҳаракатларини амалга ошириш давомида жами 763 минг сўм моддий ва маънавий зарар ундирилиши таъминланган.
Мазкур ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида қарздорнинг даромадлари ва мол-мулкларини қидириш юзасидан давлат ижрочиси томонидан қонун доирасида кўрилган барча чоралар натижасиз бўлгани сабабли 03.12.2019 йилда ижро ишини юритиш юқоридаги қонуннинг 40-модда 1-қисмининг 3-бандига асосан тамомланиб, моддий ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати ундирувчига қайтарилган.
Мазкур ҳолат келгусида ижро ҳужжатини юқорида қайд этилган қонуннинг 27-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган муддат доирасида бюронинг тегишли бўлимига қайтадан ижрога топшириш учун тўсиқ бўлмаслиги маълум қилинган.
Шунингдек, қарздорлардан ундирувчи Г.Мақтаганованинг фойдасига жами 31,9 миллион сўм миқдорида моддий таъминот пуллари ундириб берилган бўлиб, ҳозир бу борада ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мурожаатни кўриб чиқиш мобайнида жорий йилнинг 5 сентябрь куни ҳолатига қарздорлардан 733 минг сўм миқдорида моддий таъминот пуллари ундириб берилиб, бу ҳақда ундирувчига маълум қилинди.
Фуқаро Г.Мақтаганова билан олиб борилган суҳбат жараёнида у алимент ва моддий таъминот ундируви бўйича эътирози мавжуд эмаслигини маълум қилди.
Бундан ташқари, мақолада қайд этилган ва ҳозир бюро органлари иш юритувида бўлган ижро ҳужжатлари ижроси алоҳида назоратга олинди.
Шунингдек, бюро марказий аппарати ҳамда Самарқанд вилояти бошқармаси масъул ходимлари томонидан Г.Мақтаганова билан доимий алоқа ўрнатилиб, унга ижро ҳужжати бўйича тегишли тушунтиришлар берилди.
«Ishonch» газетасида чоп этилган ва бевосита бюро органлари фаолиятига боғлиқ бўлган мақолаларда кўрсатилган ҳолатларни ўрганиб бориш масаласи алоҳида назоратга олинди.
А.Арзиев,
Бош прокуратура ҳузуридаги
Мажбурий ижро бюросининг
Фуқаролик ишлари бўйича судлар
ҳужжатларини ижро этиш бўлими бошлиғи
